Россия давлат илмий-техникавий ҳужжатлар архиви (РГАНТД) дунёдаги биринчи космонавт Юрий Гагарин ҳалокатга учраган жойдан олинган суратларни эълон қилди. Биринчи марта ошкор этилаётган суратларда ҳалокатга учраган самолёт фюзеляжининг бўлаклари кўрсатилган.
Юрий Гагарин бундан 55 йил олдин, 1968 йил 27 мартда инструктор Владимир Серёгин билан бирга МиГ-15 УТИ реактив самолётида ўқув парвозини амалга ошираётганда ҳалок бўлган.
Самолёт Москва яқинидаги Чкаловский аэродромидан соат 10:18 да парвоз қилган. Экипаж 20 дақиқа давомида машқ бажариши керак эди, аммо соат 10:30 да Гагарин топшириқ бажарилгани ҳақида хабар бериб, аэродромга қайтишга рухсат сўраган. Бир дақиқадан сўнг самолёт Владимир вилоятининг Новосёлово қишлоғи яқинида ерга қулаган. Иккала учувчи ҳам ҳалок бўлган. Гагарин 34 ёшда, Серёгин 45 ёшда эди.
Ўша пайтда Гагарин ўлими билан боғлиқ тафсилотлар ошкор этилмади. Авиаҳалокат сабабларини ўрганиш материаллари узоқ вақт давомида махфийлигича қолди. Давлат комиссияси экипаж аъзолари номаълум сабабларга кўра кескин манёвр қилиб, қўққисдан ерга қулади, деган хулосага келди. Борт ускунасининг носозликлари қайд этилмади. Марҳумларнинг қонида бегона моддалар аниқланмади.
Турли вақтларда экспертлар фалокатга олиб келган кескин манёврнинг сабаби бошқа самолётдан қочиш ёки унинг изига тушиш, метеозонд ёки қушлар галаси билан тўқнашув, шунингдек, герметизация бузилиши оқибатида кабинадаги босимнинг тушиб кетиши, учувчиларнинг ҳушини йўқотиши каби талқинларни илгари сурдилар. Уларнинг ҳеч бири расман тасдиқланмаган. Шунингдек, Гагарин СССР раҳбариятининг буйруғи билан ўлдирилган деган турли хил фитна назариялари ҳам илгари сурилди.
Юрий Гагарин 1961 йил 12 апрель куни инсоният тарихида самога парвоз қилган биринчи космонавт бўлди. «Восток-1» кемаси Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан фазога учирилди ва 108 дақиқалик парвоздан кейин Гагарин Ерга муваффақиятли қўнган эди.