Бунинг учун улар умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонини топширишлари керак.
Миллий сертификат нима?
Сертификат – умумтаълим фанлари бўйича, масалан, математика бўйича талабгорнинг билимини аниқлаб бериш учун мўлжалланган синов.
Ҳозирги пайтгача математика, физика, кимё, биология, она тили ва адабиёт, рус тили, қорақалпоқ тили ва адабиёти бўйича сертификат имтиҳонлари ўтказилди. Май ойида эса биринчи марта тарих ва география бўйича ҳам имтиҳон ўтказилади. Имтиҳонни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ ДТМ) ўтказади. Ҳозиргача синовда тушадиган намунавий саволлар ҳам эълон қилинган.
Тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга амал қилувчи сертификат тақдим этилади.
Мазкур сертификатга эга абитуриентларга олий таълим муассасаларининг бакалавриатига киришда қуйидагича баллар берилади:
- энг юқори баллнинг 60 фоиздан 85 фоизигача тўплаганларга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл;
- энг юқори баллнинг 86 фоизи ва ундан юқори балл тўплаганларга ушбу фандан белгиланган максимал балл;
- тегишли мажбурий фанлар бўйича белгиланган энг юқори балл.
Мажбурий фан учун белгиланган максимал баллни олиш учун талабгорнинг сертификат балли 60 фоиздан юқори бўлса етарли.
Масалан, тиббиёт йўналишига ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриент кимё ва биологиядан сертификат олиб қўйган бўлса, кириш имтиҳонида асосий блокдаги тестларни ишлаб ўтирмасдан фақат мажбурий фанлардаги тест топшириқларининг ўзинигина бажариши мумкин.
Ёки иқтисод йўналишига ҳужжат топшираётган абитуриент имтиҳондан олдин математикадан сертификат олган бўлса ва унинг фоизи 86 дан юқори бўлса, ҳам асосий блокдаги, ҳам мажбурий фанлар блокидаги математикага оид тест саволларидан озод бўлади.
Лекин агар бордию абитуриентнинг сертификат балли 86 фоиздан паст бўлса, у ОТМга ҳужжат топшираётганда мажбурий фанлар блокидаги математика фанидан максимал баллни қўлга киритиб, асосий блокдаги математика фанидан саволларни ишлаш вариантини танлаши мумкин.
Саволлар қандай тузилади?
Миллий сертификат учун имтиҳон саволлари давлат таълим стандартларига мос, ўқув дастурларига мувофиқ тузилиши керак. Намунавий саволлар билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ ДТМ) сайтида танишиш мумкин.
Сертификат имтиҳонида тушадиган саволлар кириш имтиҳонларидаги саволлардан фарқ қилади. Масалан, она тили ва адабиёт фанидан ўтказиладиган имтиҳонда абитуриентлар эссе ёзишлари ҳам керак бўлади. Шунингдек, уларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини текширадиган саволлар кўпроқ.
Имтиҳонда қанча вақт берилади?
Миллий сертификат имтиҳонида 35 та ёпиқ ва 10 та очиқ турдаги (ҳар бири А ва Б қисмларга ажратилган) тест топшириғи учун 150 дақиқа (2 соат-у 30 дақиқа) вақт берилади. Очиқ турдаги тест топшириқлари 2 қисмга ажратилгани учун жами тест топшириқлари сонини 55 та деб қарайдиган бўлсак, ҳар бир тест топшириғига тахминан 2 дақиқаю 44 сония тўғри келади. Фақат она тили ва адабиёт фанидан эссе ёзиш талаб қилингани учун топшириқларни бажариш учун 3 соат вақт ажратилади.
Тўлови борми?
Сертификат учун 1,5 баравар БҲМ миқдорида – ҳозирги кунда 450 минг сўм тўлов ундирилади. Лекин тўлов қилиб, имтиҳонда қатнашиб, керакли балл (60 фоиздан юқори) тўплай олмасдан сертификат ола олмаслик ҳам мумкин. Баъзи имтиҳонлардан, масалан, IELTS имтиҳонидан фарқли тарафи шунда. IELTS имтиҳонида тўплаган баллингизга қараб паст кўрсаткичли бўлса ҳам, сертификат олиш мумкин.
Жавоблар 20 иш кунидан кечиктирмасдан эълон қилинади ва имтиҳонда қатнашган шахс сертификатини Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сайтидаги шахсий кабинети орқали электрон шаклда юклаб олиши мумкин.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги берган маълумотга кўра, 2022 йил декабрдан то ҳозирга қадар 6 345 нафар талабгор сертификат олган ва уларнинг 371 нафари 86 фоиздан юқори, яъни кириш имтиҳонида максимал балл берадиган натижани тўплай олган. Лекин сертификат имтиҳонини топширувчилар фақат абитуриентлар эмас, исталган шахс бўлиши мумкин. Улар орасида ўқитувчилар ҳам бор.
Маълумот учун: давлат ОТМга киришда 5 та фандан имтиҳон олинади. Асосий фанлар блокида 2 та, мажбурий фанлар блокида эса 3 та фан (она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи) бор.
Сертификат олиб аллақачон қайсидир фандан баллни нақд қилиб қўйган абитуриентлар ушбу мақолани ўқиётган бўлса, бизга таассуротларингиз ҳақида ёзиб юборинг.