«Арсенал» яна биринчи, «Барса» «Реал»дан масофа сақламоқда. Ҳафта ўйинлари якунлари

Спорт 14:09 / 20.02.2023 32055

Англия: «Челси» чўкмоқда, Клопп эса «Ньюкасл»нинг сирини билади

Астон Вилла – Арсенал 2:4
Голлар: 1:0 – 5 Уоткинс, 1:1 – 16 Сака, 2:1 – 31 Коутиньо, 2:2 – 61 Зинченко, 2:3 – 90+3, автогол Мартинес, 2:4 – 90+7 Мартинелли.
Астон Вилла – Мартинес, Кэш, Мингз, Конса, Морено (Динь, 78), Макгинн, Коутиньо (Рэмзи, 62), Камара, Дуглас Луис (Дендонкер, 67), Буэндиа (Бэйли, 67), Уоткинс (Дуран, 78).
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт (Томиясу, 79), Габриэл, Салиба, Зинченко, Чака (Фабиу Виейра, 79), Жоржиньо, Эдегор, Сака, Троссар (Мартинелли, 68), Нкетиа.
Огоҳлантиришлар: Сака (45), Дуглас Луис (45), Мартинес (84).

«Арсенал» «МЮ» устидан қозонилган ёрқин ғалабадан кейин (3:2) қора оралиқдан ўтди — Англия кубогидан чиқиб кетди ва АПЛнинг уч ўйинида атиги бир очко олди. Габриэл Жезуссиз қолган жамоада ҳужум чизиғида муаммолар кузатилмоқда. Мудофаада ҳам ҳимоячилар рақибнинг ишини осонлаштирмоқда ва шанба кунги ўйин дебютида Уоткинс бундан унумли фойдаланди. Бу эпизодда ҳимоячи форвард билан яккама-якка ҳолатда қолганди, барчаси майдон марказида тўп йўқотилишидан бошланганди.

Кўп ўтмай Сака ҳимоячидан қайтган тўпни тўхтатмасдан дарвозага йўллаб, мувозанатни тиклади, аммо «Вилла» меҳмонларга муаммолар туғдиришда давом этди. Бирмингҳемликлар босимга бардош беришди ва ажойиб қарши ҳужум уюштириб, Филиппе Коутиньо мавсумдаги илк голини нишонлади. Стадионга келган Том Ҳэнкс севимли жамоаси голларини нишонлаши ижтимоий тармоқларда кун мавзусига айланди. Бу мавсумда «Вилла» танаффусга ҳисобдаги устунлик билан чиқиб кетилган барча ўйинда ғалабани охирига қадар сақлаб қолганди.

Аммо бу серияга барҳам берилди. Ҳисоб Зинченконинг жарима майдони ташқарисидан берган зарбасидан олдинроқ ҳам тенглашиши мумкин эди, аммо дарвоза тўсини мезбонлар жонига ора кирди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида лондонликлар рақиб дарвозаси томон 20 га яқин зарба йўллади. Ҳисоб 2:2 ҳолатида эса Эдегор қулай позициядан туриб деярли бўш қолган дарвозани ишғол эта олмади. Шу билан бирга, мезбонлар ҳам жарима майдонига қамалиб олмади ва хавфли қарши ҳужумлар уюштиришди. Иккинчи бўлимда ўйинга қўшилган Бэйлининг зарбаси аввал дарвозабоннинг қўлларига, кейин эса дарвоза тўсинига тегди. Яна бир вазиятда Дуран қулай имкониятдан фойдалана олмади. Ва бу Унаи Эмери жамоасидаги охирги омадсизликлар эмасди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар давом этаётганида Жоржиньо узоқ масофадан берган зарбаси билан дарвоза тўсинини нишонга олди, тўп эса пастга шўнғиб Эмилиано Мартинеснинг бошига тегди ва дарвоза тўрига кириб кетди. Аргентиналик дарвозабон хатосини тузатишга ҳаракат қилиб, ўйиннинг сўнгги дақиқасида бурчак зарбаси ижро этилаётган вақтда рақиб жарима майдонига етиб борди. Аммо бу вазият Габриэл Мартинелли қарши ҳужумда бўш дарвозани ишғол этиши билан якунланди. Бразилиялик футболчи голни уришидан олдин нишонлаб юборди. «Арсенал» яна турнир жадвали пешқадамлигига қайтди.

Ноттингҳем Форест – Манчестер Сити 1:1
Голлар: 0:1 – 41 Бернарду Силва, 1:1 – 84 Вуд.
Ноттингҳем Форест – Навас, Орье (Вуд, 79), Фелипе, Уоррелл, Лоди (Тоффоло, 79), Колбэк (Уильямс, 58), Шелви (Мангаля, 72), Фройлер, Гиббс-Уайт, Данило (Айю, 58), Жонсон.
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Лапорт, Рубен Диаш, Гундўған, де Брюйне (Альварес, 88), Грилиш, Бернарду Силва, Родри, Фоден (Аке, 89), Ҳоланд.

