Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Охирги марта асосий ставка 2022 йилнинг 17 март куни 14 фоиздан 17 фоизга кўтарилган эди. Ундан кейин 2022 йил давомида икки марта: июнь ойида 16 фоизга, июль ойи охирида эса 15 фоизга туширилди.
Асосий ставка нима?
Марказий банк асосий ставкаси – инфляцион таргетлаш режими доирасида пул-кредит сиёсатини юритишнинг асосий инструменти бўлиб, Марказий банкнинг тижорат банклари билан амалга оширадиган пул-кредит операциялари бўйича мўлжал фоиз ставкаси ҳисобланади. Ушбу ставкани ўзгартириш орқали Марказий банк иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган пул-кредит шароитларини белгилаб боради.
Асосий ставканинг вазифаси қуйидагилардан иборат:
- мамлакатдаги инфляцияни секинлаштириш ёки қисман тўхтатиб туриш;
- банкларнинг тадбиркорлар ва фуқароларга бериладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг энг кам даражасини белгилаш;
- Марказий банкнинг банкларга уларнинг қисқа муддатли ликвидлигини қўллаб-қувватлаш учун бериладиган қайта молиялаштириш кредити қийматини аниқлаш;
Содда қилиб тушунтириладиган бўлса, Марказий банк белгиланган асосий ставкадан келиб чиқиб, тижорат банкларига кредит беради. Ўз навбатида тижорат банклари олинган пулга ўз фоизини қўшиб жисмоний ва юридик шахсларга кредит ёки қарз кўринишида қайта тарқатади. Асосий ставканинг ўзгариши ўз навбатида тижорат банклари томонидан фуқароларга тақдим қилинадиган кредитлар фоизларига ҳам таъсир ўтказади.
Асосий ставка даражаси Марказий банк бошқаруви мажлисларида пул-кредит сиёсати шароитлари, жорий ва кутилаётган инфляция даражаси ҳамда макроиқтисодий ҳолатни инобатга олган ҳолда белгиланади. Одатда, агар инфляция даражаси кўтарилса, Марказий банк ҳам асосий ставкани кўтаради. Агар инфляция даражаси пасайса, бунда Марказий банк асосий ставкани пасайтиради.
“Асосий ставканинг пасайиши аҳоли истеъмолини рағбатлантиради”
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази асосий ставканинг 1 фоиз бандга туширилиши макроиқтисодий кўрсаткичларга қандай таъсир кўрсатишини таҳлил қилди.
Қайд этилишича, ставканинг пасайиши иқтисодиётнинг ўсишини рағбатлантиради. Хусусан, асосий ставканинг 1 фоиз бандга тушиши натижасида базавий сценарийга нисбатан мамлакат ЯИМ 0,55 фоизга кўпаяди.
“Номинал фоиз ставкасининг тушиши реал фоиз ставкаларни пасайтиради ва аҳоли истеъмолини рағбатлантиради. Марказ тадқиқотининг натижалари шуни кўрсатадики, ставка тушиши аҳолига берилаётган кредитлар миқдорини 2,6 фоизга кўпайтиради. Натижада, базавий сценарийга нисбатан аҳоли ялпи истеъмоли 0,2 фоизга ортади.
Халқаро валюта жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, асосий ставканинг 1 фоиз бандга ўзгариши кредит ставкаларини ўртача 0,6 фоиз бандга, депозит ставкаларни 0,35 фоиз бандга ўзгартиради.
Шундай қилиб, асосий ставканинг пасайиши тижорат банклари кредит ставкаларини пасайтириб, хусусий инвестицияларни рағбатлантиради. Ҳисоб-китобларга кўра, кредит ставкаларининг пасайиши ялпи инвестициялар ҳажмини 0,68 фоизга кўпайтиради”, дейилади ИТИМ таҳлилида.
Мутахассисларнинг фикрича, асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайиши иқтисодиёт тармоқлари томонидан берилган кредитлар ҳажмини қуйидагича кўпайтиради:
- қишлоқ хўжалигида – 3,6 фоизга;
- қурилишда – 2,8 фоизга;
- саноатда – 2,7 фоизга;
- савдода – 1,3 фоизга;
- транспорт ва коммуникацияда 1,1 фоизга.
Мустақилликдан кейинги даврда Марказий банк асосий фоиз ставкаси қандай ўзгарган?
Ўзбекистон тарихида қайта молиялаш ставкасининг энг юқори кўрсаткичи 1995 йилнинг февраль-март ойлари оралиғида кузатилган бўлиб, ўша пайтда асосий ставка 300 фоизга етганди. Энг паст кўрсаткич эса 2015 йилнинг январь ойидан 2017 йилнинг июнь ойлари оралиғида қайд этилган – 9 фоиз.
Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгартирилган тақдирда унинг жорий кредитларга таъсири шартномада белгиланган шартлар асосида бўлади. Хусусан, тижорат банклари ва мижозлар ўртасида ўзгармас фоиз ставкаларида тузилган шартномаларга Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгаришлари таъсир этмайди.