АҚШ Қора денгиз узра дронлар парвозини қайта тиклади

Жаҳон 18:55 / 18.03.2023 7580

АҚШ учувчисиз самолётларининг Қора денгиз устида парвозларини қайта тиклади. Бу ҳақда Reuters хабар берди. Аввалроқ, Қўшма Штатларнинг MQ-9 Reaper дрони билан Россиянинг Су-27 самолёти Қора денгиз устида тўқнашгач, парвозлар тўхтатилган эди.

17 март куни минтақага RQ-4 Global Hawk дрони юборилган, у Руминия ҳаво ҳудудидан 16 км баландликка кўтарилган ва Қримнинг жануби-шарқидаги халқаро ҳаво ҳудудида парвоз қилган. Агентлик суҳбатдошларидан бири бу Россия қирувчи самолёти билан содир бўлган воқеадан кейин дроннинг биринчи парвози эканини таъкидлаган.

Бироқ, CNN хабарига кўра, АҚШ аввалроқ MQ-9 ҳалокатга учраган жойга ўз дронини юборган эди. У ерда Россия ҳарбийлари дрон бўлакларини излаган.

Россия қирувчи самолёти ва АҚШ дрони билан можаро 14 март куни содир бўлди. Су-27 самолёти MQ-9 Reaper дрони парракига урилди. Оқибатда, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари ўз дронини Қора денгизнинг нейтрал сувларига чўктиришга мажбур бўлди. Россия Мудофаа вазирлиги MQ-9 бошқарувни йўқотиб, денгизга қулагани ва чўкиб кетганини даъво қилди. Пентагон маълумотларига кўра, Россия қирувчи самолётлари дрон парракига урилишдан олдин унга атайлаб ёқилғи сепган.

Кўпроқ янгиликлар