Марғилон шаҳридаги Чорчинор маҳалласи Бозортаги кўчасидаги хонадонлардан бирида ширмонпаз новвой Анваржон Қосимов қарийб 55 йилдирки ширмой нон ёпади. Марғилон “бренди” ёпилиши тонг саҳардан бошланади...
“Табиатан оддийликни хуш кўраман. Шунинг учун бўлса керак новвойхонамга ортиқча безак берилмаган. Марғилон шаҳри марказидаги ширмойпазлик маҳалласида шогирд бўлиб юриб, ўша ерда новвойчиликни ўргангандим. Ширмой нон махсус хамиртуришдан тайёрланади. Таркибига бирор бир химикат қўшилмайди.
Тўртбурчак ширмой нон фақат Марғилон шаҳрида тайёрланиб, маҳсулот қандли диабет касалига даво ҳисобланади. Ширмой нон таркибидаги хамиртуриш 24 соатда тайёр ҳолга келади. Бу нон мўъжизанинг ўзгинаси. Фақат уни тайёрлаш учун меҳнат талаб этилади, холос.
Нонни қандли диабетга чалинганлар олиб кетишяпти. Қизиқ жиҳати, буюртма берганлар учун нон тандирга ёпилгандан сўнг у пишса ҳам атай узмаймиз. Тандир бағридаги нонлар бир суткадан кейин ўзи тўкила бошлайди. Ана шу нон истеъмол қилинса худди шакар солингандек ажиб таъмга киради. Хамир таркибига шакар солмасак ҳам, у табиий ширин таъм беради. Уни Тошкент ва Қўқон шаҳрига олиб кетишяпти...
Тайёрланиши
Хамир таркибига арпабодиён, нўхатнинг қуритилгани ва ун солинади. Нўхат майдаланади. Мис идишда арпабодиён 40 дақиқа қайнатилади. Ана ундан кейин майдаланган нўхат мис идишга солинади. 24 соатда худди музқаймоқдек бўлиб хамиртуриш тайёр бўлади. Хамиртуруш ясаб олиш жараёни ўта мураккаб. Ширмой нон хамири покизаликни хуш кўради.
Ширмой нон ёпишни 1969 йилда ўргандим. Давлат ишида ишлаб пенсияга чиқдим. Шундай бўлса-да, доим ҳаракатдаман. Ёшлигимда бир кунда 50 кг ундан ширмой нон ёпардим. Энди эса бу рақам 25 кг.га тушди.
25 кг ундан тайёрланган махсус хамирдан 104-108 та ширмой нон чиқади. Турмуш ўртоғим уни бозорда сотиб келади. Нархи 4 000 сўмни ташкил қилади. Муборак Рамазон ойида ифторлик пайтига ширмой нонларни тайёрлаймиз. Марғилон шаҳри бўйича 5 киши ширмой нон ёпиш билан шуғулланади.
Ширмой нон ёпиш учун уйқудан воз кечишга тўғри келади. Уйқу деярли бўлмайди. Ёпилишидан бир кун аввал соат 23:00 ларда ҳаракат бошланса, эртаси куни соат 06:00, 07:00 ларга бозорга олиб чиқамиз. Бу касб ортидан қора қозонимиз қайнаб турибди. Икки ўғил уйладим, қизимни чиқардим, невара тўйларини қилдим. Ширмой нон тайёрлашда оилавий меҳнат қиламиз”, – дейди ширмонпаз новвой Анваржон Қосимов.
Сарвар Зияев
Абдусалим Абдувоҳидов.