25 март куни «Россия 24» телеканалида Владимир Путиннинг «Москва. Кремль. Путин» кўрсатуви муаллифи, Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси (ВГТРК) мухбири Павел Зарубинга берган интервьюси намойиш этилди. Ушбу суҳбатда Россия Федерацияси президенти биринчи марта Россия раҳбариятининг Украинага Ғарб қуролларининг кенг кўламли етказиб берилишига жавоб қайтариш режаларини батафсил изоҳлади. Кремлнинг энг шов-шувли қадами Беларус ҳудудига тактик ядро қуролини жойлаштириш қарори бўлди. Путиннинг сўзларига кўра, Беларус ҳарбий-ҳаво кучларининг ўнта самолёти аллақачон ушбу турдаги қуроллардан фойдаланишга тайёр.
Бундан ташқари, Россия Федерацияси қўшни давлатга тактик ядро қуроллари ташиши бўлиши мумкин бўлган «Искандар» мажмуаларини ҳам топширди ва 1 июлга қадар Беларусда тактик ядро қуролларини сақловчи омбор қурилишини якунлашни режалаштирмоқда.
Ғарб қарама-қаршиликни кучайтирувчи бу қадамга ҳозирча босиқлик билан муносабатда бўлмоқда: АҚШ расмийлари маълум қилишича, Вашингтон «ўз ядровий кучларини жойлаштиришни ўзгартириш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти, шунингдек, Россиянинг ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлигини кўрсатувчи бирон белгини ҳам пайқамаяпти».
«Медуза» нашри Путин нима учун Беларусга тактик ядро қуролини жойлаштиришга қарор қилгани, Вашингтон ва унинг иттифоқчиларидан жавоб қадамни кутиш мумкинлиги ва тактик ядро қуроли мавжудлиги Беларуснинг мақомини қандай ўзгартириши бўйича Россия ядро сиёсати бўйича эксперт, Канаданинг Квинс университети қошидаги Халқаро ва мудофаа сиёсати маркази тадқиқотчиси Максим Старчак билан суҳбатлашди.
— Сизнингча, Владимир Путин нима учун Беларусга тактик ядро қуролини жойлаштиришга қарор қилди?
— Менимча, бу АҚШ эътиборини жалб қилишга навбатдаги уриниш, яъни қарама-қаршиликни кучайтириш, кескинлаштириш орқали, Москва фикрича, АҚШ учун муҳим бўлган ва уларни музокаралар столига ўтиришга мажбур қиладиган нарсаларни ўртага қўйиш. START-3’нинг (АҚШ ва Россия Федерацияси ўртасида стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш чора-тадбирлари тўғрисидаги учинчи шартнома) тўхтатилиши ҳам шу мақсаддаги ҳаракат эди. Москва буни АҚШ учун муҳим воқеа деб билади. Ва START-3’га қайтиш шарти сифатида Москва АҚШнинг Украинага нисбатан сиёсатини ўзгартириш талабини қўйди.
Москва Беларус ёрдамида яна бир картани ташлаб, Беларусдаги тактик ядро қуроллари АҚШни Украинадаги Россия босқинчилигини тан олишга ва музокаралар столига ўтиришга мажбур қилишига умид қилмоқда. Акс ҳолда АҚШ учун жуда муҳим бўлган ядровий муаммоларни ҳал қилишнинг бошқа иложи қолдирилмайди.
— Вашингтоннинг, ташқаридан қараганда, вазиятни кескинлаштиришга уринишига хотиржамлик билан муносабатда бўлиши нимадан далолат беради?
— АҚШнинг реакцияси, улар Путиннинг ўйинларини ўйнамоқчи эмаслигини кўрсатмоқда. Худди 2022 йил феврал ойида стратегик кучларнинг жанговар тайёргарлиги оширилганидан кейин бўлгани каби. Путин АҚШнинг эътиборини тортиш учун Украина урушига ядро омилини олиб келади, лекин бундан ҳеч нарса чиқмайди.
