25 март куни Америка Қўшма Штатларидаги ҳалокатли бўрон йигирмадан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва шаҳарлардан бирини бутунлай вайрон қилди.
Cўнгги маълумотларга кўра, торнадо оқибатида 26 киши ҳалок бўлган. Энг катта вайронагарчилик Миссисипи ва Алабама штатларида қайд этилган: Кичик шаҳарлар ва қишлоқлар табиий офатдан энг кўп жабр кўрган. Бу ҳудудларда дарахтлар синган, уйлар вайрон бўлган, электр узатиш линиялари жиддий шикастланган, ўн минглаб уйлар токсиз қолган.
Кучли ёғингарчилик давомида Миссисипининг жанубий ҳудудларига гольф тўпи ҳажмида дўл тушган.
Штат ғарбидаги Роллинг Форк шаҳарчаси аҳолиси вакиллари уйларнинг деразалари шамол кучидан синиб кетганини айтишган.
Бу ҳудуддаги вайронгарчиликлар нисбатан энг жиддийси бўлди.

Роллинг Форк шаҳри мэри Элдриж Уокер CNN телеканалида торнадо шаҳарни «ер юзидан ўчириб ташлангани» ҳақида айтди. Бу ерда камида 12 киши ҳалок бўлган.
«Менинг шаҳрим энди йўқ, лекин биз тирикмиз. Биз куч тўплаб, қайтиб келамиз», деди у.
ОАВ хабарига кўра, шамол тезлиги соатига тахминан 113 километрга етган, торнадо йўлининг умумий узунлиги 160 километрдан ошган.
«Умримда бунақасини кўрмаганман. Бу ажойиб кичик шаҳарча эди, энди эса у йўқ», деган CNN мухбирига интервюсида маҳаллий аҳоли вакили Бренди Шова.
Найтлар оиласи - эр-хотин ва уларнинг уч ёшли қизи - Роллинг Форкдаги қариндошлариникида меҳмонга келишганди.
Корнел Найт AP мухбирига айтишича, торнадо арафасида ҳудуд ноодатий тарзда ўта тинч бўлган, осмон қорайган, кейин эса ҳар тарафда трансформаторлар портлай бошлаган.
Унинг сўзларига кўра, торнадо бошқа қариндошининг уйига урилган. У ерда девор қулаган ва бир неча кишини босиб қолган.

Фото: CHRISTIANA BOTIC/EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK
Қутқарувчиларнинг айтишича, кўпчиликни харобалар остидан чиқариб олишга тўғри келган.
Шарки округида бир неча полициячи бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Миссисипи штати губернатори Тейт Ривз твиттердаги саҳифасида қидирув-қутқарув гуруҳлари жабрланганларга биринчи ёрдамни кўрсатаётгани ҳақида ёзган.
«Бу кеча Миссисипи делтасида кўпчилик сизнинг дуоларингиз ва худонинг паноҳига муҳтож. Об-ҳаво маълумотларини кузатиб боринг ва бутун тун давомида эҳтиёткорликни унутманг, Миссисипи!» - дея ёзган у.
Фавқулодда хизматлар ҳодиса оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланмоқда. Биргина Миссисипи штатида 17 мингга яқин хонадон электр таъминотисиз қолган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этяпти.

Rogelio V. Solis / AP / Scanpix / LETA
Прогнозларга кўра, торнадо ҳамон Миссисипи штатининг айрим ҳудудларига хавф солмоқда.
АҚШ жанубидаги бошқа бир неча штатларда ҳам кучли бўронларга тайёргарлик кўришмоқда.

Rogelio V. Solis / AP / Scanpix / LETA

Rogelio V. Solis / AP / Scanpix / LETA