«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиалида ишлаб келаётган раҳбар аёллардан бири Г.С ҳамкасби, ташкилот ҳуқуқшуноси И.С ўзига нисбатан бўлмағур хатти-ҳаракатлар қилиб келаётгани ҳақида ижтимоий тармоқдаги саҳифасида пост қолдирди.
Аёлнинг ёзишича, ҳуқуқшунос уни тўшакка таклиф қилган. Рози бўлмагач, ишдаги йўл қўйган хатоларини пеш қилиб, тегишли жойларга мурожаат қилиши мумкинлигини айтиб шантаж қилган.
Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида мазкур ташкилотда бўлди.
Г.С.нинг айтишича, ташкилот ҳуқуқшуноси бошқа ҳамкасб аёлларга ҳам шундай муносабатда бўлиб келган ва бу ҳолатдан жамият раҳбари Файзулла Қурбоновнинг ҳам хабари бўлган.
«Бу одам бир эмас, кўп марта шаънимга тўғри келмайдиган муносабатда бўлишимни талаб қилиб келади. Ҳамкасбларим олдида ҳам шунақа гаплари билан обрўйимни тўкишга уринади. Унинг хатти-ҳаракатлари оиламга ҳам бориб етди. Вояга етган фарзандларим бор, уларнинг руҳий ҳолатига бу салбий таъсир қиляпти.
Бу иш, ҳаммада ҳам камчиликлар бўлиб туради. Бироқ И.С мана шундай ҳолатлардан фойдаланиб, бутун ташкилотда кўпчиликка сўзини ўтказиб келяпти. Ваҳоланки, унинг ўзида ҳам жиддий, қасддан қилинган ҳолатлар бор. Масалан, Қўшработ туманидаги бир корхона жамиятга қарийб 2,5 млрд сўм зарар етказган. Ушбу ҳолатни ўрганишга айнан И.С. масъул бўлган ва юқоридаги зарарни 88 млн сўм қилиб кўрсатиб, асоссиз хулоса берган. Ушбу ҳолат бўйича Қўшработ тумани прокуратураси жамиятга тақдимнома киритиб, И.С.нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказишни сўраган. Бу каби мисоллар кўплаб топилади.
Тизимда камчиликлар кўп, ҳудудлардаги ходимларга ноўрин талабларни қўйиб келади. Мана шундай ҳолатларда ҳам у билан кўп келишмай қолганмиз. Шу сабаб мени ўзимга босим қила бошлади. Ё мен, ё сен ишлайсан, деяпти», деди Г.С.
Аёлнинг қўшимча қилишича, ушбу ташкилотга четдан бирор ходим келиб ишга жойлаша олмайди. Ходимларни ишга қабул қилиш «олди-бердисиз» бўлмайди, корхона айрим эски раҳбарларнинг «томорқаси»га айланган.
Биз ташкилот ҳуқуқшуноси И.С. билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдик. У ўша куни маст бўлгани, ҳеч нарсани билмаслигини маълум қилди. Камера қаршисида интервю бермаслигини ҳам айтди.
Маълум бўлишича, ташкилотдаги носоғлом муҳит анчадан бери давом этиб келяпти. Ҳолат юзасидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиали директори Файзулла Қурбоновдан изоҳ олдик. Жамият раҳбари қўл остидаги икки ходимни бир неча марта яраштириб қўйишга ҳаракат қилганини айтмоқда. Бироқ улар ўртасида қайта-қайта зиддият келиб чиқяпти. Раҳбар бу ҳолатни «шахсий иш» деб баҳолади.
Қурбоновнинг қўшимча қилишича, 2 март куни Самарқанд вилоят ҳокими ҳамда масъуллар иштирокида «Ҳудудий электр тармоқлари» биносида йиғилиш ўтказилиб, юрист ишдан олинган.
Суриштирувнинг тўлиқ тафсилотлари билан видео орқали танишишингиз мумкин.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов.