Қозоғистондаги сайловларда «Аманат» партияси энг кўп овоз тўплади

Жаҳон 17:28 / 27.03.2023 4536

19 март куни бўлиб ўтган сайловлар натижасида рўйхатга олинган еттита партиядан олтитаси Қозоғистон парламенти қуйи палатасига кирди. Tengrinews.kz интернет порталининг 27 март, душанба куни хабар беришича, ҳукмрон «Аманат» партияси (собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг «Нур Отан» партияси) 53,90 фоиз овоз тўплаб, энг кўп мандатга эга бўлди

Марказий сайлов комиссиясининг ҳисоб-китоб натижаларига кўра, 10,90 фоиз овоз билан «Ауыл» ватанпарварлик партияси иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, 8,59 фоиз овоз олган «Республика» (Respublica) партияси учинчи ўриндан жой олди.

Бундан ташқари, «Ақ Жол» партияси (8,41 фоиз овоз), Қозоғистон Халқ партияси (6,80 фоиз овоз) ва мухолифатдаги Миллий социал-демократик партияси (5,20 фоиз овоз) беш фоизлик тўсиқдан ўтди. 

Мажлис таркибига 98 депутат киради. Улар пропорционал (миллий сайлов округида 5 фоиз тўсиқли партия рўйхатлари бўйича, 69 мандат) ва мажоритар (бир мандатли сайлов округи, 29 мандат) тизимлар бўйича сайланган. 

Ҳозирча парламентда фақат учта ҳукуматпараст партиялар вакиллик қилган. 

Қозоғистондаги сайловларда мухолифатчилар қарийб 20 йил ичида биринчи марта мустақил номзод сифатида қатнашди. Яқинда рўйхатдан ўтган «Байтак» партияси 5 фоизлик тўсиққа ета олмади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2022 йил бошида ҳукуматга қарши оммавий намойишлар ва тартибсизликлардан сўнг бошлаган модернизация жараёнининг бир қисми сифатида январь ойида навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди. 

Кўпроқ янгиликлар