Украиналик ҳарбийлар Бахмут ва Креминнада ҳужумларни қайтармоқда. Уруш суратлари

Жаҳон 14:59 / 26.03.2023 16946

Украинада урушнинг 395-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия 1 июл куни Беларусда тактик ядровий қуролларни сақлаш омбори қурилишини якунлайди. Бу ҳақда РФ президенти Владимир Путин ВГТРК учун интервьюсида маълум қилди.
  • Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг маълум қилишича, украин ҳарбийларининг «титанларча саъй-ҳаракатлари» эвазига Бахмут йўналишида вазиятни «барқарорлаштиришга эришилган».
  • Украина ҳозирча қуроллар ва ўқ-дорилар етишмовчилиги туфайли кутилаётган қарши ҳужумни бошлай олмайди, бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский айтиб ўтди.
  • БМТ миссияси маълум қилишича, Россия ҳам, Украина ҳам ҳарбий асирлар ўлдирилишига алоқадор ҳисобланади. Украина ТИВ ташкилот ҳисоботига муносабат билдириб, «тажовуз қурбони зиммасига масъулият юклашни қабул қилиб бўлмаслиги»ни маълум қилди.
  • Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Путинни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий суднинг РФда фаолиятини тўхтатишни таклиф этди.
  • Австриядагилар агар Путин мамлакатга келса, уни қўлга олиб, Халқаро жиноий судга топширишга ваъда беришди.
  • Евгений Пригожин «Вагнер» ХҲК томонидан ёлланган беш минг маҳбус Украинадаги урушдан қайтганини айтди. Унинг сўзларига кўра, улар афв этилган.
  • ТАСС ва «Москва» агентликларига кўра, РФ тергов қўмитаси иқтисодчи Константин Сонинга қарши Россия армияси тўғрисидаги «фейк» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган.

Кун кадри

Донецк областининг Богородичное қишлоғида яшовчи 56 ёшли Юрий Понуренко инсонпарварлик ёрдамини олиб уйига қайтмоқда. Сўнгги ойларда ушбу қишлоқда ҳаёт жонлана бошлаган. 2022 йил июнида Богородичное ҳудудида шиддатли жанглар кечган, август ойида ҳам қишлоқ Россия кучлари назоратида эди, аммо сентябрга келиб уни Украина қуролли кучлари озод этди.
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Бахмут атрофида Украина армияси зенитчилари позицияси: Россия кучлари юришининг еттинчи ойига келиб Украина армияси фронтнинг энг мураккаб участкасидаги вазиятни барқарорлаштиришга эришди

Ярим йилдан ошиқ вақт давомида Россия кучлари (асосан «Вагнер» отрядлари) томонидан қамал қилинаётган Бахмут шаҳри фронтнинг энг қайноқ нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Фотода — Бахмут атрофидаги позицияда маскировка қилинган зенит қурилмаси фонида турган украиналик ҳарбий хизматчилар.
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий хизматчилар Россия кучлари томонидан тўхтовсиз штурмларга қарамай, Бахмут атрофидаги позицияларини сақлаб турибди. Қолаверса , 25 март куни Украина армияси бош қўмондони Валерий Залужнийнинг маълум қилишича, ҳарбийларнинг «титанларча ҳаракатлари» эвазига Бахмут йўналишидаги вазиятни «барқарорлаштиришга муваффақ бўлинган».
Roman Chop / EPA / Scanpix / LETA
Украина қуролли кучларининг Бахмут атрофидаги зенит бўлинмалари мобил тактикадан фойдаланади: ҳарбийлардан бирининг айтиб беришича, улар ҳеч қачон бир жойда узоқ вақт қолмайди (кун давомида жойини бир неча марта ўзгартиради) ва ҳамиша ўз позицияларини қунт билан маскировка қилади. 
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучлари армия авиациясининг Донбасс шимолидаги фаолияти: жанговар вертолётлар фронт чизиғида хавфли миссияларни адо этишмоқда 

Фронтда армия авиацияси иши энг хавфли соҳалардан бири бўлиб қолмоқда. Ғарб ахборот агентликлари фотографлари 18-алоҳида бригаданинг Игор Сикорский номидаги армия авиациясининг бир кунини кузатишга муваффақ бўлди — бу бўлинма бугунги кунда Донбасс шимолида жанг қилиб келмоқда.
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Фотода — 18-бригада ҳарбий хизматчиси вертолёт бўлинмаси учун снаряд ташимоқда
Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA
18-бригаданинг жанговар вертолётларидан бирини фронт чизиғи томон парвозга тайёрлаш жараёни
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украина қуролли кучлари 18-бригадаси 2015 йилда таъсис этилган ва шу вақтга қадар Украина шарқидаги ҳарбий ҳаракатларда фаол иштирок этиб келади. Бўлинма ихтиёрида Ми-24, Ми-8 ва Ми-2 вертолётлари мавжуд.
Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA
Фотода — Украина армияси 18-бригадаси пилоти фронт чизиғида ҳарбий миссияни бажариб қайтган техникани текширмоқда.
Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA
Украина қуролли кучлари 18-бригадаси ихтиёридаги вертолётлардан бирининг ичкаридан кўриниши
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украиналик вертолётчилар Россия билан кенг кўламли уруш давомида кўп марта таваккалчиликка асосланган миссияларга боришига тўғри келган. Масалан, 2023 йил мартида Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси шиддатли жанглар вақтида қуршовдаги Мариуполга амалга оширилган уникал парвозлар ҳақида ҳикоя қилганди. Разведкага кўра, бу миссиялар туфайли Украина томони «Азовстал» заводи мудофаасида қатнашган 60 дан ортиқ ярадор ҳарбий эвакуация қилинган.
Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA

Креминна учун қақшатқич жанглар: Украина қуролли кучлари Россия кучлари ҳужумларини қайтармоқда

Фронтда кескинлик сақланиб турган участка Луҳанск областининг Креминна шаҳри атрофи бўлиб турибди. Фотода — россияликлар позициясига французларнинг TRF1 гаубицасидан ўт очаётган украин ҳарбийси. Франция ушбу артиллерия қуролларини Украинага 2022 йил охирида юборганди.
Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA
Буюк Британия разведкасининг 23 март кунги ҳисоботида хабар қилинишича, ой бошидан буён Россия қўшини Креминна атрофида босимни кучайтирган ва аввалроқ Украина қуролли кучлари озод этган ҳудудларнинг бир қисми устидан назоратни қайтариб олган — айрим участкаларда бир неча километрга илгари юрилган. Фотода — Креминнада ракета зарбасидан вайрон бўлган уй яқинида турган украиналик ҳарбий хизматчи.
Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA
Фотода — Украина қуролли кучлари 45-алоҳида десант-штурм бригадаси жангчилари Креминна атрофидаги фронт чизиғидаги бошпанада.
Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA
Кўпроқ янгиликлар