Англия: «Арсенал» қоқилмади
«Лестер» – «Арсенал» 0:1
Гол: 0:1 – 46 Мартинелли.
Лестер – Уорд, Кастан (Рикарду Перейра, 85), Фас, Суттар, Кристиансен, Прат (Дака, 77), Ндиди (Сумаре, 77), Дюзбери-Ҳолл, Барнс, Иҳеаначо (Варди, 62), Тете (Тилеманс, 62).
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко, Чака, Жоржиньо, Эдегор (Парти, 84), Сака, Троссар (Нкетиа, 70), Мартинелли.
«Арсенал» биринчи турнинг энг чиройли голи ғолиблиги учун асосий даъвогар бўлиши мумкин эди — жарима майдонида тўпни ўзига бўйсундирган Троссар юқори бурчакни чиройли зарба билан нишонга олди. Фақат «канонирлар» хурсандчилиги узоққа чўзилмади ва видеотакрордан кейин бу гол урилган ҳужум давомида «Лестер» дарвозабонига нисбатан қоида бузилгани қайд этилди. Аммо лондонликлар клубига жуда яхши мослашиб бораётган Троссар иккинчи бўлимни бошқа бир самарали ҳаракат билан бошлаб, мезбонлар ҳимоячиси оёқлари остидан тўпни ўтказиб, Габриэл Мартинелли ҳисобни очишини таъминлади. Бу голни уриш вақтида бразилиялик ҳужумчи оёғини қайириб олди ва уни алмаштиришга тўғри келиши ҳам мумкин эди, аммо меҳмонлар бахтига шикастланиш оғир бўлиб чиқмади.
Микел Артета ўйинни охиригача хавотир билан кузатишга мажбур бўлди, унинг шогирдлари ҳисобдаги устунликни мустаҳкамлай олишмади, шу билан бирга, мезбонлар вақти вақти билан қарши ҳужумлар уюштиришди. Мартинелли эса яна бир голли ҳужумда қатнашди, аммо бу гол кичик офсайд туфайли бекор қилинди. Якунда «Арсенал»га уч очко учун бир гол етарли бўлди — жамоа ҳамон «Манчестер Сити» билан оралиқ масофа сақламоқда. Қолаверса, турнир жадвали пешқадами шу ҳафтада қолдирилган ўйинда «Эвертон»ни мағлуб этса, орадаги фарқни янада ошириб олиш имкони бўлади.
«Борнмут» – «Манчестер Сити» 1:4
Голлар: 0:1 – 15 Алварес, 0:2 – 29 Ҳоланд, 0:3 – 45 Фоден, 0:4 – 51, автогол Мифем, 1:4 – 83 Лерма.
Борнмут – Нето, Смит (Фредерикс, 59), Стивенс, Сенеси, Мифем, Земура, Траоре (Энтони, 76), Лерма, Биллинг (Ротуэлл, 59), Уаттара, Соланке.
Манчестер Сити – Эдерсон, Аке (Уокер, 80), Рубен Диаш, Аканжи, Льюис, Гундўған (Серхио Гомес, 55), Грилиш (Маҳрез, 72), Родри (Филлипс, 55), Фоден, Ҳоланд (Перроне, 72), Альварес.
Англиядаги илк ўйинидаёқ Ҳоланд барчани ўзининг ақл бовар қилмас самарадорлигига ўргатиб қўйганди, шу туфайли ҳар қандай пауза — танқидлар ва инқироз ҳақидаги гапларга сабаб бўлмоқда. Норвегиялик ҳужумчи эса январ ойида «Вулверҳэмптон» билан ўйиндаги ҳет-трикдан кейин олти ўйинда атиги бир гол ура олди.
Эрлинг ҳатто жуда қулай вазиятларда хато зарба берди ва Хосеп Гвардиола футболчини ўз ҳимоясига олишига тўғри келди. У голли серия бўлмаслиги нормал ҳолат экани, у тўп билан кам муомала қилаётгани бутун жамоанинг айбилигини айтди. Унинг бу сўзларининг фойдаси бўлгани ҳақида аниқ айтиш қийин, аммо факт шуки: АПЛнинг энг яхши мергани яна гол урди.
