«Энг аввал ҳомиладор аёллар ўлди» — Мариупол драма театридаги портлашни гувоҳлар қандай эслайди?

Жаҳон 18:09 / 17.03.2023 20790
Мариуполдаги драма театри (портлатилгандан аввал ва кейин). Фото: Republic

Бир йил муқаддам, 2022 йилнинг 16 мартида Мариуполда драма театри портлатилди ва у Украинадаги урушнинг қайғули рамзларидан бирига айланди. Киев Россия қўшинлари бинога авиабомба ташлаганини таъкидласа, Москва ўзининг алоқадорлигини кескин рад этади ва бу «Азов» томонидан уюштирилган теракт бўлган деб ҳисоблайди.

Портлаш чоғида театр биносида тинч фуқаролар — асосан аёллар, қариялар ва болалар отишма ва портлашлардан беркиниб жон сақлашаётганди. Албатта, бу урушаётган томонларга ҳам маълум эди. Украина томони маълумотларига кўра, авиазарба натижасида 600 нафаргача мариуполлик ҳалок бўлган.

Бугунга келиб, театр биносидан асар ҳам қолмаган, унинг вайроналарини бузиб олишда давом этишмоқда, бироқ актёрлар Ужгород шаҳрига кўчиб бориб ўз ишларини қайта бошлашди: ҳозиргача тўртта премьера бўлиб ўтди. Спектакллардан бири вайрон бўлган театрда яшаганларнинг хотираларига асосланиб ёзилган пьеса бўйича қўйилди.

Фожиага бир йил тўлиши арафасида воқеа гувоҳларининг янги кечмишлари пайдо бўлди, унга кўра театр биносида энг биринчи бўлиб бомбардимон қилинган туғуруқхонадан кўчириб келинган ҳомиладор аёллар ҳалок бўлишган.

Болалар ва қарияларнинг бошпанаси

Мариуполдаги Донецк области драма театри Тинчлик шоҳкўчаси ва Куинжи кўчаси кесишмасида 1960 йилда барпо этилган. Сўнгра унинг олдидаги майдон театр майдони деб атала бошланди. 2007 йилда театрга академик мақоми берилади. Тинчлик чоғида театр олдидаги майдонда оммавий тадбирлар ўтказиларди. Кенг миқёсдаги ҳарбий ҳаракатлар бошлангач, Мариупол Россия армиясининг биринчи галдаги нишонига айланди ва шаҳар қамал қилинди. Артиллерия ва авиация биноларни бирин-кетин йўқ қила бошлади, кўплаб шаҳарликлар ўз уйларидан айрилди. Шунда театр уйсиз қолганлар учун бошпанага айланди, улар театрда яшаб, отишмалардан жон сақлай бошлашди. Бундан ташқари, бу ерда ҳуманитар штаб ҳам ташкил қилиниб, одамларга озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва кийим-кечак тарқатишга киришилди. Эвакуация қилинадиганлар ҳам шу ерда тўпланишарди.

16 март тонгида Мариупол қаттиқ портлашлардан титраб кетди. Ейск аэродромидан учган самолётлар шаҳарни бомбардимон қилаётганди. Киев расмийлари Россия қўшинлари драма театри биносига 500 килоли авиабомба ташлаганини маълум қилди. Бомба бино томини тешиб ўтиб, томоша залида портлаган. Портлаш натижасида бинонинг ички деворлари вайрон бўлган, ташқи юк конструкциялари ҳам йиқилган. Устунсиз қолган том томоша залига қулаб тушган.

Драма театри ичида ўша вақтда мингдан ортиқ одам бўлган, уларнинг аксарияти аёллар, болалар ва қариялардан иборат эди. Бунгача бинонинг олд ва орқа қисмидаги майдонга улкан ҳарфлар билан «ДЕТИ» (Болалар) ёзуви туширилганди, бу эса бинода тинч аҳоли жойлашганини англатарди.

Фожиа натижасида ҳалок бўлганларнинг аниқ сони ҳануз маълум эмас. Эҳтимолий қурбонлар сони 300 дан 600 гача.

Мариуполдаги драма театри урушгача. Фото: Википедия

Россия театр портлатилишига алоқадорлигини тўлиқ рад этиб келади. Театрни ўзининг бош қароргоҳига айлантирган ва унинг ертўласида гаровга олинган русийзабонларни ушлаб турган «Азов» полки портлаш амалга оширган, дея таъкидлайди. Бу таъкидга бирорта далил келтирилмаган. Очиқ манбаларда бу таъкиднинг айрим жиҳатларини шубҳа остида қолдирувчи маълумотлар бор. Хусусан, 10 март куни «Азов» томонидан эълон қилинган видеосъёмкада «гаровга олинганлар ҳақидаги таъкид сафсата экани ойдинлашади. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда 16 март куни Россия Мариуполдаги бошқа ҳудудларни ҳам бомбардимон қилгани бўйича гувоҳликлар бор, бомбалардан бири «Нептун» бассейнига тушган.

