Кремл газ шантажи орқали Молдова сиёсатига аралашади: Путин маъмуриятининг махфий стратегияси

Жаҳон 22:20 / 17.03.2023 23791

Украинага бостириб кирилгач, Россия махсус хизматлари Молдовани тўлиқ эгаллаб олиб, Днестрбўйида иккинчи фронтни очиш ҳақида жиддий ўйлаб қолишди. Тўғри, ҳозирча бу режадан воз кечиб туришга қарор қилинган.

Халқаро журналистлар гуруҳи қўлига Молдовани сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан бўйсундириш стратегияси тушиб қолди — уни Беларусни «ютиб юбориш» режасини тайёрлаган бошқарма тузиб чиққан. Молдова стратегияси қалтисроқ чиқиб қолган: Кремл бу давлат Руминия билан яқинлашишига халақит қилиб, унга имкон қадар рус тилини тиқиштиришга ҳаракат қилган.

«Досье» маркази журналистлари бу ҳужжатни ўрганиб чиқиб, суриштирувчи журналистлар Молдова бош вазири ва бошқа сиёсатчилар билан унинг мазмуни ҳақида суҳбатлашишган.

Рус айиғи

2023 йил 23 февралида — Украинада уруш бошлаганига бир йил тўлган куни Россия мудофаа вазирлиги икки марта Киев Днестрбўйига —Молдованинг Россия ҳарбий базаси жойлашган кремлпараст айирмачи ҳудудига бостириб кирмоқчи экани ҳақида хабар тарқатди. Бу Молдова аҳолисини саросимага солди, чунки бир йилдирки уларга қўшни ҳудудда уруш бормоқда, мамлакат ҳудудига тасодифий ракеталар мунтазам тушиб турибди. Молдова мудофаа вазирлиги бу ахборотни «психологик хуруж» деб атади.

«Тарқатилаётган ёлғон ахборот Днестр дарёсининг ҳар икки соҳилида яшовчи аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима уйғотишга қаратилган», — дея баёнот берди идора.

Украинада уруш бошлангач, кўпчиликда Россия қўшинлари Молдовага ҳам бостириб кирадими, деган савол пайдо бўлди. Ахир Молдованинг янги ҳукумати ғарбпараст сиёсат векторини танлади ва бу Кремлни ғазаблантираётган эди.

«Ғарб Молдовани «янги Украина» ролига синаб кўрмоқчи, мамлакат президенти Майя Санду НАТОга шошилмоқда ва Молдованинг Руминия билан қўшилишига тайёр», — деган таҳдидона оҳангда РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров 2023 йилнинг февралида.

Молдованлар қўшни юртдаги уруш, иқтисодий беқарорлик ва Днестрбўйи можаросидан ташвишда. Бу ташвишли ҳолатдан Кремл ўз манфаати йўлида фойдаланмоқда: март ойи бошида РФ ФХХ томонидан бошқариладиган россияпараст «Шор» партияси Молдованинг амалдаги ҳукуматига қарши митинглар ташкиллаштирди. Норозилик намойишларига йўналтирувчи куч — Молдова президенти Майя Санду Кремлни мамлакатда ҳарбий ҳаракатлар олиб бориши учун провокация қилиб қўйиши мумкинлигидан қўрқув бўлди.

Молдова фуқароларининг кайфияти ҳақида бош вазир Дорин Речан сўзлаб берди:

«Молдовада инфляция миқдори 34 фоизга тенг. Яъни даромадларингизнинг учдан бир қисми қийматга эга эмас. Бунга қўшимча равишда энергия ташувчилар нархи 7 баробарга ошди. Одамлар Россиянинг Украинада олиб бораётган уруши туфайли ўзларини хавфсиз ҳис қила олмаяпти, чунки Россия информацион вазиятни ҳам қиздирмоқда. Одамлар қўрқувга тушиб қолган.