Аввалига омад яна Ҳоланддан юз ўгирди, унинг зарбаси тўсинга тегди, аммо қайтган тўпга Алварес аниқ зарба берди. Скандинавияликнинг ўзининг голи эса тўпни узоқ устун олдига етказиб берган Фоденнинг қатъияти ва маҳорати уйғунлигида амалга ошди. Мавсум ўртасида 27 гол уриб улгурган футболчида қандайдир пасайиш ҳақида гапириш ўринсиз.
Бу Серхио Агуэронинг Англиядаги фаолияти давомида энг кўп гол урган мавсумидагидан яхшироқ кўрсаткич. АПЛда клуб рекорди янгиланди. «Манчестер Сити» мавсум якунига қадар яна 13 тур ўтказади ва ҳеч қандай шубҳа йўқ: Ҳоланд Англия чемпионатининг 1971/72 йилларидаги мавсумида 33 гол урган Фрэнсис Лининг рекордини янгилай олади. Агар Эрлинг жароҳат олмаса ва ҳозирги самарадорликни сақлаб турса, Томми Жонсон муаллифлигида 94 йил муқаддам ўрнатилган абадий рекорд (38 гол) ҳам бекор бўлиши мумкин.
«Кристал Пэлас» – «Ливерпул» 0:0
Кристал Пэлас – Гуаита, Клайн, Андерсен, Гехи, Митчелл, Шлупп (Эзе, 71), Локонга, Дукуре, Олисе, Айю, Матета (Эдуар, 71).
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд (Фабиньо, 71), Матип, ван Дейк, Робертсон, Милнер, Ҳендерсон, Кейта (Эллиотт, 46), Салоҳ, Диогу Жота (Фирмино, 71), Гакпо (Байчетич, 84).
Огоҳлантиришлар: Кейта (23), Клайн (26), Хендерсон (67), Фабиньо (77), Матип (82), Робертсон (90), Андерсен (90).
«Ливерпул»нинг ўйинига «Реал»дан учралган 2:5 ҳисобидаги мағлубият призмаси билан қаралса, қизиллар тўрт кун ичида ўзига келиб олганини айтиш қийин эди. Ҳа, ўйин бошида қизиллар фаолроқ бўлишди, Диогу Жота ўткир бурчакдан туриб берган зарба дарвоза устунига тегди, аммо меҳмонлар сафида Шлупп ва Матета голга яқинроқ эди, биринчиси дарвозабон билан деярли яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, иккинчисининг зарбаси тўсинга тегди.
Иккинчи бўлим бошида эса Салоҳнинг зарбаси тўсиндан қайтди ва шундан кейин меҳмонлар ҳужумларни фаоллаштириши кутилганди. Амалда эса бундай бўлмади, ўйин мутлақо тенг кечди, ўйин охирида Салоҳ Гакпони дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқарди, аммо нидерландиялик ҳужумчининг зарбаси хато кетди. Бундай суръатда ҳаракатланса, «Ливерпул» еврокубокларга йўлланма ололмаслиги мумкин.
«Тоттенҳэм» – «Челси» 2:0
Голлар: 1:0 – 46 Скипп, 2:0 – 82 Кейн.
Тоттенҳэм – Форстер, Эмерсон, Дайер, Лангле, Ромеро, Дэвис, Ҳейберг, Кулусевски (Сон Ҳён Мин, 79), Скипп, Кейн, Ришарлисон.
Челси – Аррисабалага, Жеймс, Тиаго Силва (Фофана, 19), Кулибали, Чилуэлл, Зиёш (Закариё, 62), Лофтус-Чик (Маунт, 62), Фернандес, Ҳавертц, Стерлинг (Обамеянг, 83), Жоау Фелиш (Мудрик, 83).
Огоҳлантиришлар: Ҳавертц (45), Эмерсон (45), Зиёш (45), Дэвис (59), Маунт (74).
