Тошкент ва Самарқанддаги халқаро аэропортлар Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари аэропортлари орасида энг яхши ўнталикка кирди. Бу ҳақда Skytrax World Airport Awards хабар берди.
Жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти рейтингда олтинчи, Самарқанд тўққизинчи ўринни эгаллади.
Дастлабки икки ўринни Қозоғистоннинг Астана ва Алмати шаҳри аэропортлари қўлга киритди. Молдованинг Кишинёв аэропорти учинчи бўлди.
Топ-10 Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари аэропортлари:
- Астана (Қозоғистон)
- Алмати (Қозоғистон)
- Кишинёв (Молдова)
- Ереван (Арманистон)
- Атирау (Қозоғистон)
- Тошкент (Ўзбекистон)
- Нахчиван (Озарбойжон)
- Ашгабат (Туркманистон)
- Самарқанд (Ўзбекистон)
- Ганжа (Озарбойжон)
Дунёнинг энг яхши 100 та аэропорти рейтингига Ўзбекистоннинг бирорта аэропорти кира олмади. Бу рейтингда Сингапурнинг «Чанги» аэропорти ғалаба қозонди. Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги «Ҳамад» аэропорти иккинчи, Япония пойтахти Токио шаҳридаги «Ҳанеда» аэропорти учинчи бўлди.
World Airport Awards глобал аэропорт саноатидаги энг нуфузли мукофотдир. У сифат учун эталон ҳисобланади ва бутун дунё бўйлаб 550 дан ортиқ аэропортларда мижозларга хизмат кўрсатиш ва қулайлик даражасини баҳолайди.