Украинада урушнинг иккинчи йили кетмоқда. Қонли ҳарбий ҳаракатлар чўзилиб кетгани ва адоғи кўринмаётгани сабаблари яхши тадқиқ этилган. Аммо урушнинг иккинчи йили охиргиси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга аниқ жавоб мавжуд эмас. Агар ҳарбий ҳаракатларнинг ҳозирги динамикасидан келиб чиқилса, можаро боши берк кўчага кириб қолиши ва музлатилиши керакдек. Аммо, биринчидан, томонлар ёки томонларнинг бири юзага келган ҳолатда чиқиш йўли йўқлигини англаётгани факт эмас. Иккинчидан, вазият бир йил ичида кескин ўзгариши мумкин. Томонларнинг исталган бирида тўлиқ ғалабага эришиш имкони бўлиши даргумон, лекин икки томон ҳам можарони ўзи учун муваффақиятли якунлашга умид қилиши мумкин: аммо Кремл фақат назарий жиҳатдан, Украина ва Ғарб эса — яхши асосларга эга.
Рақиблар ўзи қандай натижани ғалаба деб ҳисоблаши мумкин?
Ёдда тутиш керакки, урушнинг икки бевосита иштирокчисидан ташқари, можарода Ғарб давлатлари ҳам муҳим рол ўйнайди. Улар Украина томонида, лекин уруш қандай якунланиши мумкинлиги (ва кераклиги) борасида ўз тасаввурларига эга. Ва бу тасаввулар, афтидан, украинларникидан фарқ қилади.
Ўз навбатида, Ғарбнинг кучли қўллаб-қувватловисиз Украинанинг яқин йилларда ғалабага эришиши мутлақо имконсиз - мамлакат ўзини техника ва ўқ-дорилар билан таъминлай олмайди .
Россия
Россия армияси Киев атрофида мағлубиятга учрагунига қадар, Владимир Путиннинг нутқларидан хулоса қилиш мумкин эдики, Кремлни фақат Украинанинг тўлиқ капитуляцияси (таслим бўлиши) қаноатлантирарди. Март ойи охирларига келиб Москванинг мақсадлари тушунарсиз бўлиб кетди.
- Қўшин Украина пойтахти атрофидан олиб кетилишидан 2022 йил кузига қадар фақат «Донбассни озод этиш» ҳақида аниқ гапирилди, буни РФ қуролли кучларининг Донецк ва Луҳанск областлари чегараларига чиқиши сифатида талқин этиш мумкин эди.
- Иккинчи мақсад Запорижжя ва Херсон областлари ҳудудида Донбассдан Қримга олиб борувчи йўлакни сақлаб қолиш ҳисобланади.
- Украина жануби-шарқидаги тўрт областни аннексия қилиш тўғрисидаги «референдум»лардан кейин бу ҳудудларни РФ қуролли кучлари назоратида сақлаб қолиш, шубҳасиз, урушнинг асосий мақсадига айланган. Бу ҳудудлардан воз кечиш (бу энди РФ Конституциясини қайта кўриб чиқишни талаб қилади) урушдаги яққол мағлубият бўлади, Путин эса 2023 йил 21 февралида парламентга йўллаган мурожаатномасида бунга йўл қўйиб бўлмаслигини айтди. Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг аниқлик киритишича, «стратегик мағлубият»га учрамаслик учун, Россия ҳар қандай қуролни, жумладан ядро қуролини ҳам қўллаши мумкин.
Тўғри, ҳали Кремль Запорижжя ва Херсон областларини қайси чегаралар доирасида ҳар қандай йўл билан бўлса-да ҳимоя қилишга тайёрлиги тўлиқ аниқ эмас — катта эҳтимол билан, Россия раҳбарияти бу масалага мослашувчан ёндашишга тайёр. Донбассдаги икки област ҳақида гап кетганда айтиш мумкинки, бу масала бир йил олдин, босқиндан аввалроқ ўз мослашувчанлигини йўқотганди. Ўшанда Москва қисқа муддатлик мавҳумликдан кейин «халқ республикалари»ни улар 2014 йилда эълон қилган чегараларда, яъни Донецк ва Луҳанск областлари чегараларида тан олишини эълон қилган.