«Челси» учун ҳам, кўклар бош мураббийи Грэм Поттер учун ҳам барчаси мураккаблашмоқда. Раҳбарият мутахассисни қўллаб-қувватламоқда, аммо у катта клуб учун хос бўлган босимга дош бериши осон бўлмаяпти. Поттер ҳатто у ва фарзандларига ўлим тиланган мактублар келаётганини тан олди. Доимий муваффақиятсизликлар фонида ёпиқ айлана ҳосил бўлган, ундан фақат ғалаба орқали чиқиш мумкин.
Шу билан бирга «Челси» умидсиз ва аморф ҳолатдаги жамоага ўхшамайди. Футболчилар курашмоқда, ҳаракат қилмоқда, аммо лондонликлар руҳий жиҳатдан яхши ҳолатда эмас. Масалан, биринчи бўлим охирида Зиёшнинг асаблари дош бермади ва фолдан кейин ҳакам ҳуштаги чалинганида юзага келган кичик жанжал вақтида Эмерсоннинг юзига уриб юборди. Ҳакам дарҳол марокашлик футболчига қизил карточка кўрсатди, аммо VAR аралашувидан кейин четлатиш бекор қилинди ва ҳакам икки футболчига ҳам сариқ карточка кўрсатди.
Фақат бундай кичик муаммолар натижада ҳам акс этди. Меҳмонларда Тиагу Силвани мажбуран алмаштиришга тўғри келиши каби салбий лаҳзалар ҳам бўлди. Шу билан бирга, «Тоттенҳэм»да ҳам барчаси жойида эмас, бош мураббий Антонио Конте даволанишда давом этаётгани туфайли жамоани унинг ёрдамчиси бошқариб турибди. Етакчи футболчиларнинг жароҳати туфайли ўйин амалиётига эга бўлаётган Скипп иккинчи бўлим бошида рақиб футболчилари хатосидан унумли фойдаланди, аввалига тўпни дарвозабон эгаллаб олиши мумкин бўлган ҳолатда Энцо уни узоқлаштиришга қарор қилди, бу тўп учун курашда эса Жоау Фелиш сусткашлик қилди ва Скипп узоқ масофадан зарба бериб, тўпни дарвоза тўсини остига йўллади. АПЛда биринчи голини бундай уриш ҳаммага ҳам эмас.
Ўйин охирида эса «Челси» футболчиларни алмаштиришга кечикди. Поттер Мудрикка кўрсатма бераётган ва Обамеянгни тушишга тайёрлаётган вақтда, Кристиан Стеллини Сон Ҳёнг Минни майдонга тушириб бўлди. Ва айнан кореялик ҳужумчи бурчак зарбасини ижро этди, Дайер тўпни Кейнга ташлаб берди, шу куни «Тоттенҳэм» тарихидаги энг яхши тўпурар мақоми муносабати билан тайёрланган махсус бутсада тушган Ҳарри эса бу вазиятда гол ура олмаслиги мумкин эмасди.
Бу тўпурарнинг 268-голи бўлди, унинг жамоаси эса бешинчи ўриндаги «Ньюкасл»ни энди тўрт очко ортда қолдирмоқда, шу билан бирга «қарғалар»да икки захира ўйини бор. «Челси»нинг бундай натижаларидан кейин Тодд Боэлининг сабри тугаши мумкин. Поттернинг истеъфоси яқинлашмоқда.
Испания: аутсайдердан сюрприз
«Реал» – «Атлетико» 1:1
Голлар: 0:1 – 78 Хименес, 1:1 – 85 Родригес.
Реал Мадрид – Куртуа, Карвахаль (Васкес, 83), Рюдигер, Милитао, Начо (Родригес, 77), Кроос (Камавинга, 63), Себальос (Модрич, 63), Вальверде, Бензема, Асенсио (Тчуамени, 63), Винисиус Жуниор.
Атлетико – Облак, Молина, Савич, Эрмосо, Рейнилду (Хименес, 23), Льоренте (Лемар, 57), Сауль (Мората, 76), Коке (Витцел, 77), Барриос (Корреа, 46), Карраско, Гризманн.
Огоҳлантиришлар: Милитао (7), Коке (22), Льоренте (36), Начо (56), Молина (71), Модрич (90).
Четлатиш: Корреа (64).