Одамлар қўрқа бошласа, улар: яхши, рус айиғи биз учун катталик қилади, балким у билан келишармиз ва шунда у бизга тегинмас, дея ўйлай бошлайди. Ҳозир кўчага чиқиб одамлардан сўрасангиз, уларнинг 30–40 фоизи «бу мағрур аёл [Молдова президенти Майя Санду] бориб Путин билан гаплашса, бизда арзон газ ҳам, тинчлик ҳам бўлади, дейишади. Кремл бу ерда мана шундай нарративни илгари сурмоқда. Одамлар қўрқувни ҳис қила бошласа бу нарратив янада яхшироқ синга бошлайди».

Молдова бош вазири Дорин Речан. Манба: Anna-Karin Nilsson/Expressen

Халқаро журналистлар консорциуми ихтиёрига келиб тушган ҳужжат Кремлнинг Молдовадаги реал махфий режаларини ёруғликка олиб чиқади. У «Россия Федерациясининг Молдова Республикасидаги стратегик мақсадлари» деб аталади. У РФ президенти администрациясининг чегаравий ҳамкорлик бўйича президент бошқармасида ишлаб чиқилиб, Россия махсус хизматлари билан маъқуллаб олинган.

Стратегия тузилмаси Беларусни ямлаб юбориш стратегиясига жуда ўхшаш: вазифалар «ҳарбий-сиёсий», «савдо-иқтисодий» ва «ҳуманитар» бўлимларга бўлинган. Жорий ўн йилликда ҳужжат яратувчилари қуйидагиларни реал мақсадлар деб аташган:

  • НАТО ва Европа Иттифоқининг Молдовага таъсирига қарши туриш;
  • Молдовани КХШТ, ЕОИИ ва Россия иштирокидаги бошқа халқаро лойиҳаларда иштирок этишга мажбурлаш;
  • Днестр дарёси бўйидаги зиддиятни Днестрбўйига алоҳида статус тақдим этиш асосида ҳал қилиш (албатта, Россия иштирокида);
  • Пропаганда ва таълим дастурлари асосида жамиятда россияпарастлик кайфиятларини ўстириш.

Днестрбўйи зиддияти нимада? У ҳақда қисқача маълумот:

Днестрбўйи — Молдова ҳудудидаги кичкина ва ҳеч ким мустақиллигини тан олмаган республика. Иккинчи жаҳон урушигача Днестрбўйи ҳудуди Молдавия автоном совет социалистик республикаси деб аталар ва Украина ССР таркибида эди. Замонавий Молдова ҳудуди эса Руминия таркибидаги Бессарабиянинг бир қисми эди. Молотов–Риббентроп пакти имзолангач, совет иттифоқи Молдовани Днестрбўйига қўшиб олди ва ҳудудни Молдавия ССР деб атай бошлади.

1980-йиллар охирида СССР парчаланишидан аввал Молдова парламенти қабул қилган қонунга кўра, молдован тили ягона давлат тили деб белгиланди. Қонун бошқа тилларни камситмас, рус тилига алоҳида статус тақдим этганди. Бироқ русийзабонлар кўпчиликни ташкил этувчи Днестрбўйида бу ташаббусни қўллашмади — норозилик тўлқинлари юзага келди. Норозиликлар натижаси Днестрбўйи республикасининг Молдовадан ҳам, СССРдан ҳам мустақил бўлиши ҳақидаги референдум билан тугади. 1992 йилда Молдова ва Днестрбўйи ўртасида қуролли тўқнашув юз берди — Молдова бу ҳудудни ўз измига қайтаришга ҳаракат қилган эди. Тез орада Россия Днестрбўйига тинчликпарвар кучлар киритди, можарони тинч йўл билан ҳал қилиш режаси имзоланди. Ўшанда можарони фақат музлатиб қўйишга муваффақ бўлинди, Днестрбўйи Молдовага бўйсунмади, яримлегал ҳолатда қолди.