Аслида бу маънодаги «ғалаба»га эришиш ҳам (в случае заморозки конфликта, дунёда ҳеч ким аннексияни тан олмаган ҳолатда можарони музлатиб қўйиш) Кремлнинг мағлубиятини англатади. У ўзи учун урушга қадар бўлганидан ҳам ёмонроқ дунёга эга бўлади: мамлакат изоляцияда, унинг фаровонлиги асоси — Европага энергия ресурслари экспорти — қулаган, Россия армияси ўз заифлигини кўрсатиб қўйган, Украина Ғарб билан ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан яқинлашган. Ниҳоят, Россия чегараларида ўта душман бўлган давлат билан муаммо ҳал қилинмай қолган. Украинанинг тўрт области орқали Қримга йўлак очилиши — бундай сиёсий ва иқтисодий йўқотишлар учун жуда кичик компенсация бўлади.
Аммо «йўқотишларни тузатиш» (яъни янги йўқотишлардан қочиш учун ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш) сифатида бундай «ғалаба» — назарий жиҳатдан Кремль яқин ойлар ёки йилларда умид қилиши мумкин бўлган энг яхши эҳтимолий вариантдир. Шу билан бирга бундай натижага эришиш йўли ҳам узоқ бўлиши мумкин: Россия армияси украин қўшинларини Донбассдан суриб чиқишга қодир ҳолатда эканини кўрсатмоқда, аммо бу жараён жуда секин ва улкан йўқотишлар билан кечомқда, бу эса ҳолдан тойган қўшинлар ўрнини янги армия билан тўлдиришни талаб этади. Бундай сиқиб чиқаришнинг илк эпизоди (2022 йил баҳори ва ёзида Донецк областида Лиман шаҳри, Луҳанск областида Северодонецк ва Лисичанск эгалланиши билан Луҳанск областининг қарийб бутун ҳудуди Россия назоратига ўтганди) бир неча ой ўтиб РФ қуролли кучлари Харкив области ва Херсон яқинида мағлубиятга учраши билан якунланганди.
Илгарилаш динамикаси ва қайд этилган йўқотишларга кўра, Донбассда ҳозир биз гувоҳ бўлаётган юришнинг иккинчи эпизоди ҳам биринчисидан у қадар фарқ қилмайди.
«Ғалаба»нинг бошқа вариантлари Украина армиясининг тўлиқ мағлубиятини назарда тутади. Бу эса фақат Киев ёки Ғарб (ёки бирданига иккиси) қаршилик кўрсатишдан бош тортгандагина рўй бериши мумкин. Айни пайтда Киев ҳам, Ғарб ҳам урушда ғалаба қозонишга бел боғлаган, гарчи уларнинг бу борадаги тушунчаси фарқли бўлса ҳам.
Киев
Россия қўшини 2022 йил март ойи охирида Киев областидан олиб кетилганидан кейин Украина ҳукумати нимани ғалаба деб қабул қилишини белгилаб олди: бу 1991 йилда халқаро даражада тан олинган чегаралар доирасида (яъни Донбасснинг бутун ҳудуди ва Қрим билан)ги ҳудуд устидан суверенитет тўлиқ тикланиши бўлади. Қрим борасида аввалига иккиланиш бор эди —уни куч билан қайтариш керакми ёки музокаралар йўли билан (Кремл мағлубиятга учраган тақдирда ҳам бу жараён жуда узоқ чўзилиши кафолатланганди). Ғарбнинг ёрдами кучайган сари Киев қатъий қарорга келди: Қрим Украина армияси томонидан қайтарилиши керак. Бу максималистик позиция Украина қуролли кучларининг жанг майдонидаги муваффақиятлари билан ҳам (лекин уларнинг кўлами ҳозирча бундай ғалабага осон йўлни ваъда қилмаяпти), Ғарбнинг қўллаб-қувватлови билан ҳам мустаҳкамланади.
Тушуниш қийин эмаски, урушнинг ижобий якунини қандай тушунишдаги бундай фарқ Москва ва Киев ўртасидаги муросага келиш тўғрисидаги гапларни ҳам истисно қилади.
Ғарб
Ғарб Киевнинг мамлакат ҳудуди устидан суверенитет тўлиқ тикланиши кераклиги тўғрисидаги позициясига оғзаки жиҳатдан қўшилади. Аммо Ғарб сиёсатчиларида бу мақсадга қандай эришиш борасида бирдамлик йўқ. Битта масала бўйича (яққол) консенсус мавжуд: Путин ғалаба қозонмаслиги керак; тажовузкор урушни бошлагани учун у жазоланиши керак (бошқа диктаторларга ибрат бўлиши учун). Ғарбнинг — биринчи навбатда АҚШнинг — келажакда дунёдаги ўрни сақланиб қолиниши шунга боғлиқ.
