Молдова президенти Майя Санду 22 март куни мамлакат давлат тилини «молдова» тилидан «румин» тилига ўзгартириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бунга қадар давлат тили номини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Молдова парламенти томонидан маъқулланган эди. Молдова ҳукумати нима учун бундай қарор қабул қилди ва бу нимани ўзгартиради?
«Мен румин тили шу ерда яшовчи ва бу ерни севадиган барчамизни бирлаштиришини истайман. Биз бутун дунё бўйлаб 27 миллиондан ортиқ одам билан биргаликда Европа Иттифоқининг расмий тилларидан бири бўлган румин тилида гаплашамиз», дея ёзган Майя Санду ўзининг Facebook саҳифасида.
Тил тавсифи мамлакат Конституцияси, қонунлар матнлари ва барча давлат ҳужжатларида ўзгартирилади.
Ҳукумат буни қандай изоҳламоқда?
Санду фармонни имзолаганидан кейин ўз постида ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлган молдова ва румин тиллари ҳамда халқларининг бўлинишини сунъий ва учинчи кучлар учун фойдали деб билишини айтган.
«Бизга ўнлаб йиллар давомида биз, Молдова Республикаси фуқаролари, румин тилида эмас, «молдова» тилида сўзлашишимизни таъкидлаб келганлар бир нарсани кўзлаган: бизни бўлишни. Бунинг сабаби шундаки, бир халқни бўлиб ташлаганингиздан сўнг, уни бўйсундиришингиз ва назорат қилишингиз осонроқ бўлади. Бўлинган халқ — бу ўзини ҳимоя қилишга қодир бўлган ягона куч эмас. Бизни бўлишга уринганлар тилшунослик ҳақида эмас, балки Молдовани қандай қилиб доимий миллий зиддиятда ушлаб туриш ҳақида қайғурган» деб ёзган Молдова президенти.
Бир кун ичида постга 12 минг лайк қўйилиб, 1,5 минг изоҳ ёзилган, уларнинг аксарияти «Табриклаймиз!» сўзи билан бошланган.
Нега айнан ҳозир?
Россиянинг Украинадаги уруши бошлангандан бери Украина ва Руминия ўртасида жойлашган кичик Молдова ўз хавфсизлигига ҳақиқий таҳдидни ҳис қилмоқда.

Россия ракеталари Украинадаги нишонларга учиш йўлида Молдова ҳаво ҳудудини бир неча бор кесиб ўтди. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари фаолияти сабаб ракета парчалари Молдова қишлоқлари ҳудудига ҳам тушди. Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасини ўққа тутиши эса Молдованинг энергия таъминотида узилишларга олиб келди.
Бундан ташқари, Молдова расмийлари Москванинг уларнинг мамлакатига нисбатан риторикасини очиқ таҳдид деб билади ва Кремлни Молдовада давлат тўнтариши уюштиришга уринишда айблайди. Мамлакатда иштирокчилари Санду ҳукуматини кескин танқид қилиб, Россияни қўллаб-қувватлаётган оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда.
Президент Майя Санду Ғарбдан ёрдам олиш учун барча имкониятларни ишга соляпти. 2022 йил июн ойида Молдова Украина билан биргаликда Европа Иттифоқига қўшилиш учун номзод давлат мақомини олди.
Айрим экспертлар фикрига кўра, ҳозирги вазиятда давлат тили номини ўзгартириш Кишинёвнинг Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси бўлган қўшни Руминия билан яқинлашиш йўлидаги навбатдаги қадами бўлиши мумкин.
Мамлакат аҳолиси бунга қандай муносабатда?
Ижтимоий тармоқлардаги бир неча минг лайкни ҳисобга олмаганда, ҳукуматнинг тил тўғрисидаги қарори Молдова жамиятида деярли ҳеч қандай реакцияга сабаб бўлмади.
Мамлакат аҳолиси учун «румин тили» ибораси 1990-йиллардан бери яхши таниш. Ўша йилларда мактабларда она тили дарслари аввалгидек молдова тили эмас, балки румин тили дарслари деб атала бошланган. Умумтаълим муассасаларининг таълим дастурларида мамлакат тарихи «руминлар тарихи» деб номланган.
Руминия Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, 2009 ва 2021 йиллар оралиғида бир миллиондан ортиқ молдоваликлар Руминия фуқаролигини олган — бу Молдова умумий аҳолисининг тахминан 39,5 фоизини ташкил қилади.
Олдинроқ олинган Руминия паспортларини ҳам ҳисобга олганда, бугунги кунда молдоваликларнинг камида ярми Руминия фуқаролари.
Жамиятнинг катта қисми узоқ вақтдан бери Руминия билан чамбарчас боғланган, шунинг учун Молдовада давлат тили мақоми ўзгариши мутлақо табиий жараёндир.
Ким қарши?