Европада шанба оқшомидаги энг марказий ўйин арафасида «Реал» афсоналаридан бири — ўтган асрнинг 60-70-йилларидаги машҳур ҳужумчиси ва «Қироллик клуби» фахрий президенти Амансио билан таъсирли хайрлашув маросими ўтказилди. У сешанба оқшомида — мадридликларнинг «Ливерпул»га қарши ўйини бўлган кунда оламдан ўтди ва ўша 5:2 ҳисобини жамоа буюк футболчисига бағишлади.
Ўйиннинг биринчи бўлими эса катта таассурот қолдирмади. Ўйинга юқори суръат ва ёрқин вазиятлар етишмади. Барчаси бошқача кечиши ҳам мумкин эди, агар Бензема қулай вазиятни йўққа чиқармаганида — у жарима майдони марказида туриб, Эдера Милитаонинг ажойиб узатмасидан фойдалана олмади. Қолган ҳужумларни эса «Атлетико» мудофааси осонлик билан тўхтатди, гарчи жамоа Рейнилдо жиддий жароҳат олиб, схемани қайтадан қуришига тўғри келган бўлса ҳам.
Чемпионга қарши ўйинга жуда яхши тайёрланган Диего Симеоне ўзининг қизил-оқлар бошқарувидаги 612-ўйинида ютқазмоқчи эмасди. Бу Луис Арагонесга тегишли бўлиб турган клуб рекорди такрорланиши бўлди, фақат ла лига ўйинлари ҳисобланадиган бўлса, 425 ўйин билан Диего «Реал»га мураббийлик қилган Мигел Муньосни ортда қолдирди.
Ўйиннинг 64-дақиқасида Корреа тўп учун кураш вақтида Рюдигернинг юзига зарба берди ва майдондан четлатилди — Симеоне уни иккинчи бўлим бошида майдонга туширганди. Аммо «матрасчилар» бир киши кам бўлиб қолганидан кейин ҳам руҳан синиб қолмади, аксинча гол ҳам урилди — стандарт вазиятдан максимум натижа чиқарилди, Гризманнинг узатмаси Хименеснинг бошига борди. Ўйин якунига қадар кўп вақт қолмаганди, аммо «Реал»да доим чиқиш йўли бўлади. «Осасуна»га қарши кечган аввалги тур ўйинида ўзига берилган бир неча дақиқада икки голга узатма берган (голлардан бири офсайд туфайли бекор қилинган) 18 ёшли уругвайли ҳужумчи Алваро Родригес яна фаол ҳаракат қилиб, 85-дақиқада бурчак зарбаси ижро этилган вақтда барчадан баланд сакраб, ҳисобни тенглаштирди.
Икки ўйинда жами 16 дақиқа майдонда бўлиб, бир гол ва бир голли пасни ўз ҳисобига ёзиб қўйиши — Раул қўли остида иккинчи жамоада тобланган ёш форвард учун фантастик даражадаги самарадорлик. Аммо ҳафта давомида иккинчи кучли камбэк учун «Реал»да вақт етмади ва ҳисоб ўзгармай қолди.
«Валенсия» – «Реал Соседад» 1:0
Гол: 1:0 – 40, автогол Субелдия.
Валенсия – Мамардашвили, Фулке, Габриэл Паулиста (Жемерт, 46), Диакаби, Тони Лато (Хесус Васкес, 77), Гильямон, Алмейда (Ўзкажар, 90), Муса (Мориба, 78), Кастильехо (Тьерри Коррейя, 63), Лино, Дуро.
Реал Соседад – Ремиро, Ле Норман, Субельдия, Рико (Мунос, 63), Кубо (Фернандес, 73), Мендес (Илярраменди, 73), Мерино, Субименди, Барренечеа (Сола, 46), Серлот, Ойарсабаль.
Огоҳлантиришлар: Субименди (4), Фулке (11), Рико (35), Муса (45), Кастилехо (55), Тони Лато (67), Мамардашвили (69), Фернандес (90), Габриэл Паулиста (90).