Путин ўз авантюраси учун ҳеч қандай мукофот олмаслиги кераклиги сабабли, Ғарбни қониқтирадиган ғалабанинг минимал шарти Россия армияси босқинга қадар мавжуд бўлган туташув чизиғи ортига суриб ташланиши ҳисобланади; Қрим ва Донбасснинг 2022 йилга қадар босиб олинган қисми масаласи «музокаралар йўли» билан ҳал қилиниши лозим. Бу мақсадлар АҚШ ва Буюк Британия расмийлари томонидан 2022 йил охирида — яъни Украина қуролли кучларининг кузги юришидан кейин расман маълум қилинган.
Кремл учун янада радикал «жазо» Ғарб стратегиясига (биринчи галда АҚШнинг) зид келади: Украинани қўллаб-қувватловчи давлатлар ва сиёсатчилар коалицияси уруш бошидан буён ўзаро кескинликни назорат қилишга уринмоқда. АҚШ ва иттифоқчиларнинг ўзи фақатгина Кремлнинг ҳаракатларига жавобан кескинлик даражасини ошириши мумкин. Хусусан, сафарбарлик ва Украинанинг тўрт области расман аннексия қилинганидан кейин коалиция дарҳол бўлмаса ҳам, Киевга ҳарбий ёрдам ҳажмини жиддий даражада оширди ва етказиб бериладиган қуроллар номенклатурасини кенгайтирди.
Аммо Ғарб «эскалация зинапояси» бўйлаб юқорилашни истамайди: бу, коалициядагилар фикрича, можаро назорат қилиб бўлмайдиган даражада кучайиб кетишига олиб боради. Шу билан бирга, афтидан, Ғарб Путин шама қилган, Медведев эса очиқчасига таҳдид қилганидек Россия тактик ядро қуролини қўллашидан эмас, Россия раҳбарияти тўлиқ мағлубият хавфи остида можарони Украина чегараларидан ташқарига ҳам олиб чиқишидан кўпроқ хавфсирайди. Вариантлардан бири — НАТОнинг Украина қуролли кучларига таъминот етказиб беришда фойдаланаётган Шарқий Европадаги логистик базаларига зарба берилиши бўлиши мумкин. Шунинг ўзи дунёни ядро уруши ёқасига олиб келади ва Ғарбни Россия билан тенг ҳуқуқли музокаралар олиб боришга мажбур қилади.
Вашингтон, афтидан, агар Киев иттифоқчилар розилигисиз урушдан олдинги алоқа чизиғини кесиб ўтиб, Қрим ва Донбасснинг 2022 йилдан олдин босиб олинган қисмини қайтаришга ҳаракат қилса, ҳарбий ёрдам қисқариши ҳақида Украинага очиқ-ойдин билдирган.
Якунда нима бўлади?
Уруш бошланганидан бир йил ўтиб, барча иштирокчилар учун мақсад доираси ҳудудларни назоратда сақлаб қолишгача қисқарганини кўриш мумкин. Кремль, катта эҳтимол билан, Украинани давлат сифатида йўқ қилишдек амбицияли мақсадларидан воз кечишга мажбур бўлган (лекин Москва урушнинг янги мақсадлари ҳақида ҳамон эълон қилмаяпти). Амалда РФ қуролли кучларига ҳатто бутун Донбассни эгаллаш каби «камтарроқ» мақсадга эришиш учун ҳам куч ва самарали тактика етишмаяпти. Киев эса суверенитетини тўлиқ тиклаш амбицияларидан воз кечмаяпти, аммо айни вақтда ўзи ҳарбий жиҳатдан қарам бўлган Ғарбнинг позицияси туфайли бу амбицияни қаноатлантириш имконига эга эмас. Ғарбнинг эҳтиёткорлиги ва сусткашлиги шунга олиб келадики, Украина қуролли кучлари ҳозирча Россия сўнгги бир йил давомида босиб олган ҳудудларни озод қилиш учун ҳам етарли ресурсларга эга эмас.
Буларнинг бари, бир қарашда, уруш томонлар буткул ҳолдан тойгунига қадар давом этишини ва кейинги йилда ҳам тугамаслигини кўрсатади. Ва шунга қарамай уруш 2024 йил февралига қадар якунланиши учун имконият бор.