Ўшандан буён Днестрбўйида россиялик ҳарбийлар мавжуд. Лекин улар давлатлар ўртасида ҳаракатланиши қийин. Бу ҳудуд Россия билан чегарадош эмас, Молдова ва Украина орасида қолиб кетган ингичка белбоғ. Днестрбўйида аҳолининг катта қисми русийзабон, Россия байроғи иккинчи байроқ, пенсионерлар Россиядан пенсия олишади. Кремл Днестрбўйидан Молдовада ҳаракат қилувчи таъсир агентлари учун база сифатида фойдаланади. Республика мустақиллигини Россиянинг ўзи ҳам шу вақтгача тан олмаган.

Юқорироқда санаб ўтилган чоралар Россиянинг Беларус учун мўлжалланган мақсадларидан кўра юмшоқроқ кўринар, лекин хавфлиликда улардан кам эмас, дейди АҚШ давлат котибининг демократия, инсон ва меҳнат ҳуқуқлари масалалари бўйича собиқ ёрдамчиси Дэвид Крамер:

«Мен Россиянинг Молдовага нисбатан ниятларидан кўп йиллардан буён ташвишланиб келаман. Украинага бостириб киришдан бир неча ой илгари ёзилган бу ҳужжат менинг ташвишларимни янада мустаҳкамлайди. Гарчи у Россиянинг Украина ва Беларусда олиб бораётган ишлари каби тўғридан тўғри бўлмаса-да, у Молдовани давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлик ҳамда ўз келажагини ўзи танлаш ҳуқуқидан маҳрум этади».

Кремлнинг Молдовадаги вазифалари

Ҳужжатга кўра, 2022 йилгача президент администрацияси Молдова ҳокимиятига Днестрбўйи зиддиятини тартибга солиш масаласидан Россияни чиқариб ташлашда халақит қилиш ва ҳеч ким тан олмаган ҳудудда русларнинг ҳарбий иштирокини сақлаб қолишни режалаштирган. Президент администрацияси вазифасига россияпараст сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаш ҳам кирган.

Бундан ташқари, стратегияга кўра Кремл манфаатларига зид сиёсатини нейтраллаштириш учун Россия Молдованинг рус импортига боғлиқлигини эксплуатация қилиши лозим бўлган.

Иқтисодий босим — Россиянинг Молдовага таъсир ўтказишда асосий ричаглардан бири. Шунинг учун президент администрацияси мамлакатга газ етказиб бериш ҳажмини сақлаб қолиши керак бўлган.

«Молдова Россия газига юқори даражада боғлиқлиги билан машҳур ва бир неча бор Россия Федерацияси томонидан давомли эмбарголарга дучор қилинган. Сиёсий мақсадлар ва Россия ўз газидан албатта сиёсий қурол сифатида фойдаланишига кўра, режанинг иқтисодий қисми Россия газини етказиб беришга қаратилган бўлиши керак эди. Бу Молдованинг Россияга биртомонлама боғлиқлигини сақлаб қолади ва баланд нархлардаги газ, айниқса қиш ойларида газни узиб қўйиш билан таҳдид қилиш аҳоли зиммасига янада оғирлик юклайди», — дея тушунтирган Yahoo News’га ҳужжат билан таниб чиққан Молдованинг БМТдаги собиқ вакили Влад Лупан.

Москва Кишинёвга газ етказишни тўхтатиш билан тез-тез таҳдид қилиб туради. Сўнгги марта улар умумий ҳажмнинг тенг ярмисини қирқиб ташлашни ваъда қилишган. Ҳужжат бу таҳдидлар аслида пуч эканини кўрсатмоқда.

Мен бу ҳужжатни Молдовадаги одамлар кўрса янада хурсанд бўлар эдим. Унга кўра, Кремл ўрта истиқболли муддатда Молдовага газ етказиб бериш ҳажмини сақлаб қолишни ният қилган. Бироқ улар Россиядан газ импортини тўлиқ тўхтатишлари ҳақида мудом таҳдид қилиб туришади. Ҳар ой бизда муаммо пайдо бўлади ва улар «сизларни газдан узамиз, газ беришни тўхтатамиз», дейишади», — дейди Молдова бош вазири аппарати раҳбари Сержиу Дякону.

