Францияда пенсия ёшини ошириш ҳақидаги қонун парламент розилигисиз қабул қилинди 

Жаҳон 21:12 / 16.03.2023 5736

Франция бош вазири Элизабет Борн пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга кўтариш тўғрисидаги қонун парламентда овоз беришсиз қабул қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда AFP ёзди. 

Аввалроқ, 16 март куни Франция Сенати мунозарали пенсия ислоҳоти тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган эди, бироқ ўша кунга режалаштирилган Миллий Ассамблея — парламент қуйи палатасида овоз бериш жараёни ўтказилмади. Оммавий ахборот воситалари у ерда қонун қўллаб-қувватланмаслиги мумкинлигини тахмин қилишган эди. 

BFMTV маълумотларига кўра, қонунни қабул қилиш учун Франция Конституциясининг 49.3-моддасидан фойдаланилган, бу эса ҳукуматга қонун чиқарувчи органнинг розилигисиз бир томонлама тартибда қонунлар қабул қилиш имконини беради. 

Францияда пенсия ёшини ошириш Эммануэл Макроннинг сайловолди ваъдаларидан бири ҳисобланади. Расмийлар биринчи марта 2019 йилда пенсия ёшини оширишга ҳаракат қилди, бу оммавий норозиликларга олиб келди ва ислоҳот ковид пандемияси фонида қолдирилди. 

2023 йил январ ойидан бери Францияда пенсия ислоҳотининг янги муҳокамаси фонида минглаб норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. 7 март куни ўтказилган митингларда 1,2 миллиондан ортиқ киши қатнашди, бу намойишлар бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич бўлди. 

Кўпроқ янгиликлар