«Атлетико» бир очко билан кифояланди, аммо барибир ҳозирча учинчи ўринда бораётган «Реал Сосьедад» билан орадаги фарқни минимум даражада қисқартирди. Басклар сўнгги вақтларда нафақат доимий равишда очко йўқотмоқда, балки жамоанинг умуман омади ҳам келмаяпти. Ўтган турда улар сон жиҳатдан кўпчилик бўла туриб, «Селта»га қарши ўйиннинг қўшимча дақиқаларида Ле Норманнинг автоголи туфайли ғалабани қўлдан бой беришганди. Энди эса хавфли ҳудудда жойлашган «Валенсия»га қарши сафар ўйинида Субелдия ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди.
Меҳмонларга иккинчи бўлим бошида VAR ёрдамга келди, жамоа дарвозасига хатолик туфайли белгиланган пеналти бекор қилинди. Аммо сан-себастянликлар жавоб голини ура олишмади. «Кўршапалаклар» эса ишончли ғалабага эришди. Камтар ҳисоб бўлса-да, бу 10 ноябрдан буён эришилган илк ғалаба бўлди. «Месталья» ниҳоят қаторасига беш мағлубиятдан кейин хушнуд қилинди. Басклар энди нафақат «Атлетико»нинг, балки бешинчи ўринда келаётган ва жума кунги ғалабадан кейин яқинлашиб олган «Бетис»нинг ўйинларига ҳам қараши керак бўлади.
«Алмерия» – «Барселона» 1:0
Гол: 1:0 – 24 Туре.
Алмерия – Фернандо, Чуми, Эли, Бабич, Акьеме, Робертоне (Рамазани, 76), Эгуарас (Посо, 83), де ла Ос, Баптистао (Саму Кошта, 83), Суарес (Эмбарба, 76), Туре.
Барселона – тер Стеген, Серджи Роберто (Торре, 76), Кристенсен, Эрик Гарсия (Араухо, 67), Алба (Алонсо, 67), Бускетс (Аларкон, 76), Кессиэ (Рафиня, 46), де Йонг, Гави, Левандовски, Ферран Торрес.
Огоҳлантиришлар: Эрик Гарсия (35), Робертоне (47), Хави (52), Чуми (53), Рафиня (54), Гави (57).
«Барселона» еврокубокларни тарк этиши, бир томондан муваффақиятсизлик, бошқа томондан — барча эътиборни ички турнирларга қаратиш имконини беради, Испанияда кўк-анорранглилар треблга интилмоқда. Юкламанинг камайиши каталонлар сафидаги йўқотишлар фонида янада долзарблашади, Дембеле ва Педри ортидан машғулотлар чоғида Фати ҳам жароҳат олди.
Аммо бу йўқотишлар турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётган «Алмерия»га қарши ўйин олдидан у қадар жиддий муаммолар бўлиб кўринмаётганди. Шунга қарамай, майдон эгалари биринчи бўлимни ғолиб ҳолда якунлашди, майдон марказида Гавидан тўп олиб қўйилди, кейин Кристенсен Турега қарши жуда ишончсиз ҳаракат қилди. Ушбу форвард кутилмаган натижани таъминлади, «Алмерия» шу вақтга қадар «Барса»га қарши кечган 13 ўйинда бирорта ғалабага эришмаган, ҳар ўйинда ўртача учтадан гол ўтказганди.
Хави жамоаси бу ўйинда фақат битта аниқ зарба йўллади ва сўнгги 20 ўйинда илк бор гол ура олмади, биринчи даврада «Камп Ноу»да ушбу жамоа 6:2 ҳисобида мағлуб этилганди. «Барса» Ла Лигада октябр ойидан («Реал», 1:3) сўнг илк бор ютқазди.
«Алмерия» хавфли зонани тарк этди, кўк-анорранглилар эса даҳшатли ҳафтадан кейин ўзига келиб олиши талаб этилади. Пайшанба куни жамоани «Реал»га қарши кубок яримфиналининг биринчи ўйини кутмоқда.
Италия: интрига тугади
«Эмполи» – «Наполи» 0:2
Голлар: 0:1 – 17, автогол Исмайли, 0:2 – 28 Осимҳен.
Эмполи – Викарио, Эбуэхи (Стоянович, 68), Луперто, Исмайли, Паризи, Марин, Хендерсон (Грасси, 57), Хаас (Пьяца, 76), Бальданци, Пикколи (Капуто, 57), Сатриано (Виньято, 77).
