Қарши туманидаги “Omad START” корхонасида “Конституция меники, сеники, бизники. Конституция ўзимизники!” шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди.
Унда жамоат арбоблари, маданият ва санъат соҳаси ходимлари, фаол хотин-қизлар, иқтидорли ёшлар қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар янгиланаётган Конституциянинг инсонлар ҳаётида тутган ўрни, унга киритилаётган янги қўшимчалар ва уларнинг аҳамияти ҳақида гапирди. Шунингдек, халқимизни 30 апрел куни ўтказилиши кутилаётган референдумда фаол иштирок этишга даъват қилди.
Тадбирда янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар, хусусан, хотин-қизлар, оила ва ёшлар масалаларига оид таклифлар кўпроқ эътироф этилди.
“Бир неча йиллардан буён раҳбарлик лавозимларида ишлаб келяпман. Жойларда хотин-қизлар билан деярли ҳар куни мулоқотда бўлишимга тўғри келади. Қашқадарё мисолида айтадиган бўлсам, бизда қизларнинг олий ўқув юртларида ўқишига етарлича эътибор қилинмасди. Халқимиз ҳам танлов имкони бўлганда кўпроқ ўғил фарзандларини ўқитишга интиларди. 2021 йилдан бошлаб хотин-қизларнинг олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун қатор имтиёзлар берила бошланди. Бу имтиёзлар асосан эҳтиёжманд оилалар фарзандларига қўлланяпти. Деярли ҳар йили юзлаб хотин-қизлар тавсиянома асосида олий ўқув юртларига ўқишга киряпти. Бу рақамлар йилдан йилга ортиб бораётгани қувонарли. 2022 йилдан бошлаб магистратурага қабул қилинган хотин-қизларимизнинг контракт тўловини давлат томонидан тўлаб бериш тартиби жорий қилинди. Бакалаврда ўқиётган қизларимизга ҳам қатор қулайликлар бериляпти. Бу тез орада жамиятимизнинг барча жабҳаларида хотин-қизлар ролининг ҳам ортиб боришини таъминлайди, албатта. Бу ўзгаришларни эътироф этмай бўладими? Янгиланаётган Конституциямизнинг бутун бир боби оилага, фарзандларимизга бағишланяпти. Шундай экан, ўзини юрт эртасига дахлдорман деган инсон борки, бу сиёсий жараёнларга бефарқ қарамаслиги керак, деб ҳисоблайман”, деди Қашқадарё вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Каромова.
Тадбирда ёшлар ва спортчилар номидан сўзга чиққан ММА бўйича жаҳон чемпиони Бобур Қурбонов ҳам 30 апрел куни бўлиб ўтадиган сиёсий жараёнларда фаол қатнашишини маълум қилди.
Гала концерт форматида ташкил қилинган тадбирда эл таниган актёрлар ҳамда санъаткорларнинг чиқишлари одамларга илиқ кайфият бағишлади.