“Орзулар мамлакати”. Америкада ким қанча маош олади?

Жаҳон 11:22 / 18.03.2023 19576

Ҳаётда ҳамма яхши яшашга интилади. Аммо дунёнинг турли мамлакатларида айни кўринишдаги меҳнат ҳар хил баҳоланади. Хусусан, АҚШ миллионлаб иммигрантлар учун катта имкониятлар мамлакати сифатида кўрилади. 2022 йилда бошқа мамлакат фуқароларига Қўшма Штатларда қонуний яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи грин-карта лотереясига 20 миллиондан кўпроқ одам ариза топширгани ҳам бежиз эмас. Хўш, нима учун кўпчилик айнан Америкага кетишни ва у ерда ишлашни хоҳлайди?

АҚШда энг кам иш ҳақи

2023 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Қўшма Штатларда ҳукумат томонидан белгиланган энг кам иш ҳақи соатига 7,25 долларни ташкил этади. Бу ойига 1160 доллар, йилига эса 13 минг 920 долларга тенг. Аммо АҚШда минимал иш ҳақи миқдори барча штатларда ҳам бир хил эмас. Ҳар бир штат ўз бюджетига эгалиги боис иқтисодий жиҳатдан ривожланган ҳудудларда энг кам иш ҳақи миқдори ҳам бошқаларига қараганда юқорироқ. Хусусан, бу кўрсаткич:

  • Колумбия округида – 16,5 доллар;
  • Вашингтонда – 15,74 доллар;
  • Калифорнияда – 15,5 доллар;
  • Массачусетсда – 15 доллар;
  • Нью-Йоркда – 14,2 доллар;
  • Нью-Жерсида – 14,13 доллар.

Қизиқ жиҳати, 7,25 долларлик ставка 2009 йилда ўрнатилган. Ўсиб бораётган инфляцияга қарамай, ўша вақтдан бери энг кам иш ҳақи миқдори ўзгармаган.

Бир неча йил аввал Демократлар партияси минимал ставкани 15 долларгача ошириш таклифи билан чиққан эди. Аммо пандемия сабабли бундай йирик лойиҳани молиялаштириш учун маблағ ажратишнинг имкони бўлмади.

Америкада қуйидаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимлар бошқаларга нисбатан камроқ маош олишади:

  • ярим ставка ишловчи студентлар;
  • энагалар;
  • газета етказиб бериш курьерлар;
  • боғбонлар;
  • кичик фермер хўжаликларида ишловчи қишлоқ хўжалиги ходимлари;
  • парклар ва бошқа жамоат жойларида ишлайдиган мавсумий ишчилар.

Қўшма Штатларда ўртача иш ҳақи

Постсовет мамлакатларида кўпчилик бир ой давомида топадиган даромадини ҳисоблашга одатланган. Аммо АҚШда бу тартиб сал бошқачароқ. Бу ерда ишчилар аксарият ҳолатларда бутун йил давомида топадиган даромадини кўрсатишади. Шу билан бирга, кўплаб америкаликлар ҳар ҳафта маош олади. Шунга қарамай, ўзаро суҳбатларда улар йиллик даромадларини ёки белгиланган соатлик ставкасини айтишни маъқул кўришади.

АҚШ Федерал меҳнат статистика бюросининг маълумотларига кўра, 2023 йилнинг февраль ойи якунларига кўра, мамлакатдаги ўртача иш ҳақи соатига 28,42 долларни ташкил этган.

Йиллик ўртача иш ҳақи энг юқори бўлган штатлар (2023 йилнинг январь ойи бўйича):

  • Массачусетс – 87 минг 936 доллар;
  • Нью-Йорк – 87 минг 792 доллар;
  • Калифорния – 86 минг 592 доллар;
  • Вашингтон – 80 минг 328 доллар;
  • Коннектикут – 77 минг 350 доллар.