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Ррахмани, Ким Мин Жэ, Мариу Руй, Лоботка, Зелински (Ндомбеле, 90), Замбо-Ангисса (Гаэтано, 90), Лосано (Оливера, 70), Осимҳен (Симеоне, 85), Кварацхелия (Элмаз, 71).
Четлатиш: Мариу Руй (67).
Ўз ҳисобига гол ёки голли пас ёзиб қўймаган бўлса-да, Кварацхелия биринчи бўлим ўрталарига келиб «Наполи»нинг икки голли устунлигини таъминлади. Икки вазиятда ҳам гол бурчак зарбалари амалга оширилганидан кейин содир бўлди. Биринчи ҳолатда Хвича тўпни қанотда очиқ турган Зелинскига ташлаб берди ва поляк футболчисининг узатмаси Исмаилининг автоголига олиб келди. Кейин грузиялик футболчи жарима майдони ташқарисидан зарба берди, дарвозабон эса тўпни қаторасига саккизинчи ўйинда гол урган Осимҳеннинг оёқларига ташлаб берди.
Лучано Спаллетти учун идеал картинани иккинчи бўлим ўрталарида Мариу Руйнинг четлатилиши бузиб қўйди. Аммо бу ўйин натижасига ҳам, турнир жадвалидаги ҳолатга ҳам таъсир ўтказа олмади, эндиликда неаполитанликларни қувиб етиш амалда имконсиз.
«Болоня» – «Интер» 1:0
Гол: 1:0 – 76 Орсолини.
Болонья – Скорупски, Пош, Лукуми, Соса, Камбязо, Сориано (Кирякопулос, 83), Схаутен (Медел, 88), Домингес, Фергюсон (Моро, 83), Орсолини (Эбишер, 87), Барроу (Раймондо, 87).
Интер – Онана, Думфрис (Д`Амброзио, 68), Дармиан, де Врей (Ачерби, 46), Бастони, Гозенс, Мхитарян (Барелла, 63), Брозович (Карбони, 83), Чалхонўғли, Лукаку (Жеко, 64), Мартинес.
Огоҳлантиришлар: де Врей (45), Думфрис (63), Домингес (85).
Бу турдан кейин «Наполи» иккинчи ўрин билан орадаги фарқни 18 очкога етказиб қўйди, Лучано Спаллетти жамоаси скудеттони бой бериши учун жамоа турнирдан четлатилиши талаб этилади. Неаполликлар барқарорлик билан натижа кўрсатиб келмоқда, жамоанинг асосий рақобатчиси «Интер» эса беқарор. Буни англаш учун «нерадзурри»ларнинг жаҳон чемпионатидан кейинги натижаларига қараш кифоя қилади.
«Наполи» устидан қозонилган ғалабадан кейин (бу пешқадамнинг мавсумдаги ягона мағлубияти бўлди) «Монца» билан дуранг қайд этилди. Суперкубок учун кечган ёрқин дербидан кейин — уйда «Эмполи»дан 0:1 ҳисобида мағлуб бўлинди. Кейин Симоне Индзаги жамоаси икки рақобатчини («Милан» ва «Аталанта») мағлуб этди, аммо барчасини хавфли ҳудудда бораётган «Сампдория» билан голсиз дуранг бузиб қўйди.
Чемпионлар лигаси плей-оффидаги муваффақиятли старт ортидан эса Болоняда мағлубиятга учралди. Жамоа мудофааси марказида катта бўшлиқ қолдирилди ва бундан Орсолини фойдаланди, ўйин давомида «Интер» дарвозасига мунтазам хавф солиб турилди, биринчи бўлимда тўсин меҳмонларни голдан сақлади, Барроунинг голи эса «Болоня»нинг бошқа футболчиси офсайдда қолиб кетгани туфайли бекор қилинди.
«Милан» – «Аталанта» 2:0
Голлар: 1:0 – 25, автогол Муссо, 2:0 – 86 Жуниор Мессиас.
Милан – Менян, Томори, Тиав, Калулу, Эрнандес, Крунич, Браим Диас (де Кетеларе, 74), Тонали, Жуниор Мессиас (Салемакерс, 89), Жиру (Ибраҳимович, 74), Рафаэл Леау (Ребич, 88).