Асосан социалистлар ва коммунистлардан ташкил топган мухолифат. Улар бу каби масалалар ҳукумат коридорларида эмас, балки фақатгина халқ референдумида ҳал қилиниши мумкинлигини таъкидламоқда.

«Мен парламент комиссияларидан сўрадим: ‘Штефан чел Маре (ХV-ХVI асрлардаги Молдавия князлиги ҳукмдори) қайси тилда гапирган?ʼ. Молдова тилида. Михай Эминеску (ХIХ асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган шоир) қайси тилда шеър ёзган? Молдова тилида ва у бу ердан, Молдовадан бўлган. Дмитрий Кантемир ҳам (ХVII асрдаги Молдавия князлиги ҳукмдори) молдаван тилида ёзган», деган Молдова Республикаси Коммунистлар партияси раҳбари, мамлакатнинг собиқ президенти Владимир Воронин.
Март ойи бошида, қонун лойиҳаси парламент томонидан қабул қилинганидан кўп ўтмай, Кишинёвдаги Конституциявий суд биноси ёнида тил номини ўзгартиришга қарши акция бўлиб ўтди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, унда юзга яқин одам қатнашган.
Уларнинг айтишича, ҳукумат ҳар бир молдаваликда қолган энг муқаддас нарсага — аждодлар тилига тажовуз қилмоқда.
Руминиянинг реакцияси
Расмий Бухарест Молдова ҳукуматининг қарорига ижобий муносабат билдирди ва Кишинёвни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
«Мен Кишинёв парламенти томонидан румин тилига Молдова Республикасининг расмий тил мақоми берилиши тўғрисидаги қонун қабул қилинганини олқишлайман. Тарихий ва илмий ҳақиқатнинг тан олиниши Прутнинг икки қирғоқдаги маданият ва тил муштараклигини тасдиқлайди», деди Руминия бош вазири Николай Чукэ.
«Мен Руминия Молдова Республикасига Европа йўналишида иқтисодиётни ривожлантириш ва унинг барча фуқаролари фаровонлигини таъминлашда сўзсиз ёрдам кўрсатаётганини тасдиқлайман. Шу маънода, мен Руминия ҳукумати қўшни давлатнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва барқарорлигини қўллаб-қувватлашини ҳам таъсдиқлайман.», деб ёзади Руминия бош вазири Facebook’даги расмий саҳифасида.
Москвадагилар нима демоқда?
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ўз телеграм-каналида молдова тили Молдова давлати аҳолисининг ўзини ўзи идентификация қилиш рамзи эканини ёзди (постда Захарова мамлакатнинг советча номи — Молдовияни ишлатган).
«Молдова тилини рад этиш орқали, Кишинёвдаги ҳозирги тузум бир савол туғилишига сабабчи бўлади: энди Бессарабия (1940 йилгача Руминия томонидан оккупация қилинган) ва Днестрбўйидаги ерлар (1940 йилгача Украинанинг бир қисми бўлган) кимга тегишли? Агар улар тилнинг номини қайта ёзмоқчи бўлса, унда тарихий мантиққа амал қилиб, румин тилини молдова тили деб атайлик, аксинча эмас», деб ёзади Кремл вакили.
Унинг сўзларига кўра, молдова тили, парадоксал тарзда, расмий равишда фақатгина Днестрбўйида сақланиб қолади.
«Ўзимиз сўзлашадиган тилни нима деб аташни ҳал қилиш бизнинг суверен ҳуқуқимиздир ва бизга тарих сабоқлари керак эмас. Биз Россия томонини такроран мамлакатимизнинг ички ишларига аралашмасликка чақирамиз», дейилади Молдова Ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазирлиги жавоб баёнотида.
Румин ва молдова тили — улар бир тилми ёки икки?
Кўпгина замонавий тилшуносларнинг фикрига кўра, «румин» ва «молдова» бир тилнинг турлича номланишидир (лингвонимлар).
Молдован тили анча қадимий бўлиб, у румин тили пайдо бўлишида асос бўлган. Унинг адабий версияси ХVI-ХVII асрларда шакллана бошлаган ва ХIХ асрнинг иккинчи ярмида тўлиқ шаклланган.
Руминия давлатини яратиш жараёни 1859 йилда, Усмонийлар империясининг вассал ерларида икки князлик — Молдавия ва Валахиянинг бирлашиши натижасида бошланган.
Бухарест тинчлик шартномаси шартларига кўра, Усмонийлар империяси Молдавия князлигининг бир қисми — Бессарабияни Россия империясига беришга мажбур бўлган.
1917 йилги инқилобдан сўнг Бессарабия вилоятида бир муддатга мустақил Молдавия республикаси ташкил топган ва 1918 йилда Руминия таркибига кирган.
1940 йил 28 июнда Молотов-Риббентроп (СССР ва Ҳитлер Германияси) пакти имзоланиши натижасида Руминия Бессарабия ва Шимолий Буковинани СССРга беришга мажбур бўлган, шундан сўнг Молдова Молдавия совет социалистик республикасига айланган.