Қўшма Штатларда даромад солиғи қатъий белгиланган ставкага эга эмас. Тўловлар одамларнинг даромад миқдори ва оилавий аҳволига бевосита боғлиқ. Минимал солиқ ставкаси 10 фоиз бўлиб, йиллик даромади 11 минг долларгача бўлганлар учун қўлланади. Максимал ставка – 37 фоиз. Йилига 578 минг доллардан ортиқ пул топадиганлар шунча миқдорда даромад солиғи тўлаши керак. Ўртача иш ҳақи оладиган одамлар эса ўз даромадининг 22 фоизи миқдорида солиқ тўлайди.

Энг истиқболли ва талаб юқори бўлган касблар

US News & World Report АҚШ Федерал меҳнат статистикаси бюроси маълумотларини чуқур ўрганган ҳолда Америкадаги энг истиқболли касблар рўйхатини эълон қилди. Рейтингга кўра, 2023 йилда Қўшма Штатлардаги энг талабгир 10та касб қаторига қуйидагилар киради:

  1. Дастурий таъминот муҳандиси – 120 минг 730 доллар (ўртача йиллик иш ҳақи)
  2. Амалиётчи ҳамшира – 120 минг 680 доллар;
  3. Тиббий хизматларни сотиш менежери – 101 минг 340 доллар;
  4. Шифокор ёрдамчиси – 121 минг 530 доллар;
  5. Ахборот хавфсизлиги таҳлилчиси – 102 минг 600 доллар;
  6. Физиотерапевт – 95 минг 620 доллар;
  7. Молиявий менежер – 131 минг 710 доллар;
  8. IТ менежери – 159 минг 10 доллар;
  9. Веб-дастурчи – 77 минг 30 доллар;
  10. Стоматолог – 160 минг 370 доллар.

Ўз навбатида, US News & World Report Қўшма Штатларда энг кўп маош оладиган касб эгалари рўйхатини ҳам тузиб чиққан:

  1. Анестезиолог – 208 минг доллар (ўртача иш ҳақи);
  2. Оғиз ва юз-жағ жарроҳи – 208 минг доллар;
  3.  Акушер ва гинеколог – 208 минг доллар;
  4. Жарроҳ – 208 минг доллар;
  5. Ортопед – 208 минг доллар;
  6. Шифокор – 208 минг доллар;
  7. Психиатр – 208 минг доллар;
  8. Анестезиолог ҳамшира – 195 минг 610 доллар;
  9. Педиатр – 170 минг 480 доллар;
  10. Стоматолог – 160 минг 370 доллар;

Юқоридаги келтирилганидек, АҚШда шифокорнинг маоши бошқа соҳа вакиллари билан таққослаганда, анча юқори ҳисобланади.

Шунингдек, Америкада ўқитувчи маоши мамлакатдаги ўртача иш ҳақига тенг – йилига тахминан 52-65 минг доллар атрофида. Боғча тарбиячилари эса ўқитувчиларга нисбатан сезиларли даражада кам ойлик олишади – йилига ўртача 34-44 минг доллар. IТ мутахассислари ўртача 72-97 минг доллар даромад топишса, муҳандисларнинг ойлиги 77-89 минг доллар атрофида.

Қўшма Штатларда юк машинаси ҳайдовчиси маоши ҳам юқори ҳисобланади ва йилига 90 минг долларгача етиши мумкин. Бундан ташқари, полициячилар маоши ҳам анча баланд. Энг кам иш ҳақи йилига 80 минг доллардан бошланади ва унвон ошиши билан ойлик ҳам деярли икки баравар кўпайиши мумкин.

Тадқиқот марказларининг таҳлилларига кўра, Америкада фаровон яшаш учун мамлакатдаги ўртача даромаднинг 50 фоизини зарур яшаш харажатлари учун (уй-жой, озиқ-овқат), 30 фоизини эса қўшимча харажатларга (кийим-кечак, жиҳозлар, ўйин-кулги) сарфлаш талаб этилади. Қолган 20 фоизини эса жамғариб қўйиш ёки инвестиция қилиш мумкин.

АҚШдаги энг нуфузли амалдорлар қанча маош олади?