Аталанта – Муссо, Дзаппакоста (Руджери, 84), Толои, Жимшити, Скальвини (Паломино, 84), Мэле, де Рон, Копмейнерс (Ворлицки, 84), Эдерсон (Бога, 63), Лукман (Муриэл, 69), Хейлунд.
Огоҳлантиришлар: Толои (27), Рафаэл Леау (28), Тиав (65), Крунич (90).
Тўғридан тўғри рақобатчисига қарши ўйин «Милан»нинг сўнгги вақтлардаги энг сифатли ўйини бўлди. Протоколга «Аталанта» дарвозабони Муссонинг автоголи сифатида қайд этилган биринчи гол жуда чиройли чиқди. Жирунинг тўпни ташлаб бериши ҳам, Эрнандеснинг тўпни ҳаводан туширмай тепиши ҳам маҳорат билан ижро этилди. Тўп дарвоза тўсинидан дарвозабон елкасига тушиши эпизодга динамизм қўшди.
Бу вазиятда Муссони айблаб бўлмайди. Уни бирга-бир вазиятда Жируни тўхтатиб, интригани сақлаб қолгани учун мақташ керак. Аммо бергамоликларда мувозанатни тиклаш имкон бўлди дейиш қийин, жамоа қарийб йигирма йил ичида илк бор танаффусга қадар бирорта зарба бера олмади. «Россонери» эса Стефано Пиолининг мураббийлик фаолиятидаги 800-ўйин идеал кечиши учун максимал ҳаракат қилди.
Мураббий эса «Сан-Сиро» олқишлари остида ўтган йил майидан буён майдонга тушмаган Ибраҳимовични тушириб, байрам янада кўтаринки руҳда кечишини таъминлади. Қолаверса, шу куни беш ойдан буён ўйнамаган Меньян дарвозага қайтди. Мавсумнинг ҳал қилувчи палласига келиб «Милан»да ҳаёт яхшиланиб бормоқда. Жамоа «Интер»га етиб олди ва «Аталанта» билан орадаги фарқни олти очкога етказди.
Кун статистикаси
- «Астон Вилла»нинг АПЛда қаторасига беш ўйинда гол урган илк футболчиси ҳужумчи Уоткинс бўлди.
- Бу асрда ла лигада икки ўйинда рақибларни иккитадан автогол уришга мажбур қилган илк жамоа «Атлетик» бўлди.
- А Серияда бу асрда Ҳамшик ва Тоттидан кейин камида 75 та голли узатма амалга оширган ва камида 75 та голга эга бўлган учинчи футболчи ҳозирда «Салернитана» сафида тўп сураётган ҳавбек Кандрева бўлди.
- Германия чемпионатининг жорий мавсумида 6 футболчи ўз туғилган кунида гол урган.
- Люк де Йонг Эредивизияда ПСВ учун 100 гол урган олтинчи футболчига айланди. Охирги бор бу натижани 2004 йилда Кежман қайд этганди.
- «Фенербаҳче» ҳужумчиси Валенсия 7 ўйинда икки ёки ундан ортиқ гол урган. Эквадорлик футболчи Ҳоланд графиги бўйича кетмоқда.
- «Осасуна» ҳимоячиси Давид Гарсия 8 гол урди — бу ла лиганинг сўнгги 20 йиллик тарихида энг яхши натижа — унинг барча голлари бош билан урилган.
- «МЮ» яримҳимоячиси Каземиро ўзининг сўнгги 9 финалида ғолиб бўлган. «Реал»да бошланган бу серия давомида у Чемпионлар лигасида тўрт, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида уч, Испания Кубоги ва Англия лигаси кубогида бир мартадан ғалаба қозонди.
- Ла лигада «Реал» ҳимоячиси Начо 200-ўйинини ўтказди.
- Нидерландия чемпионатида «Аякс» яримҳимоячиси Тадич гол ва паслар сони бўйича 150 (73+77) балл жамғарди.
- Ҳимоячи Дэвис «Тоттенҳэм» сафидаги ўйинлари сонини 300 тага етказди.