Яқин бир йил ичида уруш тугаши учун нима бўлиши керак?
Украинада сўнгги бир неча ойда давом этаётган вайронгарчилик урушининг қуйидагича натижалари бўлиши мумкин.
- Рақиблардан бири ресурслар тақчиллиги туфайли ўта критик (иккинчисига нисбатан) вазиятга тушиб қолади. Яъни ёки унинг ўзи ресурсларини шу даражада сарфлаб юборадики, қаршилик кўрсатиш имконсиз бўлиб қолади, ёки иккинчи томон шундай ресурслар манбасига эга бўладики, рақибнинг захираларидан сезиларли даражада катта устунликка эришади. Икки ҳолатда ҳам ютқазаётган томон ёки муроса шартлари бўйича сулҳ тузишга мажбур бўлади ёки ҳарбий мағлубиятга учраб, рақиб ихтиёрини қабул қилади.
- Агар икки томонда ҳам урушни давом эттириш учун ресурслар тугаб қолса (ёки улар ресурсларни сарфлашда давом этиш эҳтимолий ҳарбий муваффақиятни оқлай олмаслигини англаб етишса), можаро музлатилади.
- Рақиблардан бири ресурсларни нисбатан самаралироқ сарфлаш имконини берадиган стратегия ишлаб чиқади. Ёки шундай самарадорлик билан рақиб ресурсларини йўқ қилиш йўлини топади. У ҳолда бу томон қирилгунча урушишни тўхтатиб, душманини тор-мор этади.
Фронтда айни вақтда кузатилаётган турғунликдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳозирда Россия ва Украина ихтиёридаги ресурслар тахминан тенг миқдорда ва можаро аста-секинлик билан «музлатиш» томон бормоқда. Аммо томонлар — ресурслар бўйича ва сиёсий чекловларга қарамай — шу йилнинг ўзидаёқ рақибни мағлуб этиш имкониятига эга. Бундай имкониятлар даражаси турлича.
Россия
Сафарбарлик ўтказиш орқали РФ қуролли кучлари урушнинг биринчи йилигидаги асосий муаммосидан халос бўлди — урушнинг илк куниданоқ сафарбарлик эълон қилиб, биринчи босқични ёз ўрталарига келиб якунлаган Украина қуролли кучлари билан сон жиҳатдан фарқ қисқартирилди. Кўриниб турибдики, Украина қуролли кучлари энди сентябр ва октябр ойларида Харкив области ва Лиман ҳудуди уюштиргани каби қарши ҳужумлар амалга ошириш қийин бўлади — ўшанда РФ қуролли кучларининг нисбатан кучсиз бўлинмалари жойлашган мудофаанинг биринчи чизиғи ёриб ўтилгач, украин қўшини ўнлаб километр масофага илгарилаб, деярли ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан, Сватове ва Креминна остонасига етиб келганди.
Аммо сафарбарликдан сўнг дарҳол янги муаммолар юзага келди.
- Урушга қадар шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилардан тузилган ва бир неча ойлик урушларда ҳолдан тойган армия ўрнига яратилган ва сафарбар қилинганлар устунлик қиладиган янги армия ҳали ҳужумкор ҳарбий амалиётлар ўтказишга қодир эмас. Бу сафарбар қилинганлар ҳисобига тўлдирилган Шарқий ҳарбий округ денгиз пиёдалари ва мотоўқчилари бригадаларининг феврал ва март ойларида Вуҳледарда муваффақиятсизликка учрашида ҳам кўриниб қолди.
- Мудофаада эса сафарбар қилинганларнинг қисмлари ўзини яхшироқ намоён этди. Аммо, куз охири ва қиш бошида Сватове ва Креминнадаги умумий муваффақиятга қарамай, бундай қисмлар Укураина қуролли кучларининг нисбатан кучлироқ зарбасига бардош бериши шубҳа остида (қолаверса, Сватове ва Креминна атрофида уларда кўплаб муваффақиятсиз жанглар ҳам бўлган).