Ноттингҳемдаги ўйин илк дақиқалардан ҳаракат бир томонлама бўлган кўчани ёдга соларди. Лекин бу боши берк кўчага ҳам ўхшарди, «Ман Сити» футболчилари гол уришнинг йўлини қила олишмасди. Ҳатто тўп дарвозага киришидан бошқа йўли қолмагандек туюлган вазиятларда ҳам. Грилиш, Родри, Ҳоланд, Бернарду Силва қулай вазиятлардан фойдалана олишмади... Ва фақат бўлим охирида португалиялик футболчи узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди.

Бу ўз вақтида урилган гол эди, чунки иккинчи бўлимда «шаҳарликлар» «сахийлик» қилишда давом этишди. Улар бир неча метр масофадан туриб ҳам Кейлор Навасни доғда қолдиролмасди, вазиятларни бесамар узатмалар билан йўққа чиқаришарди, айниқса Фоден тушунарсиз хатоларга йўл қўйди. Ҳоланд рақиб хатосидан кейин тўпни эгаллаб олиб, жарима майдонига кириб борди, аммо зарба бериш ўрнига йиқилиб, пеналти сўради ва ҳеч нарсасиз қолди. Кейинги вазиятда эса қулай вазиятдан туриб тўпни дарвоза тўсинига қараб тепди, қайтган тўпни эса дарвозабон газонда ётган ҳолатида яна юқорилатиб тепиб юборди. Гундўғаннинг жарима нуқтасидан дарвоза тўсини остига йўллаган зарбасини Наваст тўсди. Ўйин якунига кўра зарбалар бўйича кўрсаткич 23 га 4 нисбатида эди.

Аммо булар ҳаммаси эмасди. «Ўрмончилар» ҳимоячи Орье жароҳат олгач ва-банкка боришди ва унинг ўрнига ҳужумчи Вуд туширилди. Айнан янги зеландиялик футболчи Гиббс-Уайтнинг қанотдан узатмасидан кейин тўпни дарвоза тўрига жойлаб, «Сити»ни шокка туширди. Чемпионлар яна таъқиб этувчига ролига қайтди.

Челси – Саутҳемптон 0:1
Гол: 0:1 – 45 Уорд-Проуз.
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта (Чалоба, 84), Кулибали (Фофана, 46), Бадьяшиль, Чилуэлл (Галлахер, 84), Ковачич, Маунт (Ҳавертц, 64), Фернандес, Жоау Феликс, Мадуэке (Мудрик, 64), Фофана (Стерлинг, 46).
Саутҳемптон – Базуну, Беднарек, Белла-Кочап, Перро, Армстронг (Уолкотт, 59), Эльюнусси (Алькарас, 87), Уорд-Проуз, Лавиа (Диалло, 87), Мэйтленд-Найлз, Сулемана (Армстронг, 59), Онуачу (Мара, 59).

Бу вақтда «Челси»нинг даҳшатли туши давом этмоқда. ЕЧЛда Дортмундда учралган мағлубиятдан кейин кўклар АПЛ турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бораётган «Саутҳемптон»га ўз уйида ютқазиб қўйди. «Авлиёлар» жамоасини охирги ўриндан Уорд-Проузнинг уникал таланти олиб чиқиши мумкин, унинг «жонли девор» устидан ошириб йўллаган зарбаси Кепага ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ушбу яримҳимоячи яна бир шундай голи билан АПЛда жаримадан 18 гол урган Бекҳэмнинг рекордини такрорлайди.

«Челси» 15 январдан буён ғалаба қозонмаяпти ва беш ўйинда атиги бир бор рақиб дарвозасини ишғол этган. Бу ўйин охирида Аспиликуэтанинг оғир жароҳат олиши Грэм Поттер жамоаси ўйинига қандай таъсир кўрсатишини тахмин қилиш қийин. Қайчи услубида зарба беришга ҳаракат қилган Мара оёғи билан испаниялик ҳимоячининг бошига тепиб юборди ва футболчи газонга қулаши билан атрофдаги футболчилар тиббий ёрдам чақира бошлашди. Шифокорлар Аспиликуэта атрофида қарийб тўққиз дақиқа ўрмалашди ва шундан кейин фахрий футболчи замбилда майдондан олиб кетилди. Уни шифохонага ётқизишган, аммо асосийси у ўзига келган ва рафиқаси билан гаплашган.