Тўлиқ вайрон бўлган Мариупол 2022 йилнинг ёзида тўлиқ Россия назоратига ўтгач, театр қолдиқлари бегона кўзлардан сохта фасад билан тўсиб қўйилди ва у ерда «реконструкция» ишлари олиб борилаётгани эълон қилинди. Аслида бинонинг йиқилмай қолган қисмлари бузиб ташланаётганди.

Киевдагилар Россия шу йўл билан «ўз жинояти излари»ни яшираётганини таъкидлаган. Шаҳар мэри маслаҳатчиси Петро Андрюшченко бинони бузиб олиш ҳамон давом этаётганини қайд этиб, видео тақдим қилди: кадрларда оғир қурилиш техникаси театр ҳудудида иш олиб бораётгани тасвирланган.

Украина президенти Володимир Зеленский Мариуполдаги драма театри йўқ қилингани учун Россияни жавобгарликка тортишини ваъда қилган. Зеленский Россия қўшинлари театр майдонидаги пайқамаслик иложсиз бўлган «Болалар» деган ёзувга қарамасдан, шаҳар марказидаги театр биносига «юқори қувватли бомбани қасддан ташлашгани»ни таъкидлаб ўтди.

«У ерда [драма театр биносида] юзлаб одамлар отишмалардан беркинган эди. Биз террорчи-давлат мамлакатимиз ва халқимизга кўрсатган ситамлари учун тўлиқ жавобгар бўлиши учун қадам-бақадам ҳаракат қилмоқдамиз. Биз оккупантлар томонидан йўқ қилинган бирор тирик жон учун уларни кечирмаймиз», — деб ёзилган Зеленскийнинг Телеграм каналида.

«Энг аввало ҳомиладорлар ўлди»

Украинада хизмат кўрсатган артист, режиссёр, Мариупол драма театри директори ва бадиий раҳбари вазифасини бажарувчи Людмила Колосович уруш бошланганидан сўнг театрга раҳбарлик қилаётганини гапириб берди. Аввалги раҳбарият — бухгалтер, маъмурлар, директор ва унинг ўринбосари ва кўплаб актёрлар (60 кишига яқин) Россия томонга ўтиб кетишган. Энди улар «Ҳурмат белгиси» орденли Россия Мариупол академик театрида ишлашмоқда. Бу орденни театр вайроналари ичидан топиб олишган, уни совет давридан буён унутиб юборишган эди.

Аввалги театр Ужгород шаҳри (Закарпаття области)га кўчган. Унинг янги жойдаги илк спектакли Украина маданияти ва тили учун жабр чеккан шоир Василий Стус ҳақидаги «Миллат қичқириғи» асари бўлди. Иккинчиси «Мариупол фожиаси» бўлди. Бу спектакл бомбаланган театрда бўлган актёрларнинг хотиралари бўйича ёзилган. Сақланиб қолган актёрлар труппаси Европа бўйлаб кўплаб гастрол сафарларига чиқишмоқда.

Сохта фасад билан тўсилган Мариупол драма театри вайронаси. Фото: YouTube

Людмила Колосовичнинг хотирлашича, аввалроқ бомбаланган туғуруқхонадан келтирилган ҳомиладор аёллар ҳам театрда жон сақлашган. Улар гримлаш хоналарига жойлаштирилган, у ерда диванлар бор эди. Кейинроқ саҳна пардаси ортига кўчирилган. Бошқалари коридорлар ва зинапоя майдончаларида ётишга мажбур бўлишган.

«Театр ичи тўртинчи қаватгача одамга лиқ тўла эди. Театр костюмлари, декорациялар ва реквизитлардан ҳам фойдалана бошлашди. Сўнгра томоша залидаги бахмал қопланган ўриндиқларга навбат келди: уларни синдириб, ўтириш, шунингдек, исиниш ва овқат пишириш учун ёқа бошлашди. Бомба ташланганида биринчи навбатда ҳомиладор аёллар нобуд бўлишди, чунки бомбалар саҳнага ва театрнинг саҳна орти қисмига тушди. Театр фойеси бир қадар омон қолди», — деб ҳикоя қилади у.