- РФ қуролли кучлари уруш олиб боришнинг асосий воситаси, 2022 йил баҳоридан бошлаб юриш қилишда ҳам, ҳимояланишда ҳам фойдаланган восита — ўқ-дориларни аямай сарфлаб, артиллерия зарбалари бериш имкониятидан маҳрум бўлган. Россия томонида туриб жанг қилаётганлар, ҳарбий блогерлар ва ҳарбий мухбирлар тез-тез «снаряд тақчиллиги»ни тилга олишади, бу 2022 йилда ўқ-дориларни жуда фаол сарфлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини оширмаслик ва украинлар узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталари билан омборларни нишонга олиши оқибатида юзага келган. Инқироз кўлами охиригача аён эмас (снаряд ишлаб чиқариш ҳажми ва захирадаги ўқ-дорилар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ). Россия артиллерияси умуман снарядсиз қолмаслиги аниқ. Аммо шуниси аниқки, энди Россия армияси аввалги каби кунига украинларнинг бир неча минггига қарши ўн минггача снаряд отиб, жанг қила олмайди.
- Артиллерия — Россия мудофааси асоси: у украинларнинг Херсон областидаги юришини тўхтатган ва кузда Сватове атрофида фронт чизиғи қулашининг олдини олишга ёрдам берганди. Аммо артиллерия (ва кўп миқдорда снарядлар) россияликларнинг юриш қилиши учун янада муҳимроқ. Бахмут атрофида жанг қилаётган украин ҳарбийлари орасидаги манбаларга кўра, «Вагнер» ХҲК штурм гуруҳлари тактикаси айнан артиллерия зарбалари орқали украин мудофаасини бостиришга асосланган. Вуҳледар штурмида қатнашган ҳарбийлар эса юриш муваффақиятсизлигига ҳужумдан олдин етарлича снарядлар отилмаганини сабаб қилиб келтиришган.
- Россия кучларининг тўлиқ ҳужумда ҳаракатланаётган бўлинмаси «Вагнер»нинг муваффақиятлари фақатгина ўқ-дорилар катта миқдорда сарфланиши билан боғлиқ эмас. Мазкур хусусий ҳарбий компания бошқа ресурсларни ҳам фаоллик билан «сарфламоқда» — бу Украина мудофаасини бостириш учун штурмчи гуруҳлар сифатида олдинга йўлланаётган шахсий таркибдир. Бу тактикани бутун Россия армияси учун қўллаб бўлмайди. Бундан ташқари, вагнерчилар эришган камтарона ютуқлар (ҳатто Бахмут эгалланса ҳам) инсон ресурсларини бундай кўламда сарфлаш учун арзиши шубҳа остида.
Россия қуролли кучлари ҳозирда тўлиқ фойдаланмаётган, аммо назарий жиҳатдан вазиятни Россия армияси фойдасига ўзгартириши мумкин бўлган ягона ресурс — бу авиациядир. Россия ҳаво-космик кучлари ҳамон ўз вақтида Сурияда ўз самарадорлигини намойиш этган ва ўрта баландликдан зарба бера оладиган юзлаб замонавий самолётларга эга. Аммо уларга қарши турган ИШИД ва «Ал-Қоида» жангарилари ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига эга эмасди, Украинада эса, урушнинг илк давридаги барча ҳаракатларга қарамай, бундай тизимлар сақланиб қолган.
2022 йил мартидан (кўплаб самолётлар уриб туширилиши ортидан) Россия авиациясини ўрта баландликда қўллаш деярли тўхтатилди, фақат камдан кам ҳолларда фронт чизиғи ортидан туриб зарбалар берилди. Бу эса Украина қўмондонлигига қўшинлар таъминотини тўсқинликсиз амалга ошириш ва Россия қўшинлари ёриб ўтиши хавфи юзага келган участкаларга қўшимча кучлар ташлаш имкониятини берди. РФ қуролли кучлари фронт чизиғини ёриб ўтишга қаратилган ҳужум амалиётлари ўтказа олмаслиги айнан шу билан боғлиқ.
Кузда Россия қўмондонлиги Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини бостириб кўришга яна бир бор уриниб кўрди. Бунинг учун генерал Сергей Суровикин раҳбарлигидаги янги қўмондонлик Украина энергетика инфратузилмаларини «стратегик бомбардимон қилиш»га киришди. Бу ғоя Украина критик даражада муҳим объектларини ҳимоя қилишига йўл қўймасликка қаратилганди; ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бутун мамлакат ҳудудлари бўйлаб — фронт ва фронт бўйидаги ҳудудлар зарарига тақсимланади. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмалари шусиз ҳам тақчил бўлган ўқ-дориларни сарфлашга мажбур қилинади. Бундан ташқари, улар ишга тушганида (яъни радарларини ёққанида) уларга антирадар ракеталар билан ҳужум қилиниши мумкин эди.
