Жавоҳир 17 ёшида IELTS ва SAT имтиҳонларидан юқори балл йиғиб, АҚШ, Европа ҳамда Швейцариядаги жами 50 та ОТМга киришга муваффақ бўлган ва 3 млн долларлик грант ютган. Айни вақтда Жанубий Флорида университетининг «Computer Science» йўналишида 1-босқичда таҳсил олмоқда. Жавоҳирнинг айтишича, у гигант IT компаниялар: Google ёки Метаʼда дастурчи сифатида фаолият юритишни ўз олдига мақсад қилиб олган.
«Ёз ойларида IELTS имтиҳонини, бир ойча вақтдан сўнг SAT имтиҳонини топширдим. 11-синфимнинг октябрь ойидан февраль ойигача бўлган вақтда Америка ва Европанинг 70 та университетига ҳужжат топширдим ва 50 тасига қабул қилиндим. Ижтимоий тармоқларда 40 та деб ёзишди, лекин ундай эмас. Умумий миқдорда 3 млн доллар грант ютдим, улар орасида тўлиқ шаклда грант берган олийгоҳлар ҳам бор. Шулар орасидан Жанубий Флорида университетини танладим. Бу олийгоҳ жуда тез ривожланяпти. Топширган пайтимда рейтингда 300-ўринда эди, ҳозир эса кучли 100 таликдан жой олган.
Бу университет менга 24 минг доллар грант таклиф қилган. Олган грантларимнинг ичида энг ками бўлишига қарамасдан, шу университетни танлаганман. Чунки бу олийгоҳ IT соҳаси бўйича юқори ўринларда туради. Йилига 6 минг доллар грант ажратилади, унча катта сумма эмас. Бундан ташқари, университетимизнинг яна бошқа грантларига ҳам топширдим. Инжиниринг бўлимимизда «external scholarship»лар ҳам бор, шунда кўпроқ грантлар беришади, ҳозир шулар учун ҳужжатларимни топширганман.

Энг юқори грантим Ню-Йоркдаги Ithaca college'дан бўлган. Бу университет «full tuition» грантини тақдим қилган. Америка университетларида 2 хил грант тури мавжуд. Булар: «full tuition» ва «fulbright scholarship» ҳисобланади.
«Fulbright scholarship» университет контракти, ётоқхонаси, еб-ичиш харажатларини қоплайди. «Full tuition» эса фақатгина контракт суммаси учун бўлади. Мана шу «full tuition» грантини Ithaca college тақдим қилганди, йилига 45 минг доллар бўларди. Танламаганимга сабаб АҚШда коллеж ва университет бир хил мавқеда бўлгани билан, университет катта ҳисобланади, коллежлар эса кичикроқ бўлади. Ҳозирда ўқиётган университетимда 200 та соҳа бор, 6 минг 400 метр квадрат майдонга эга. Жуда катта ҳудудни эгаллаган. Ithaca college эса кичикроқ, бунинг устига менинг соҳамда юқори рейтингга эга эмас.
Билсангиз, университетнинг катталиги унинг қийматини билдиради. Яъни бу билан сиз унда қанча кўп соҳага ўқитилишини ҳамда талабаларга қанчалик кўп шароит яратилганини билиб оласиз».
— АҚШдаги университетларга ҳужжат топширмоқчи бўлган ёшлар ишни нимадан бошлаши керак?
— Биринчи ўринда IELTS ёки Duolingo сертификатини олиш керак. IELTSʼда 6,5 баллдан, Duolingoʼда эса 120 баллдан юқорисини олиш керак бўлади. Ундан кейин нима? Агарда сиз SATʼга кеч қолган бўлсангиз, шунда ҳам ўқишга топшириш мумкин. Лекин бу ТОП университетларга топшириш имкониятини бермайди.
Кейин керак бўладигани нарса бу – мактаб баҳолари бўлади. Баҳолар кўрсатилган ҳужжатни инглиз тилига таржима қилиб, мактаб директорига олиб борасиз. Бу қоғозни директор керакли манзилга юбориши керак бўлади.
Ундан кейин «personal statement» ёзилади. «Personal statement» ўзингиз ҳақингиздаги иншо ҳисобланади, бунда 650 та сўз билан кандидат ўзини реклама қилиши керак. Қандай ёзиш кишининг ўзига боғлиқ. Бундан ташқари, жараёнда мактабда нима машғулотлар билан шуғулланганлиги ҳақида ҳам маълумот берилади. Яъни абитуриент йиллар давомида фақат мактаб билан чегараланиб қолмаган бўлиши керак. Мактабдан ташқари, кимгадир ёрдам берганми ёки ниманидир ўргатганми, клублар очганми? Бу нарсалар ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки сиз нимадир билан банд бўлган бўлишингиз керак. Булар бажарилди, профил тайёр бўлгач, университетга юбориш мумкин.
Кейин «recommendation letters», яъни тавсияномалар сўралади. Тавсиянома хатлари мактаб директори ва ўқитувчилар томонидан ёзилади. Бизда кўпчилик ўқитувчилар инглиз тилини яхши билмагани учун тавсияномани ўзбек тилида ёзиб беришади. Абитуриентнинг ўзи таржима қилиб олиши керак бўлади. Мен ҳам ўзим таржима қилиб олганман.
Бакалавр йўналиши учун Common app иловаси орқали топширилади. Ўша ерга керакли маълумотлар киритилади. Common app — энг машҳур иловалардан бири. Бу платформа орқали фақат 20 тагача университетга ҳужжат топшириш мумкин. Профилни тўлдириб, ҳужжатларни юклаганингиздан кейин ҳаммаси битта бўлиб 20 та олийгоҳга жўнатилади.