Колосович билан ҳозир у ердан тирик чиқишга муваффақ бўлган икки актёр ишламоқда. Улардан бири, ёш актёр 2022 йилнинг 16 марти тонгида ўргимчак-одам костюмида бўлган. Портлашдан сўнг у ўзи яхши кўрган қиз билан қандайдир қувурлар орқали ташқарига қутулиб чиққан. «Ҳаммаёқ девор ва ғишт бўлакларига тўла, атрофни эса қичқириқ ва оҳ-фиғон овозлари тутиб кетган эди», дейди у.

«У катталар ва болаларнинг сочилиб ётган мурдалари, бақирганча оёқсиз судралаётган одамларни кўрган. У севган қизи ва унинг онаси билан трасса бўйлаб қоча бошлаган, устидаги костюм уларни қутқариб қолган — уларни кўриб қолган машина тўхтаган ва узоқроққа олиб кетган. Энди бу костюмни у тумордек асраб юрибди», — дейди режиссёр.

Мариуполдаги вайрон бўлган драма театри. Фото: YouTube

Жони омон қолганлардан яна бири 65 ёшли актриса Вера Лебединская бўлди. Зарба чоғида у ертўладаги овоз ёзиш студиясида ўтирган эди. У деворда пайдо бўлган ёриқдан ўтиб қочиб чиққан.

«У ўз мушугини йўқотиб қўйган. Устидаги кийимни портлаш тўлқини юлқиб кетган. Қўлида жомадони ва устидаги битта халат билан кўчага чопиб чиқар экан, кимнингдир ерда ётган кийимини кўтариб олишга муяссар бўлган, соҳил бўйида оёқларини ҳис қилмай қолгунча бир соат югурган», — дея қўшимча қилади Колосович.

Йўқ қилинган театрга виртуал саёҳат

Аввалги драма театри энди йўқлигига қарамасдан, унинг хоналарига виртуал экскурсия қилиш мумкин. Архитектура, маданий ёдгорликлар ва музей экспонатларини рақамлаштириш билан шуғулланувчи Лвивдаги Skeiron студияси Мариуполдаги йўқ қилинган театрнинг 3D-моделини яратганини хабар қилди. Лойиҳадан кўзланган мақсад — виртуал оламда уни умрбод муҳрлаб қўйиш, дейишади ишлаб чиққанлар.

Театрни рақамлаштириш бир неча ой талаб қилди. Минглаб экстерьер ва интерьер фотосуратлари ва тасвирлари 3D моделга айлантирилди. «Бундай моделлар ёдгорликларнинг ҳолати ҳақида ахборотни сақлаш ва келгусида реставрация ишларида ёрдам беради», — дейди муаллифлар.

Россияда Мариупол театри эсланса қамоққа тушиш мумкин

Россияда жорий этилган тотал цензура туфайли Мариуполдаги фожиа ҳақида фақат Кремлнинг расмий версиясини қўллабгина очиқ гапириш мумкин. Ҳар қандай ўзгача фикр катта жарималар ва қамоқ жазосига гирифтор қилади. RusNews журналисти Мария Пономаренко билан ҳам шундай булди. Уни шу йилнинг февралида Россия армияси ҳақида «фейк» маълумотлар тарқатишда айблаб, олти йил колонияга ҳукм қилишди. Унга очилган ишга Мариупол шаҳрининг, жумладан драма театрининг бомбардимон қилиниши асносида ўлган одамлар ҳақидаги ижтимоий тармоқдаги постлари асос қилиб олинган.

Мария Пономаренко. Фото: moscowtimes.ru

 

Amnesty International’нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Стразерс Пономаренкога ўқилган ҳукмни шарҳлар экан, Россияда «ҳақиқатни сўзлаш, ҳарбий жиноятларни фош қилиш ва тинч аҳолини ўлдирганлик учун адолатни талаб қилишнинг ўзиёқ оғир жиноят ўлароқ баҳоланиб, узоқ йиллик озодликдан маҳрум этиш билан жазоланаётгани»ни кўрсатиб турибди, дея таъкидлади.

«Марияга ўқилган ҳукм — Россия ҳокимиятининг одатга айланган адолатсизлиги ва сурбетлигининг яна бир мисолидир. Ҳокимият ўзи билан келиша олмаганларни панжара ортига улоқтирмоқда ёки норозиларнинг сукут сақлаши ёки бошини четга буриб туришини истаб, узоқ йиллик қамоқ жазоси билан қўрқитилмоқда», — деган у. 

Кўпроқ янгиликлар