Молдова бош вазири аппарати раҳбари Сержиу Дякону (ўнгда). Манба: Expressen

Кремлнинг яна бир муҳим вазифаси республика ҳудудида Россия пропагандаси чекланишига халақит бериш эди. Режа уддаланмади: 2022 йилда Молдова ҳукумати фуқароларни дезинформациядан ҳимоя қилиш учун Россиянинг олтита телеканали трансляциясини тўхтатди. Ўз таъсир кучини Кремл энди ўзининг бошқа бир анъанавий усули билан — Молдова ҳудудида нодавлат ташкилотлар яратиш билан кучайтирмоқчи. Влад Лупаннинг фикрича, уларда россиялик таъсир кучига эга агентлар жойлаштирилади.

«Ҳужжатнинг бу қисмини Москванинг россияпараст «фуқаролик» ташкилотлари тузиш истаги ҳам тасдиқлайди. Улар Молдовада муқобил пропаганда каналлари яратишади. Бундай марказлар уларнинг пропагандасига қўшимча ёки ахборот тўплаш пунктлари, шунингдек, ФХХ ва ташқи разведка хизмати учун база бўлиб хизмат қилиши мумкин», — дейди Лупан.

Шундай ННТлардан бири мамлакатнинг собиқ президенти Игорь Додон ва РФ собиқ бош прокурорининг ўғли Игор Чайка томонидан тузилган Молдова-Россия ишбирлиги иттифоқидир. Ташкилот 2021-2022 йилларда Игор Чайкадан 20 млн рубл олган. АҚШ молия вазирлигига кўра, иттифоқнинг мақсади Молдова парламенти депутатларига таъсир ўтказиш.

Кремл учун кейинги қадам россияпараст сиёсатчиларнинг электоратини кўпайтириш, Молдова элиталари ўртасида Россияга хайрихоҳ кайфиятни шакллантириш, шунингдек «руминлаштириш» сиёсатидан воз кечишга мажбур қилиш бўлади.

«Руминлаштириш» сиёсати нима?

Молдова СССР таркибига Молтов–Риббентроп пакти имзолангач қўшилган. Бунгача Молдова Руминиянинг бир қисми бўлган. Молдован ва румин тиллари бир хил, Молдова байроғи эса Руминия байроғи билан ўхшаш. СССР парчалангач, Молдовада «руминлашиш» ғояси, яъни Руминия билан қўшилиш (Европа Иттифоқига аъзо бўлиш) машҳурлаша бошлади. 1989 йилда Молдавия ССРнинг ташкил этилиши ноқонуний деб топилди, МССР Бессарабияни Руминиянинг оккупация қилинган ҳудуди деб тан олди.

«Бу ҳужжатда Кремл ҳуманитар ва ижтимоий соҳага катта босим ўтказиши жуда қизиқ ҳолат. Бу соҳаларда чиндан ҳам улар катта зиён етказа олиши мумкин», — деб ҳисоблайди Молдова бош вазири аппарати.

РФ президенти администрацияси иқтисодий соҳада Россия товарлари ва хизматларини Молдова Республикасига барқарор экспортини таъминлаш, шунингдек Днестрбўйи ва Гагауз корхоналарининг манфаатларини ҳимоя қилишдан умидвор. Гагаузия — Молдова ҳудудидаги туркий тилли аҳоли яшовчи автоном, Россияга хайрихоҳ ҳудуд ҳисобланади.

Албатта, стратегияда НАТОга ҳам жой ажратилган. Ҳужжатга кўра, Кремл Молдованинг алянс билан ҳамкорлигига путур етказишни, аҳоли кўз ўнгида НАТОнинг обрўсини тўкишни истайди. РФ президенти администрацияси 2025 йилга бориб бу мақсадларига эришишдан умидвор.

