Маҳаллийлаштириш лойиҳаларини молиялаш тизими жорий этилади

Иқтисодиёт 21:37 / 27.03.2023 21614

Президент Шавкат Мирзиёев 27 март куни инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Расмий релизга кўра, Ўзбекистонда экспорт қилувчи корхоналар сони беш йилда 4 500 тадан 7 200 тагача кўпайган. Экспорт қилинаётган маҳсулот турлари ҳам 1 500 тадан қарийб 3 мингтагача ошиб, географияси 139 та мамлакатдан 164 тага етган. Тайёр маҳсулот экспорти 2 бараварга, уларнинг товарлар экспортидаги улуши 50 фоиздан 65 фоизга ошган.

Қайд этилишича, 2023 йилда қарийб 11 миллиард доллар тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Ҳудудларда 23 миллиард долларлик 12 мингта янги лойиҳа, шу жумладан, 3 мингдан зиёд саноат лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган. Йиғилишда мутасаддилар шу борадаги ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Йил бошидан 764 млн доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилгани, 1 300 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилгани қайд этилди. Экспорт 3 миллиард долларни ташкил қилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент ишга тушадиган лойиҳалар ижросини ҳудудлар ва тармоқлар кесимида кунлик назорат қилиб, муаммоларни ҳал қилиб бориш зарурлигини таъкидлади. Янги бозорларни ўзлаштириш, янги транспорт йўлакларини топиш бўйича кўрсатмалар берилди. Маҳсулотлар сифатини ошириш ва таннархини тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Юқори технологик ва қўшилган қийматли маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш тизимини жорий қилиш, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Саноат сиёсати тадқиқотлари марказини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Кўпроқ янгиликлар