Муваффақиятга эришилганида — яъни Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ресурслари йўқ қилинганида — бундай стратегия Россия авиациясини жанг майдонига қайтарган бўларди. Ғарб бу таҳдидга зудлик билан реакция қилди ва ўз ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларини етказиб берди. Аммо, НАТОнинг ўзида ҳам бундай комплекслар тақчил (ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими функциялари авиацияга юкланган), Россия армиясида урушнинг бу жабҳасида устун келиш имконияти бор эди.
2023 йилга келиб Украина инфратузилмаларига зарбалар интенсивлиги пасайди. Бу РФ қуролли кучлари бомбардимонларни давом эттириш учун ракета ва дронлар етишмовчилигини ҳис қила бошлагани ёки ҳарбий раҳбарият Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сафдан чиқариш ғоясидан ҳафсаласи пир бўлгани билан боғлиқлиги аниқ эмас. Генерал Суровикиннинг ўзи «махсус ҳарбий амалиёт» (Кремлда урушни расман шундай аташади) қўмондонлигидан қўмондон ўринбосарлигига туширилди.
Нима бўлганда ҳам Россия армияси ўқ-дорилар етишмовчилиги шароитида самарали ҳужум қилишга қодирлигини кўрсата олмади. Бу йилдаги ҳужум қилишга уринишлар армияга катта эҳтимол билан фақат зарар келтирмоқда: айтарли ютуқларга эришилмасдан ресурслар сарфланиши натижасида у Украина қуролли кучлари яна ҳужумга ўтгунига қадар заифлашиб бориши мумкин.
Шу билан бирга, Россия ҳамиша Украинаникидан кўпроқ ресурсларга эга бўлади. РФ қуролли кучларининг сафарбарлик захиралари (яъни армияга чақирилиши мумкин бўлган фуқаролар миқдори) Украина қуролли кучлари захираларидан бир неча баробар кўпроқни ташкил этади. Россия армияси фронтда рақибни тор-мор эта олмагани туфайли, катта эҳтимол билан бу ресурсга яна эҳтиёж сезилади, бу эса 2023 йил давомида сафарбарликнинг янги тўлқини рўй бериши эҳтимоли юқори эканини англатади.
Аммо бошқа ресурслар — таълим кўрган офицерлар, замонавий техника ва ўқ-дорилар ишлаб чиқариш қуввати ва ниҳоят бюджетда пул етишмаслиги туфайли сафарбарлик захираларидаги устунликнинг ўзи Кремлнинг ғалабасини кафолатлай олмайди.
Украина ва Ғарб
Афтидан, Украина қўмондонлиги 2022 йил ёзи ва кузидаги қилган ишини такрорламоқчи: кейинроқ тайёр захира кучлари билан ҳужум қилиш учун Россия кучларини юришлар давомида ҳолдан тойдириш. Бахмут учун муҳим жангда Украина қуролли кучлари барча мавжуд кучлардан фойдаланмаётгани ҳам (жангда қатнашаётган бригадаларнинг катта қисми тўлиқ таркибда эмас; фронт ичкарисида янги тузилмалар тузилгани ҳақида гаплар бор) шундан дарак беради.
Бундай стратегия жиддий таваккалчиликни ўз ичига олади: ўтган йил ёзида Украина қуролли кучлари Россиянинг Донбассдаги юриши тин олишини кутиб турганида Северодонецк — Лисичанск агломерациясини, шунингдек Лиман шаҳрини бой берди. Кейинроқ Лиманни қайтариб олишнинг имкони бўлди, аммо Лисичанск ҳамон РФ қуролли кучлари назорати остида ва Бахмутга юриш учун муҳим ички база бўлиб хизмат қилмоқда. Энди эса Украина қуролли кучлари Бахмутнинг ўзини ҳам йўқотиши мумкин. Шунингдек, муҳим Донецкдан ғарбдаги улкан ҳудудлар мудофааси таянчи саналадиган Авдийивка ва Вуҳледардаги муҳим истеҳкомлар ҳам хавф остида қолмоқда. Украина қуролли кучлари Кременна атрофидан суриб чиқилиши, Оскол ва Шимолий Дон ёқасидаги плацдарм (бу Луҳанск области ичкарисига қилинадиган юриш учун муҳим) йўқотилиши хавфи ҳам мавжуд.
Аммо агар Украина армияси урушни турғунликдан олиб чиқса ва Запорижжя областида Россия қўшинларини мағлубиятга учратса, бундай таваккалчилик ўзини оқлайди.