«Бу ерда бош мақсад сифатида мамлакатни ҳийла билан аннексия қилиш эмас, Молдовада Россияга хайрихоҳ таъсирни кучайтириш кўзда тутилган: энг аввало НАТО ва Европага хайрихоҳликнинг олдини олиш учун. Кремл Молдовани Россияга қарам буфер, Россия империясининг бир бўлаги сифатида кўради. Гуржистон билан бўлгани сингари, гап кўпроқ Ғарб томон «стоп» белгисини қўйиш, мамлакат ЕИ ва НАТО аъзоси бўлмаслиги учун барча воситаларни ишга солиш ҳақида бормоқда», —деб тушунтиради разведка бўйича мутахассислардан бири.

2030 йилгача Кремл Молдовада Россия нашрлари сонини кўпайтириш, рус тилини миллатлараро мулоқот тили сифатида сақлаб қолиш, РФ билан савдо ҳисоб-китобларида «учинчи давлат» валюталаридан фойдаланишни камайтиришни режалаштирган эди.

«Мен ҳуманитар соҳага кўпроқ эътибор қаратган бўлардим. Кремл Россия олий ўқув юртларида молдован талабалар сонини кўпайтирмоқчи, улар бу ерда тил билан боғлиқ иштирокни кучайтирмоқчи. Ўз оммавий ахборот воситалари потенциалларини оширмоқчи. Бу ҳол Москва бу ерда иқтисодий, ҳарбий ва бошқа жиҳатлар бўйича мағлубиятга учраганини тан олганини кўрсатади. Шунинг учун улар тўлиқ ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларда таъсирни оширишга уринишмоқда ва бу соҳаларда чиндан ҳам яхши натижаларга эришиш мумкин», — дея қўшимча қилган Молдова бош вазири аппарати раҳбари.

Ушбу ҳужжат 2021 йилда РФ президенти администрацияси Молдовага ҳарбий аралашувга тайёрланмаганини кўрсатиб турибди. РФ ПАнинг ҳарбий соҳадаги асосий мақсадлари Днестрбўйига тааллуқли бўлган — руслар Днестрбўйидаги зиддиятни қўл орқали бошқариб, ундан босим учун ричаг сифатида фойдаланишни исташган.

«Уларнинг стратегик мақсади — шундай қилиш керакки, Молдова ўзининг ташқи сиёсати устидан назоратга эга бўлмасин. Ҳаттоки 2004 йилда тузилган Козакнинг режасида ҳам шундай маъно бор эди: биз сизларга газ, электр беришимиз мумкин, фақат [Днестрбўйи билан] федерация тузайлик. Днестр дарёсининг сўл қирғоғида жойлашган федерациянинг бир қисми сизларнинг ташқи сиёсатларингга «вето» қўйиб туради. Ҳаммаси шу ердан бошланади», — дея тушунтиради Молдова бош вазири Дорин Речан.

Стратегияни ким ишлаб чиққан?

Молдовада РФ Президент аппарати, Федерал хавфсизлик хизмати, Ташқи равзедка хизмати ва бошқа махсус хизматларнинг кураторлари ишлашади. Улар Молдовадаги Россияга хайрихоҳ сиёсатчиларга маслаҳатлар беришади, сайлов чоғида уларга ёрдам бериш учун сиёсий технологлар десантларини жўнатишади.

Бу стратегия эса яна бир молдован кураторини аниқлаб берди — унинг муаллифи РФ президенти администрациясининг чегараолди ҳамкорлиги бўйича президент бошқармаси ходими Андрей Вавилов бўлган. Бу бошқарма ғарб йўналишидаги ишлар бўйича масъул, у Беларус бўйича стратегияни ҳам ишлаб чиққан. Манба маълумотларига кўра, у ФХХ академияси битирувчиси, махсус хизматда 10 йиллик стажга эга. Вавилов махсус хизматда 2007 йили ишини тугатган ва энди ташкил этилган «Рус дунёси» фондига ўтиб кетган.

Андрей Вавилов

Маълумот ўрнида:

«Рус дунёси» фондини Владимир Путин таъсис этган. Унинг формал мақсади — рус тили ва маданиятини хорижда тарқатиш ва тарғиб қилиш. Бироқ, Европа Иттифоқининг фикрича, фонддан постсовет давлатларда Россиянинг таъсир доираси ёйишда қурол сифатида фойдаланилади. Шу сабабли ташкилот Европа Иттифоқининг санкция рўйхатидан жой олган.