АҚШ президенти Жо Байден йилига 400 минг доллар ишлаб топади, бу амалдаги президентлар учун одатий кўрсаткич. Умумий маошга 50 минг долларлик "харажат нафақаси" ва 100 минг долларлик саёҳат харажатлари кирмайди. Президентларнинг маоши АҚШ тарихида бор-йўғи беш марта оширилган. Энг сўнггиси Билл Клинтон даврида содир бўлган ва Жорж Буш давридан амалиётга татбиқ қилинган. Ўша вақтдан бери Америка президентлари стандарт – йиллик 400 минг доллардан маош олишади ва уларнинг ойликлари инфляцияга индексация қилинмайди.

Таққослаш учун, Apple компанияси бош директори Тим Кукнинг 2023 йилдаги маоши Жо Байденникидан 122 баробарга кўпроқ – 49 млн доллар. Эътиборли жиҳати Тим Кукка 2022 йилда 99 млн доллар ойлик тўланган ва бу миқдор жорий йилда қарийб 40 фоизга қисқартирилган. Умуман олганда эса Аpple компанияси юқори бўғин раҳбарларининг ҳар бири йилига ўртача 27 млн доллардан маош олади.

Шунингдек, АҚШ вице-президенти – 230 минг доллар, Вакиллар палатаси спикери – 223 минг доллар, конгрессменлар – 174 минг доллар, АҚШ Олий суди бош судьяси 255 минг доллар йиллик даромад топади.

Оқ уй ходимларига йилига 0 доллардан 180 минг долларгача маош берилади, аксарият ходимларнинг йиллик даромади 100 минг доллардан ошади.

24 нафар ходим йиллик максимал иш ҳақи олади. Рўйхатга Оқ уй маъмурияти раҳбари Рон Клейн, Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер, ички сиёсат бўйича маслаҳатчи Сюзан Райс ва бошқа кўплаб ҳуқуқий ҳамда сиёсий маслаҳатчилар киритилган.

Шунингдек, Оқ уйда умуман маош олмайдиган 16 нафар ходим ишлайди. Улар орасида Байденнинг иммиграция бўйича катта маслаҳатчиси Рамзи Кассем ва унинг иқтисодий сиёсат бўйича махсус маслаҳатчиси Жастин Левит ҳам бор.

Маошсиз ишлайдиганларни инобатга олмаганда, Оқ уйдаги энг кам иш ҳақи 48 минг долларни ташкил этиб, 12 нафар ходимга шунча миқдорда пул тўланади.

Маълумот учун, 1995 йилдан бошлаб Оқ уй ҳар йили Конгрессга тақдим этадиган ҳисоботида ўз ходимлари маошларини ошкор қилиши шарт қилиб қўйилган.

АҚШда иммигрантлар

Иммигрантларнинг иш ҳақи бир қатор омиллар туфайли бир-биридан тубдан фарқ қилади. Бунда энг асосий жиҳат – таълим даражасига боғлиқ. Олий маълумотли кишилар ҳам аксарият ҳолатларда қўшимча курсларни тугатиши талаб этилади. Айниқса, тиббиёт ходимлари учун бу қатъий талаб ҳисобланади.

АҚШ Федерал статистика бюросининг маълумотларига кўра, мигрантларнинг ўртача ойлик даромади – 5300 долларни, йиллик даромади эса 64 минг долларни ташкил қилади. Бу Америкага қонуний равишда келган, ишлаш рухсатномасига эга бўлганлар учун тааллуқли.

Қўшма Штатларга туристик виза билан келган шахс мамлакатда расман ишлаш ҳуқуқига эга эмас. Бироқ кўплаб муҳожирлар йиллар давомида ноқонуний ишлаб келади. Баъзи иш берувчилар маблағ тежаш мақсадида уларни ишга олишади ва расмий ишлаш ҳуқуқига эга бўлган чет элликлар ёки америкаликларга қараганда анча кам маош тўлашади.

Баъзи маълумотларга кўра, Америкада ноқонуний равишда ишлаётган 13 миллионга яқин меҳнат муҳожири бор. Улар кўпинча хавфли шароитларда меҳнат қилади ва расмий равишда белгиланган миқдордан анча кам маош олишади.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Кўпроқ янгиликлар