“Аср фожиаси” юз берган ҳудудда 4 кун. Туркиядан репортаж

Жамият 18:33 / 23.02.2023 38670

11 феврал. Зилзила ҳудудларида хизмат кўрсатиш, электр, алоқа, сув, йўл – умуман барча инфратузилма объектлари издан чиққани боис бу сафарга техник, жисмоний ва руҳий жиҳатдан ҳар тарафлама ҳозирлигимизни кўргач, Истанбулга қараб йўл олдик.

12 феврал. Келганимизга 2 соат ўтар-ўтмас, Истанбулдан Ғозиантепга қараб парвоз қилдик. Ғозиантеп вилоятининг Нур тоғи, Ислоҳия туманлари зилзила эпицентрларидан бири бўлган ва мазкур 2 ҳудудда ҳам 6,5 балл магнитуда атрофидаги ер силкиниши кузатилиб, жиддий талафотлар кузатилган. Кун ярмида автошоҳбекатдан автобусга миниб, Ислоҳия томонга йўл олдик.

Ғозиантеп – Ислоҳия йўналишида кетарканмиз, офат талафотлари Нур тоғи туманига етканимизда кўрина бошлади. Қулаган бинолар, янчилиб кетган автоуловлар ҳудудда худди уруш бўлгандек таассурот уйғотарди кишида.

2 соат деганда Ислоҳия туман марказига етиб келдик. У ерда ҳам Нур тоғидаги манзара. Шаҳарнинг ярми ер билан битта бўлган, қолган биноларга зиён етмаган бўлса-да, яна зилзила содир бўлиши, иморатлар дарз кетган бўлиши эҳтимоли билан бутун шаҳар аҳолиси хавфсиз ҳудудда ташкил қилинган чодирларга кўчирилган.

Барча инфратузилмасидан айрилган шаҳар одамлари учун гаджетларни қувватлаш, интернет алоқа нуқталари, кўчма ҳожатхоналар ташкил қилинган. Туркия ҳукумати ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан ислоҳияликлар учун иссиқ овқат, иссиқ чой, егулик ҳамда иссиқ кийим-кечаклар ҳам тарқатилаётган эди. Шимолий ҳудудлар бўлгани боис ҳарорат 4-5 даражагача совуқ, маҳаллий аҳоли эса ўзлари учун гулханлар ёқиб, вақтинчалик исинишларига тўғри келган.   

12 феврал оқшомини ўзимиз билан олиб келган чодиримизда Ислоҳияда ўтказадиган бўлдик. 

13 феврал. Зилзила юз берганига 1 ҳафта бўлган тонгни хушхабар эшитиш билан бошладик. Ислоҳияда ўша тонгда вайроналар орасидан аёл киши тирик олиб чиқилгани ҳақида маълумот олдик. Ислоҳиядан репортажларимизни якунлаб, энди яна бир эпицентр бўлган Қаҳрамонмараш вилоятига йўл олишимиз керак эди. Аммо транспорт билан боғлиқ муаммолар сабаб йўлга чиқишимиз кечикиб кетди. Шу ҳудудда меҳнат қилаётган “КАТАК” қидирув-қутқарув гуруҳи қутқарувчилари билан танишиб қолгач, улар бизни ўзлари билан Қаҳрамонмарашгача олиб кетадиган бўлишди.

Қутқарувчилар уловида Ислоҳиядан қарийб 100 км масофа босиб, Қаҳрамонмарашга кириб келар эканмиз, бу ердаги ҳолат янада аянчлироқ тус олганига гувоҳ бўлдик. Вилоятнинг Пазаржик қўрғони 6 феврал куни 7,7 баллик энг юқори магнитудали ер силкинишидан жабр кўрган. Бу ерда ҳам шаҳарнинг барча инфратузилмаси издан чиққан. Аҳоли эса тумандаги истироҳат боғларидан бирида ташкил қилинган лагердаги чодирларга вақтинчалик эвакуация қилинган.

Тун қоронғилаб қолди. Пазаржикдан 2-эпицентр бўлган Элбистонгача деярли 200 км масофа бор. У ергача олиб борувчи йўлларнинг аҳволи эса ҳали мавҳум. Шу сабабли у манзилга қоронғида йўлга чиқмасликка қарор қилдик. Қутқарувчи дўстларимиз ёрдами билан 70 км масофада жойлашган Ғозиантеп автошоҳбекатига яна қайтиб келдик ва тунни ушбу манзилда ўтказдик. 

