МБ хабарига кўра, иқтисодиётда инфляция даражаси ўзининг юқори нуқтасига чиқиб, пасайиш тенденциясига ўтганлиги кузатила бошлади. Айни пайтда, қатъий ташқи молиявий шароитларнинг ички иқтисодий фаолликка салбий таъсири бўйича сигналлар пайдо бўлмоқда.
Асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставкани ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини бериши айтилган.
Бунда, йиллик 14 фоиз даражасидаги асосий ставка инфляция прогнозининг пасаювчи динамикасида (8,5-9,5 фоиз) нисбатан қатъий пул-кредит шароитлар сақланиб қолинишини таъминлаши таъкидланади.
Жорий йилнинг январ-февраль ойларида йиллик инфляция кўрсаткичи 12,2 фоизгача бироз пасайди ва келгуси чоракда сезиларли пасайиши бўйича ишонч ортиб бормоқда. Кузатувларга кўра, истеъмол бозорларида март ойининг дастлабки икки ҳафтасида асосий озиқ-овқат нархлари нисбатан мувозанатлашиб, январь ойидаги ўсишдан кейин пасайиш динамикага ўтганлиги кузатилмоқда.
Мавсумий ва маъмурий таъсирга эга бўлган айрим товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгаришини инобатга олмасдан ҳисобланган базавий инфляция кўрсаткичи ўтган йилнинг иккинчи чорагидан бошланган ўсиб бориш тренди жорий йил бошидан пасайиш тенденциясига ўзгариб, декабрдаги 13,8 фоиздан январда 13,3 фоизгача ва февралда 13,2 фоизгача секинлашган.
Февралдаги сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмаларнинг январь натижаларига нисбатан сезиларли даражада пасайгани кузатилди, бу эса базавий инфляция динамикаси билан биргаликда, келгуси ойларда нархларнинг барқарорлашиши учун шароитларни яратади, дейилади маълумотда.
Қайд этилишича, ташқи иқтисодий шароитларда маълум даражадаги хатарлар ва ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Февраль ойида глобал инфляция, асосан, энергетика ва озиқ-овқат секторидаги нархларнинг пасайиши таъсирида секинлашишда давом этди.
“Етакчи марказий банкларнинг инфляцияни пасайтириш бўйича қатъий позициялари билан бир қаторда, халқаро банк соҳасида кузатилаётган вазиятлар фонида хавфсиз активларга бўлган талабнинг ошиши, молия ва хомашё бозорларидаги тебранувчанликни оширмоқда.
Халқаро молия бозорларидаги қатъий шароитлар ва айрим савдо ҳамкорлардаги валюта курсларининг қадрсизланиши, бир томондан, ички иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашда ташқи ресурсларни қайта жалб қилишни қийинлаштираётган бўлса, иккинчи томондан, валюта оқимларидаги номутаносибликларни кенгайтириб бормоқда”, дея маълум қилган МБ.
Билдирилишича, жаҳон озиқ-овқат бозорларида шаклланаётган нархлар ва кутилмалар, мамлакатга импорт қилинадиган товарлар бўйича қулай шароитлар юзага келишига асосларни яратмоқда. Бу, ўз навбатида, озиқ-овқат гуруҳларида импорт инфляциясининг оширувчи таъсирларини жиловловчи омил бўлиб хизмат қилади.
2023 йилнинг январь-февраль ойларида ички иқтисодий шароитларда қисқа муддатли хатарлар таъсири қисман намоён бўлган. Январь ойи якуни бўйича чакана савдо, саноат ишлаб чиқариш ва қурилиш ишлари ўсиш суръатларида секинлашиш кузатилган. Хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашгани билан, ушбу соҳадаги ўсиш суръатлари бошқа соҳалардан юқори бўлмоқда. Хатарларнинг вақтинчалик хусусияти ва ўз вақтида кўрилган чораларни ҳисобга олганда, биринчи ярим йиллик якунига бориб иқтисодий фаолликнинг мувозанатлашуви ва тармоқ кўрсаткичларининг тикланиши кутилмоқда.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 27 апрелга белгиланган.