Кузда Украина ҚК иккита турлича амалиёт ўтказганди.
- Август ойида Украина қўшини Днипронинг ўнг соҳилида, россияликларнинг Херсон ва Берислав оралиғидаги плацдармига олдиндан анонс қилинган юришни бошлади. Бу юришнинг муҳим таркибий қисми июл ойида бошланган, Днипро орқали ўтувчи кўприклар ва кечувлар бўйлаб берилган зарбалар эди. Украина томони юришга тайёргарлик кўраётганини сир тутмагани туфайли Россия қўмондонлиги ҳам унга тайёрлана олди. Ўнг соҳилга жанговар десант полклари ва бригадалар юборилди. Юришнинг бошидаёқ улар Украинанинг илғор қисмларини тўхтатди. Украина қуролли кучлари бўлинмалари Россия артиллерияси ва авиация зарбаларига учраб, катта йўқотишлар берди. Октябр ойида плацдармнинг шимолий қисмида нисбатан муваффақият билан амалга оширилган юриш ҳам (бу вақтда Россия қўшини таъминотдаги муаммолардан азият чекаётганди) артиллерия ва миналанган майдонлар орқали тўхтатилди ҳамда Украина қуролли кучлари жиддий йўқотишлар берди. Россия қўшини буткул тор-мор этилмади, аммо кўзланган мақсадга эришилди: Россия қўшинлари бу плацдармда зарур таъминотсиз қолиши тобора хавфли тус ола бошлади. Ноябр ойида РФ қуролли кучлари Днипронинг ўнг соҳилини ва Херсонни (уруш давомида эгалланган ягона област маркази) тарк этди.
- Харкив областида эса разведка фронтнинг заиф участкасини аниқлади. Украина қуролли кучлари бу йўналишдаги ҳужумга мутлақо махфий тайёргарлик кўришнинг уддасидан чиқа олмади. Аммо Херсон атрофида мудофаа билан машғул бўлган Россия қўмондонлиги юзага келган янги таҳдидга қарши туриш учун бошқа захира кучларни топа олмади. Украина бригадалари (катта эҳтимол билан, уларнинг сон ўндан ошиқ эди) Балаклиядан шимолда фронт чизиғини ёриб ўтиб, бутун ёз давомида Изюм ҳудудидан туриб Донбассга юриш қилишга уринган Россия гуруҳининг қанотлари бўйлаб унинг ортига ўтишга ҳаракат қилди. Қуршовга тушиш хавфи остида қолган гуруҳ ўз техникаларининг катта қисмини ташлаб, Оскол дарёси ортига чекинди. Россия қуролли кучларида Оскол ва Шимолий Дон бўйларига етиб келган Украина қўшинларини тўхтатиш учун яна захира кучлар топилмади, натижада Украина қуролли кучлари Лиман шаҳрини эгаллади ва Луҳанск областининг Сватове ва Креминна шаҳарлари сари ҳаракатланди. Фақат шундан кейингина фронтнинг бу участкасига россияликларнинг катта миқдордаги захира кучлари, жумладан сафарбар қилинган ва деярли ҳеч қандай тайёргарлик кўришга улгурмаган фуқаролардан шакллантирилган тузилмалар етиб кела бошлади.
Эҳтимол, Россиядаги сафарбарлик туфайли Украина бу сафар фронтда заиф участкани топиши қийин бўлади. Айниқса бундай участка Запорижжя областида бўлиши даргумон, бу ҳудудда Россия қўмондонлиги йирик захираларни тўплаган ва бетон конструкциялар, хандақлар ва миналар воситасида захира мудофаа линияси ҳам ўрнатган. Запорижжя областидаги ҳозирги вазият ўтган йил кузида Харкив областида кузатилган вазиятга эмас, август ойида Днипронинг ўнг соҳилидаги вазиятга кўпроқ ўхшайди: РФ қуролли кучлари мудофаага яхши тайёрланган, ҳудуд — яланғоч даштлардан иборат — бундай шароитда мудофааланиш қулайроқ, Россия армияси артиллерия ва авиацияда устунликка эга.
