Қумқўрғондаги абгор йўл ва қурилиши чала поликлиника: 35 йиллик муаммо ниҳоят барҳам топадими?

Жамият 10:44 / 20.02.2023 15566

Қумқўрғон туманининг Шерозий, Тўда, Исломобод каби маҳаллалари ҳудудини кесиб ўтувчи бу йўлнинг таъмирланиши ўтган йили бошланиб, унинг Бойсун туманига туташ 7 км қисми асфалтланган, бироқ айни маҳаллаларни кесиб ўтувчи 9 км қисми шундоқ ташлаб кетилган. Тупроқ ва тош аралашмаси ётқизилган йўл қиш-баҳор ойларида лой, ёзда эса чангга тўлмоқда.

Маҳалла оқсоқолларидан бири, 74 ёшли пенсионер Сафарали Мансуровнинг айтишича, бу йўлнинг абгор аҳволдалигига 35 йил бўлмоқда. Маҳаллалар оқсоқоллари 5 йилдан буён турли идоралар эшиги турумини бузиб, йўлнинг асфалт қилиниши талаб қилишади. Бироқ бошланган иш кутилмаганда чала ташлаб кетилди.

Сафарали Мансуров

Фаол оқсоқоллардан бири Шерали Саидовнинг айтишича, йўлнинг масъуллар юқори қисми ҳашар йўли билан асфалтлангани, буёғини қилиш учун маблағ йўқ деган важни рўқач қилишмоқда. Бу йўлдан оғир касалларни «тез ёрдам» машинасида («Дамас»ларда!) 35 км узоқликдаги туман тиббиёт бирлашмасига олиб боришнинг ўзи ҳам бир азоблигини таъкидлаб ўтди.

Шерали Саидов

Пенсионер Эргаш Нормуродовнинг айтишича, «Обод маҳалла» дастури бўйича кўчаларда пиёдалар йўлаги — тротуарларни бетонлаштириш, ёритиш чироқлари учун устунлар ўрнатиш ҳам чала ташлаб кетилган.

Эргаш Нормуродов

Сўз олган онахонлардан бири, йўл ёқасидаги уйлардан бирида истиқомат қилувчи Иззатой Назарованинг айтишича, бу йўлда ёзда кўтариладиган чанг-тўзондан уйнинг ҳовлисида ҳам ўтириб бўлмайди. Нафас олиш қийинлашади. Шунинг учун ёзнинг жазирамасида ҳам улар уйининг ичкарисида шамоллатгичларни ёқиб ўтиришади.

Иззатой Назарова

Боболар бу масала юзасидан вилоят ва туманнинг аввалги раҳбарларига кўп бор учрашишган. Ваъдалар олишган. Халқ қабулхонасидан эса «қаерга борсаларинг бораверинглар, асфалт қилинмайди», дея қарийб ҳайдаб юборилган. Эътибор беринг, отахонлар Президент Халқ қабулхонасидан ҳайдалган.

Қуйидаги суратларда ҳам кўриниб турибди: йўл четида барпо этилаётган тротуарлар ҳам чала ташлаб кетилган. Ички йўлларга ётқизилган асфальтнинг сифатини-ку таърифлашга тил ожиз.

Отахонлар Шўрчи ва Бойсун туманини боғловчи вилоят аҳамиятидаги йўлнинг бошидан бошланган асфальтлаш охиригача етказилишини истайди.

Боболар бизни қўшни Чукурли маҳалласи ҳудудида қурилиши бошлаб қўйилган ва чала ташлаб кетилган 36-сон оилавий поликлиникага ҳам бошлаб боришди.

Эски поликлиникадаги шароитлар ниҳоятда ёмон. Бу абгор масканда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мумкинлиги ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Мана, қуйидаги суратларга қараб ўзингиз баҳо беринг.

 

Туман марказий шифохонаси бу ердан 35 километр нарида жойлашган. Шифохонагача беморлар юқорида зикр қилинган абгор йўллардан олиб борилишини ҳам бир ўйлаб кўринг. Поликлиника мудири Улуғбек Қорабоев бу борада шундай деди:

«36-сон оилавий поликлиникамизда 2 та «тез ёрдам» машинаси бор. 8 та маҳалладаги 35 минг аҳолига хизмат кўрсатамиз. Поликлиникамизнинг аҳволи яхши эмас. 2018 йилда олдигинамизда 100 қатновга мўлжалланган янги поликлиника биноси қурилиши бошланган эди. Мана, бешинчи йилдирки, турли сабабларга кўра қурилиш ишлари ниҳояланмай келмоқда. Албатта, барча шароитларга эга, янги замонавий оилавий поликлиника керак».

Улуғбек Қорабоев, 36-сон оилавий поликлиника мудири

Нега яхши ниятлар билан 5 йил аввал бошланган поликлиниканинг янги биноси қурилиши тўхтаб қолди? Қурилишни давом эттириш ва тез фурсатларда халқ хизматига топширишнинг наҳотки имконияти йўқ? Бу маҳаллалар аҳлини қийнаётган йўл муаммоси-чи? Асфальт ётқизиш ишлари ниҳоясига етказиладими? Аҳоли яна қанча сабр қилиши керак.

Кўриниб турибдики, отахонлар ўз уйи, ўз манфаати учун бирор нарса талаб қилгани йўқ. Халқи, маҳалласи учун жон куйдириб юришибди. Аслида ҳам, йўл ва поликлиника билан боғлиқ шу икки муаммо ҳал бўлса, бу қишлоқлар ростдан ҳам анча тоза, соғлом ва обод бўлиб қоларди.

Боз устига, бу муаммоларни ташаббусли бюджет маблағлари билан ҳал қилиб бўлмайди. Давлат дастурига киритиш керак.

Биз қишлоқда декабр ойида бўлиб, отахонлардан интервю олган эдик. Шу кунларда отахонлар бизга яна видеомурожаат йўллашди. Аҳвол ҳамон ўша-ўша...

Қумқўрғонлик отахонлар ва онахонлар туманнинг ва вилоятнинг янги раҳбарлари ушбу масалага адолат назари билан боқиб, чала ташлаб кетилган ишларни охирига етказилишидан умид қилиб туришибди. Умид қиламизки, вилоят ва туман раҳбарлари ушбу муаммолар юзасидан расмий муносабат билдириб, муаммоларни ҳал этиш бўйича қандай режалар борлигини таҳририятга ҳам маълум қилишади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.
Жаҳонгир Алибоев, монтажчи.
Kun.uz

Кўпроқ янгиликлар