Президентнинг 2022 йил апрел ойидаги қарорига асосан, Халқ банки Марказий банк билан биргаликда 2022 йилнинг 1 октябрига қадар хориждан 1 800 та банкомат олиб келиши керак эди. Бу банкоматлар ҳудудлар, шу жумладан, олис туманларда ўрнатилиши режа қилинганди.
Kun.uz Uzcard ва Humo интеграциясига оид қарор қабул қилиниб, бу чора банкоматлар жойлашган нуқталарни кўпайтиришга ёрдам бериши айтилганидан кейин, олдин қабул қилинган қарор ижроси аввал қандай бўлгани билан қизиқди.
Халқ банки матбуот хизматининг бизга маълум қилишича, 2022 йил 29 мартдаги 20220207-сонли шартномага асосан Халқ банки томонидан Марказий банк билан ҳамкорликда “SPECTRUM Security Safety Kft” ташкилоти орқали Венгриядан бозор нархида 1 800 дона банкомат олиб келинган ва ҳудудларга тўлиқ ўрнатилган.
“Ушбу банкоматлар NCR заводида ишлаб чиқарилган бўлиб, 1 500 донаси NCR 6623 (cash out) ва 300 донаси NCR 6683 (cash in/cash out, recycling) русумида.
Ушбу олиб келинган 1 800 дона банкомат билан «Халқ банки»нинг жами банкоматлари сони 3 111 тага етди. Бу олис ҳудудлардаги аҳолини ҳам нақд пул билан таъминлашга хизмат қилмоқда”, – дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон бозорида Халқ банки банкоматлари сони жами банкоматларнинг 35 фоизини ташкил этади.
“Халқ банки” масъулларининг тушунтиришича, президент қарори қабул қилинишидан олдин (08.04.2022) банкоматларга эҳтиёж борлиги боис, хориждан банкоматлар олиб келиш бўйича ишлар бошланган. Шу сабабли шартнома март ойида тузилган.
Аввалроқ, Ўзбекистонда банк карталари сони 34 миллион донага етгани маълум қилинганди. Охирги 4 йилдаги рақамларга қаралса, 2022 йилда банк карталари сони энг тез ўсганини кўриш мумкин.
Марказий банк маълумотларига кўра, банк инфратузилмалари, туризм ҳамда бошқа объектларга ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сони 57 фоизга ошиб, 2023 йил 1 январ ҳолатига 20,4 мингдан ортиқни ташкил этган.