АҚШ Россиянинг Украинадаги тажовузи бўйича трибунал тузишга чақирди

Жаҳон 12:36 / 29.03.2023 3499

Вашингтоннинг фикрича, трибунал кенг халқаро ёрдамга эга бўлиши ва Украинада эмас, балки Европа давлатларидан бирида жойлашган бўлиши керак.

Қўшма Штатлар ўз ишида Украина қонунчилигига амал қиладиган Россия агрессияси бўйича халқаро трибунал ташкил этиш тарафдори. Бу ҳақда 28 март, сешанба куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Ведант Пател маълум қилди. «АҚШ Украинага қарши босқинчилик жинояти бўйича халқаро суд шаклида махсус трибунал ташкил этилишини қўллаб-қувватлайди, бу суд Украинанинг халқаро элементларга эга ҳуқуқий тизимига асосланиши керак», деди у журналистларга.

Пателнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар трибунал кенг халқаро қўллаб-қувватловга, айниқса европаликлар томонидан эга бўлиши ва «идеал ҳолда» Украинада эмас, балки Европа давлатларидан бирида жойлашган бўлиши керак, деб ҳисоблайди. 

Аввалроқ, бундай трибунал ташкил этилишини АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд изоҳлаган эди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар трибуналга ўхшаш механизм жорий йилнинг ёзигача яратилишини кутмоқда. 

2022 йил ноябрида Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини текшириш учун махсус трибунал яратиш таклифини Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билдирганди. Ўшанда у ушбу орган БМТ шафелигида ва ЕИнинг энг яқин ҳамкорлари кўмагида тузилиши кераклигини таъкидлаган. 

Кўпроқ янгиликлар