Менимча, бу тўғри сиёсат. АҚШ жавоб бермаяпти ва ўз ядровий кучларининг тайёргарлигини ўзгартиришни режалаштирмаяпти. Яъни улар Москванинг ўйинига қўшилишни рад қилди. Демак, бу урушда ядро омили ҳали шаклланмаган. Иккинчи Кариб денгизи инқирози ҳақида гап йўқ.
— Яъни Ғарб давлатларидан ҳеч қандай жавоб кутмаслик керакми? Путиннинг қарори Европадаги кучлар мувозанатини ўзгартирадими?
— Катта эҳтимол билан йўқ, чунки Беларусга тактик ядро қуроллари жойлаштирилиши мумкинлиги мутахассислар учун янгилик эмас. 2022 йил феврал ойида мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритилди, унга кўра Беларус нейтрал ва ядровий кучдан воз кечган давлат бўлишни тўхтатди. Июн ойида Путин Беларусга «Искандар» ракета тизимлари ва ядровий миссияларни бажариш учун модернизация қилинган Су-25 самолётларини юборишга тайёрлигини маълум қилди.
Йил охирига келиб, бу масалалар ҳал қилинди. Бундан ташқари, Беларус Россиядан аллақачон С-400 зенит-ракета комплексларининг иккита дивизионини олган. Шунингдек, Москва Су-30СМ қирувчи самолётлари ва «Противник-ГЕ» радарларини ҳам Минск ихтиёрига ўтказди — яъни Беларусда қуроллар, хусусан, ядровий қуроллар жойлаштирилувчи хавфсиз зона яратиш учун барча нарса бор.
Шундай қилиб, ядро қуроли Беларусда пайдо бўлиши ҳақидаги тушунча ўтган йилиёқ пайдо бўлганди. Кеча буни расман тасдиқлашди.
Поляклар ёки бошқа кимдир Россиянинг Беларусга тактик ядровий қуролларни жойлаштиришига жавобан АҚШ ва Ғарбнинг ядровий давлатларига ўз ҳудудларига ядро қуролини жойлаштиришни таклиф қилиши мумкин. Аммо АҚШ ва НАТOнинг бу тарзда жавоб қайтариши даргумон. Ўтган йили ҳам бу борада музокаралар ўтказилди, лекин улар музокара даражасида қолиб кетди.
— Унинг ҳудудида тактик ядро қуролининг мавжудлиги Беларусни ядровий давлатга айлантирадими?
— Биринчидан, шуни тушуниш керакки, дунёда янги ядро қуроллари пайдо бўлмайди, улар шунчаки Россиядан Беларусга кўчирилади. Ҳозирча гап Москва қуролларни қандай кўчиришида: ядро каллаклари ташувчилардан алоҳида сақланади, ташувчилар эса ядровий қуролсиз мавжуд.
Афтидан, Россия Беларусга етказиб берилган ядро қуроллари устидан назоратни сақлаб қолади ва Беларусда Россия мудофаа вазирлигининг 12-бош бошқармасининг тўлиқ назорати остида бўлган ядро каллаклари учун махсус омбор яратади. Яъни ядро қуролларни тарқатмаслик режими расман бузилмайди. Беларус ядровий давлатга айланмайди.
— Беларусга тактик ядро қуролини жойлаштириш қарори Россиянинг ядро сиёсатида яна нималарни ўзгартиради?
— Эндиликда Путиннинг умуман мантиқсиз қарорлар қабул қилаётганини аниқ айтиш мумкин. Март ойида Хитой раҳбари Си Жинпингнинг Москвага ташрифи якунлари бўйича декларация имзоланди, унда ядро қуролини миллий чегаралардан ташқарига жойлаштирмасликнинг аҳамияти, АҚШнинг Европада тактик ядро қуролини сақлаб қолиши ва НАТО иттифоқчиларининг бу масалага интеграциялашуви Москва ва Пекин танлаган йўлга тескари йўл экани таъкидланди.
Ва орадан бир неча кун ўтиб, Путин шу ҳақда қарор чиқармоқда. Ҳозирча шуниси аниқки, Путин ўзини ядровий қуролларни тарқатмаслик режими ҳимоячиси деган маънавий «кузири»дан маҳрум қилди ва бунинг эвазига ҳеч нарса ололмади.