Россия Ички ишлар вазирлиги мигрантлар учун меҳнат патентларининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича таклифни маъқуллади, деб ёзади Spot.
Тегишли ташаббус тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакил Борис Титов томонидан илгари сурилди. Унинг идораси қонунга меҳнат патентининг максимал муддатини бир йилдан уч йилгача оширадиган ўзгартиришларни таклиф қилди.
Титов ҳукуматга 2002 йил 25 июлдаги «Россияда хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида»ги федерал қонунига меҳнат патентининг чет эл фуқаролари учун амал қилиш муддатини 12 ойдан 36 ойгача узайтириш бўйича ўзгартиришлар киритиш таклифини юборган.
Ўзгартиришлар патент бериш муддатини 10 кундан 5 кунгача қисқартиришни ҳам назарда тутади. Титов таъкидлаганидек, мигрантлар барча керакли ҳужжатларни йиғиш учун 20 кунгача вақт сарфлашади, бу эса рухсатноманинг ўзини расмийлаштиришга кетадиган вақтни ҳисобга олган ҳолда, уларни бир ой давомида ишдан маҳрум қилади.
Ходимларнинг мажбурий ишламай қолишидан бизнес зарар кўради ва бюджетга камроқ шахсий даромад солиғи тушади. Патентни уч йилга узайтириш ишчи кучи танқислиги шароитида вақт йўқотилишини камайтиради, деди Титов.
Яна бир таклиф — аввал депортация қилинган хорижлик ишчиларни реабилитация қилиш механизми. Энди Россияга киришни тақиқлаш бир неча йўл ҳаракати қоидаларини бузгандан кейин курьер томонидан ҳам, кичик ҳуқуқбузарлик учун малакали ишчи томонидан ҳам олиниши мумкин.