14 февраль. Туркияга келганимизга 3 кун ўтди. Ўтган кунлар давомида эса ўзимиз 3 та 3-4 балли зилзилалар гувоҳи бўлдик. Эрта тонгдан Қаҳрамонмараш провинциясининг Элбистон туманига олиб борувчи транспортларни қидиришга тушдик. Аммо автовокзал чиптачилари мазкур ҳудудга транспортлар қатнамаётганини бизга маълум қилишди.

Шундан сўнг Қаҳрамонмараш шаҳрига қараб йўл олдик. Ғозиантепдан 80 км масофа босиб Қаҳрамонмарашга кириб келар эканмиз, қаршимизда узоқдан тоғ ёнбағридаги гўзал шаҳар манзараси пайдо бўлди. Олисдан шаҳарга худди ҳеч нарса бўлмагандек кўринарди. Аммо шаҳар ичига кириб, гувоҳи бўлдикки, сўнгги 8 кунгача ҳаёт бир маромда давом этган, асосан маҳаллий сайёҳлар дам олиш учун сафар қиладиган шаҳардан фақат харобалар қолган эди.

Аҳоли спорт майдонлари, истироҳат боғларида тикилган чодирларга кўчирилган, бинолар қуласа-қуламаса, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келган, бутун шаҳар руҳ шаҳарга айланиб қолган эди. Уйларидан айрилган маҳаллий аҳолидан ҳол сўраб, улар билан суҳбат қилиб, репортаж тайёрладик.

Қаҳрамонмарашда навбатдаги сана оқшоми туша бошлади. Кейинги манзилимиз эса бироз узоқроқ, яъни Сурия билан чегарадош бўлган Ҳатай вилояти эди. У ерга етиб олишимиз учун 200 кмча масофа босиб ўтишимиз керак. Вилоятга ярим тунда бўлса ҳам кириб бораверайлик десак, у ерда ҳам офат талафотлари сабаб меҳмонхоналар фаолияти тўхтатилган. Шунинг учун Қаҳрамонмараш автовокзалидан автобусга ўтириб, ўша тунни 100-кмда жойлашган Усмония автошоҳбекатида ўтказишга қарор қилдик. 

15 феврал. Ўша тунда яна бир кичик зилзилага гувоҳ бўлдик. Эрта тонгдан эса Ҳатай томон йўлга тушдик. Ҳатайнинг Искандерун тумани темирйўл вокзалида зилзиладан жабр кўрганлар учун 20 дан ортиқ вагонлар вақтинчалик яшаш манзиллари қилиб берилган. Вагонлар ҳар ҳолда чодирларга қараганда мустаҳкамроқ, ер захидан баландроқ ҳамда иссиқроқ.

Ҳатай Туркиянинг жанубий-шарқий қисмидаги вилояти бўлгани учун у ердаги ҳарорат шимолий ҳудудларга нисбатан бироз илиқроқ, аммо талафотлар бошқа ҳудудлардан фарқ қилмас эди. Яна 40 км масофа босиб, этник ўзбеклар яшайдиган Овакент шаҳарчасига етиб келдик.  

Асосан, 1-2-3 қаватли қишлоқ уйлари зилзила сабабли жиддий зарар кўрган. Овакент ўзбеклари ҳам бошқа жабрдийдалар қатори чодирларга эвакуация қилинган. 10 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган қишлоқда 6 феврал кунидаги ер силкиниши натижасида 150 га яқин овакентликлар ҳалок бўлган.

Шу билан Туркия республикасининг офатдан зарар кўрган ҳудудларига қилган 4 кунлик сафаримиз ўз ниҳоясига етди. Транспортлар билан боғлиқ муаммолар эса ҳамон бор. Овакентдан 1000 км масофадаги Истанбулга қайтишимиз керак эди. Албатта йўлдаги яхши инсонларнинг беминнат ёрдами билан йўл-йўлакай транспортлар орқали Истанбулгача етиб олдик.

“Аср фожиаси”дан азият чекаётган қардош халққа бу кунлар тезроқ унут бўлишини тилаб қоламиз.

Сардорбек Усмоний, журналист

Кўпроқ янгиликлар