Тошкент шаҳрида сўнгги 5 йилда бола ўғирлаш билан боғлиқ ҳолат қайд этилмаган. Интернетда бола ўғирланиши ҳолатлари ҳақида тарқалаётган хабарлар асоссиз. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ахборот мултимедиа маркази бошлиғи Нилуфар Исахонова маълум қилди.
Қайд этилишича, 2023 йилда пойтахтда бола ўғирлангани ҳақида 6 та хабар тарқалган. Аммо улар ўз тасдиғини топмаган.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳри ҳудудида сўнгги 5 йил давомида бола ўғирланиши билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган ва жиноят иши қўзғатилмаган.
«Вояга етмаганлар орасида бедарак йўқолган ҳолатлар бўлди, лекин улар топилди ва соғ-саломат ҳолда оиласига қайтарилди. Бундай ҳолатларнинг асосий сабаби — оиладаги низо ва келишмовчилик. Шу сабабли болалар уйидан чиқиб кетган. Кичик ёшдаги болалар адашиб қолгани туфайли бедарак йўқолган деб рўйхатга олинган», деди Исахонова.
2022 йил давомида 231 нафар вояга етмаган бола бедарак йўқолган сифатида рўйхатга олинган. Улардан 10 ёшгача бўлган болалар 32 нафар, 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар 32 нафар, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар 167 нафар.