Аммо Украина армияси ҳам ҳозирга келиб ўтган йил августидагидан кўра кучлироқ. Ғарб 2023 йил бошида Киевга юзлаб БМП (пиёдаларнинг жанговар машиналари) ва танклар етказиб бериш бўйича қарор қабул қилди. Ваъда қилинган техникаларнинг номенклатураси ва миқдорига қараганда, Киев ўзини қўллаб-қувватловчи коалиция билан биргаликда бир неча зарбдор (манёвр қиладиган) тузилмалар тузишни режалаштирилган. Шу билан бирга — РФ қуролли кучларидаги «снаряд тақчиллиги»га қарамай — Украина томони ўт очиш бўйича ташаббусни қўлга кирита олмайди, демакки, янги манёврли кучлар РФ қуролли кучларининг артиллериядаги устунлиги шароитида ҳужум қилишига тўғри келади.
ОАВда ёзишларича, Ғарбдаги ҳарбийлар Украина қуролли кучлари артиллериядан советлар услубида (рақиб мудофаасини вақтинча бостириш учун катта миқдорда ўқ-дори сарфлаш) фойдаланишдан воз кечиши керак. Улар зарбалар муайян нишонлар бўйлаб (юқори аниқликдаги бошқарилувчи ўқ-дорилар қўлланган ҳолда) йўналтирилиши, қўшинлар баравар ўт очиш кучига эмас, балки НАТО армияси каби манёврларга таяниши керак. Умуман олганда, уларнинг фикрича, украин армияси ўтган йил кузида Херсон атрофида у қадар ўхшамаган ҳаракатни яхшироқ амалга ошириши керак.
Муаммо шундаки, НАТО армияларида ҳужум пайтида нишонларнинг катта қисми авиация орқали йўқ қилиниши кўзда тутилади, Украина авиацияси эса Россияникидан артиллериядаги фарқдан кўра кўпроқ фарқ билан ортда қолади. Ғарб Украинага жанговар самолётлар етказиб беришга шошилмаяпти — можаро назорат қилиб бўлмайдиган даражада кескинлашишига йўл қўймаслик учун.
Аммо Украинада яна бир синовдан ўтган стратегия мавжуд — Россия армияси логистикасининг заиф томонларига зарбалар бериш. Запорижжя фронтида бу Қрим бўйнидир, у орқали фронтни ичкаридаги базалар, шунингдек Мариуполдаги (бу ерга Ростов областидан автомагистрал орқали таъминот етказилади) омборлар билан боғловчи йўллар ўтган. Чонгар ҳудудидаги Қрим бўйнига (олдинги чизиқдан 120 километр масофада) ҳозирча украинларнинг реактив артиллерияси ета олмайди. Аммо АҚШ Киевга HIMARS учун янада узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар — 160 километр радиусдаги нишонларни уришга қодир Ground-Launched Small Diameter Bomb (GLSDB) ўқ-дориларини беришга тайёрланмоқда.
Бундан қандай хулоса қилиш мумкин?
Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари бирлаштирилган стратегияни қўллайди:
- Россия гуруҳининг логистика марказлари ва аслаҳа омборларини масофадан бериладиган зарбалар орқали зарар етказиш;
- Ғарб техникалари билан қуролланган янги механизациялашган бирлашмалар ёрдамида чуқур ёриб ўтишлар амалга оширишга ҳаракат қилиш.
Шунга қарамай, ғарбдаги ҳарбий экспертлар фикрича, умуман олганда, Украина қуролли кучлари юриш қилиши куздагига қараганда қийинроқ бўлади. Аммо, агар Киев ва уни қўлловчи коалиция Кремл янги сафарбарлик тўлқини учун ресурслар — техника ва ўқ-дорилар ғамлаб олишини кутишни истамаса, бу ҳужум амалга оширилиши зарур. Акс ҳолда Ғарб жуда қўрққан можаронинг назоратсиз авж олиши хавфи сақланган ҳолда уруш янада узоқроққа чўзилиши мумкин.
Украина қуролли кучларининг вазифасини Ғарб Украинага ёрдам кўрсатишда янада жасоратли ёндашиш орқали енгиллаштириши мумкин — масалан, имкон қадар қисқа фурсатда жанговар самолётлар бериш (лекин нима бўлганда ҳам, учувчиларни ўқитиш кўп вақт талаб этиши туфайли бундай ёрдам баҳорги ёки ёзги юриш учун вақтида етиб келмайди). Урушнинг иккинчи йилида унинг бевосита иштирокчилари қанчалик олдинга силжиши ва бир-бирига қандай шартлар қўйиши Ғарб давлатларининг қатъиятига боғлиқ бўлади.