«Рус дунёси»да тўрт йил ишлагач, разведкачи президент администрациясига ўтиб кетган. Аввал Молдова сиёсатига аралашиш билан шуғулланувчи хориж давлатлари билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича президент бошқармасига. Сўнгра чегараолди ҳамкорлиги бўйича бошқармага. Бу вақт ичида Вавилов республикадаги ишларни бошқариб турган. Манбанинг маълум қилишича, Вавилов ҳамон лойиҳаларни молиялаштириш ҳақида қарорлар қабул қилинадиган «Рус дунёси» экспертлик кенгаши аъзоси бўлиб турибди.

Стратегиянинг яна бир яратувчиси — Виктор Лисенко, хориж давлатлари билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича президент бошқармаси бошлиғи ўринбосари. Лисенко РФ президенти администрацияси раҳбари ўринбосари Дмитрий Козакка тўғридан тўғри бўйсунади. Уларни узоқ йиллик биргаликдаги меҳнат боғлаб турибди: тўққиз йил давомида Лисенко ҳукуматда Козакнинг ўринбосари бўлган.

Манба келтирган маълумотларга кўра, Лисенко «Молдовага оид ишларни қўлда бошқаради». «Досье» маркази ва RISE топган мобил алоқа сўзлашувлари биллингига кўра, Лисенко мунтазам равишда махсус хизматлар томонидан Молдовага кураторлик қилаётган ФХХ генерали Дмитрий Милютин билан гаплашиб туради. 2021 йил ноябридан 2022 йил майигача улар очиқ алоқа линияси орқали камида 10 марта гаплашишган. Милютиннинг рақамларидан бирига фақат генералнинг рафиқаси Лисенкодан кўпроқ қўнғироқ қилган. Андрей Вавилов эса шу давр ичида ФХХ генерали билан камида уч марта гаплашган.

Виктор Лисенко Дмитрий Козак ва Дмитрий Патрушев билан Россия делегация таркибида ўша вақтда Молдова бош вазири бўлган Майя Санду билан учрашувда. Манба: Молдова ҳукумати ахборот хизмати.

* * *

Стратегиянинг ҳар бир пункти Молдова ва Россия муносабатларида айни пайтда кузатилаётган жараёнларга тўғри келади, дейди суриштирув бўйича «Досье» ҳамкорларининг суҳбатдоши.

«Вақт ўтиши билан Кремлнинг Молдовага нисбатан стратегик мақсадлари ўзгаришсиз қолмоқда. Қисқача қилиб айтганда, бу Молдованинг Россия таъсир доирасига киритиш; Молдовани Россия назорати остидаги «халқаро» ҳамкорлик тузилмалари (МДҲ, ЕОИИ, КХШТ ва бошқалар)га қўшиш; Молдовадаги ғарб таъсир кучларини қувиб чиқариш ва ғарбона вакиллик демократияси эффектини бекор қилиш.

Молдова билан боғлиқ ҳолатда Кремл тобора ўзини тажовузкор тутмоқда. Чунки Молдова айни пайтда Россия истаётганидан мутлақо тескари йўналишда, яъни Молдова ҳукумати аниқ ғарбга хайрихоҳ йўлни танлаган. Шундай қилиб, Кремлнинг стратегик мақсадларини амалга ошириш вақт ўтиши билан қийинлашиб бормоқда. Кремл ҳам буни тушуниб турибди, шу сабабли ўз мақсадларига етиш учун янада тажовузкорроқ тактика ва босимлардан фойдаланмоқда», — дея тушунтирган у.

Ҳужжат Украинадаги уруш туфайли Кремл ўз режаларидан ортда қолиб кетаётганини ҳам кўрсатиб турибди, дея ишонишмоқда Молдова ҳукуматидагилар. 

Кўпроқ янгиликлар