Хўш, агар сиз бундан ҳам кўпроқ ОТМга топширмоқчи бўлсангиз-чи? Бунинг учун яна бир илова бор – Coalition app. Буни кўпчилик ўзбек ёшлари билмайди. Ушбу иловада ҳам маълумотлар худди юқорида айтилгандек тўлдирилади. Бу икки илованинг устун томонидан бири бепул эканида. Одатда АҚШ университетларига топшириш учун 50 доллардан 200 долларгача пул тўланади. Бу иловалар орқали сиз камида 1000 долларни тежаб қоласиз.
Бундан ташқари, университетларнинг ўз сайтлари бор. Ўшалар орқали ҳам ҳужжат топшириш мумкин. Ўзим ҳам шу йўл билан топширганман. Бунда ҳам бепул бўлган. Чунки мактаб директорига университетлардан хат келарди, яъни кандидатнинг молиявий ҳолати ҳақида хабар берилса, бепул топшириш имконияти яратилади.
— Ўзбек талабалар АҚШда қандай яшаб, ўқишади? ОТМ бунда қандайдир шароитлар яратиб берадими? Шулар ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Ҳужжатларни тўғрилаб, визаларни олганингиздан сўнг бир ой олдин келиш имкониятингиз бўлади. Бу ерда ўқишлар август ойида бошланади. Мен ҳам бир ой олдин келиб, Флоридада эмас, Чикагода яшаганман, айланганман. Чунки Учқўрғонлик акаларимиз ўша ерда эди.
Бу ерда ҳар хил ташкилотлар бор, улар талабаларнинг Америкада яхши ҳаёт кечириши, университетда яхши ўқишига ёрдам бериб туради. Масалан, «International student service» қандай аҳволда эканингизни сўраб туради. Бундан ташқари «дарсларда қийинчилик бўлмаяптими, қайси фанлардан қийналяпсан», деб сўраб турилади. Бу жараён учун алоҳида кадрлар ажратилган. Яъни талаба қийналаётган фани бўйича ўқишдан ташқари бепул тўгаракка ҳам таклиф қилинади. Бу жуда ҳам катта фойдали томонларидан бири ҳисобланади. Талаба ҳаракат қилса, ҳеч қачон ортда қолиб кетмайди.
Масалан, мен дастурчи бўлмоқчиман. Математика ва физика фанларини мукаммал тарзда ўрганишим керак бўлади. Физика дарсига қўшиб физика лаборатория дарслари ҳам берилади. Яъни керак бўлган барча фанлар мукаммал тарзда ўқитилади. Яна энг яхши томонларидан бири: қайси бинода дарс бўлишидан тортиб, қайси профессор қачон дарс ўтишигача ўзингиз танлашингиз мумкин бўлади. Биринчи курслигимдан бундай имконият беришган, лекин бу менда қандайдир ноқулайликлар туғдирган, чунки университет ҳақида ҳеч нарсани билмасдим. Бунга ҳам алоҳида кадрларни, маслаҳатчиларни йўналтириб, бизга барчасини тушунтириб беришган. Ҳатто талабаларнинг ишлари, ўқиши кўпайиб кетиб, стрессга тушиб қолган бўлса, шунга ҳам психологларни бириктириб, улар билан индивидуал ишлашади. Бу талабага жудаям катта ёрдам беради.
Бундан ташқари, университетимизда тиббиёт жуда ривожланган. Шу ернинг ўзида саратон касалликларини даволовчи шифохона бор. Талабалар чиқиб, бемалол амалий жиҳатларини ҳам ўрганиши мумкин. Умуман олганда, университетда ҳамма имконият бор, уни бир кичик шаҳарча деб олса ҳам бўлади.
— Ҳозир ўзингиз қаерда яшаяпсиз?
— Ҳар бир университетга халқаро талабалар келгач, уларга яшаш учун жой ва еб-ичиши учун овқат керак бўлади. Америка олийгоҳларининг ўз сиёсати, талаблари бор. Баъзи университетлар: «йўқ, талабалар университетдан ташқарида эмас, ўзимизнинг ётоқхонада яшайди», дейди. Баъзилари эса: «Хоҳласа ётоқхонада, хоҳласа ташқарида яшайверсин», дейди. Бизнинг университет яшашимиз, нима қилишимизда ҳам эркинлик берган. Хоҳишга кўра, университетдан ташқарида ёки ичкарида туриш мумкин. Флоридада университетдан ташқарида туриш нисбатан арзон бўлгани учун шуни танлаганмиз. Университетдан уйга велосипедда борамиз, 5 дақиқалик масофада турамиз. Барча керакли нарсалар яқинимизда жойлашган. Яшаш жойимизнинг атрофида дўконлар ҳам бор. Жуда қулай ҳудуд.
Шунингдек, Америкада яна бир энг зўр жиҳати шундаки, сизнинг қандай ўқишингиз, дарсларни қиласизми ёки йўқ, ҳеч кимга қизиқ эмас. Агар яхши ўқимасангиз пулингизга куйиб қолаверасиз, шунинг учун ҳамма яхши ўқишга ҳаракат қилади. Яъни дарсга бир марта бормасангиз, уйга вазифаларни бажармасангиз, буни ҳеч ким сўрамайди ҳам. Бу нарсалар фақат талабанинг зарарига ишлайди. Профессорлар ҳеч нарса демайди, «нима сабабдан келмадинг?» деб ҳам сўрамайди. Охирида имтиҳондан ўтолмасангиз, яна қайта ўқишга тўғри келади. Бу ерда эса битта дарс 2 минг доллар атрофида туради. Энг муҳими вақт, бу жараёнда вақтдан ютқазиш мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи Асрор Алмуродов.