Ньюкасл — Ливерпул 0:2
Голлар: Нуньес (10), Гакпо (17).
Ньюкасл – Поуп, Триппьер (Мерфи, 64), Шер, Ботман, Берн, Андерсон (Дубравка, 24), Лонгстафф, Альмирон (Гордон, 64), Сен-Максимен, Жоэлинтон (Ритчи, 71), Исак (Уилсон, 64).
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Гомес, Робертсон, Байчетич (Милнер, 59), Ҳендерсон (Эллиотт, 59), Фабиньо, Салоҳ, Гакпо (Жота, 59), Нуньес (Фирмино, 59).
Огоҳлантиришлар: Фабиньо (20), Алмирон (37).
Четлатиш: Поуп (22).

Бой ҳомийлар қўлига ўтган «Ньюкасл» Чемпионлар лигаси ҳудудида. «Ливерпул» — турнир жадвали ўрталарида бормоқда. Худдики АПЛда ҳокимият ўзгаргандек, аммо «қарғалар»ни шу куни ҳатто ўз майдонидаги ўйинда ҳам фаворит дейиш қийин эди. Буни Александр-Арнолднинг узун узатмаси ҳимоячилар устидан ўтиб, уларнинг ортида очилган Нуньесга етиб борганида ва у бирга-бир вазиятдан унумли фойдаланганида ҳам ўз тасдиғини топди. Яна етти дақиқа ўтиб Салоҳ АПЛнинг энг ишончли ҳимоясини доғда қолдирди ва унинг узатмасидан кейин Гакпо дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борди.

Кўп ўтмай яна ҳимоячилар хатога йўл қўйгач, бу хатони ёпиш учун жарима майдонидан чиқиб келган дарвозабон Поуп тўпни қўли билан ўйнади ва биринчи бўлим ўрталаридаёқ кийим алмаштириш хонасига йўл олди. Эътиборли томони, бу вазиятда Салоҳ ўз жамоаси дарвозабони ошириб берган узатма учун курашаётганди — шу куни Алиссон ҳисоб 0:0 эканида «Ливерпул»ни қийин вазиятларда қутқарди. Мезбонлар бир киши кам бўлиб қолганидан кейин меҳмонлар қаторасига иккинчи ўйинда ғалаба қозониши ойдинлашди.

«Ньюкасл» табиийки бунга рози эмасди ва танаффус арафасида фақат тўсин меҳмонларга ҳисобдаги икки гол устунлигини сақлаб қолишга ёрдам берди. Ўйин охирларида эса Алиссон Уилсоннинг ҳужумидан кейин яна бир бор ақл бовар қилмас сейв амалга оширди.

Лекин бу натижа билан ҳақиқий «Ливерпул» қайтгани тўғрисида хулоса қилиб бўлмайди. Биринчидан, бунинг учун муваффақиятли серия қайд этилиши керак. Иккинчидан, бу жорий мавсумдаги икки мағлубиятини ҳам Юрген Клопп жамоасидан қабул қилиб олган «Ньюкасл»га қарши ўйин эди.

Манчестер Юнайтед — Лестер 3:0
Голлар: Рэшфорд (25, 58), Санчо (62).
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Далот, Линделёф, Мартинес, Шоу (Ван-Биссака, 69), Забитцер (Майну, 80), Фред (Мактоминей, 59), Фернандеш, Вегорст, Рэшфорд (Эланга, 69), Гарначо (Санчо, 46).
Лестер – Уорд, Кастань, Фас, Суттар, Кристиансен, Менди (Сумаре, 59), Мэддисон, Барнс, Дьюзбери-Ҳолл (Тилеманс, 59), Иҳеаначо (Варди, 75), Тете (Прат, 75).
Огоҳлантиришлар: Фас (45), Менди (48).

Сўнгги икки турда саккиз гол урган «Лестер» «Олд Траффорд»да ҳам тўхтамоқчи эмасди. «МЮ» дарвозабонида Де Хеа қиёфасидаги девор борлиги жамоанинг омади келгани эди, у биринчи бўлим ўрталаригача тур ҳит-парадига кирадиган қатор сейвлар амалга оширди. «Қизил иблислар» ҳужум чизиғида эса Рэшфорд ўйнайди ва ўйинда бурилиш рўй бериши вақт масаласи эди. Танаффусга қадар ўнг қанотда ўйнаган Маркус эса бу позиция унга қулай эмаслиги ҳақидаги назарияни йўққа чиқарди. У хотиржамлик билан ҳимоячилардан қочиб кетди ва тўпни дарвоза тўрига жойлаб, бир мавсумдаги самарадорлик бўйича шахсий рекордини яхшилашда давом этди.

Иккинчи бўлимда эса унинг яқин масофадан йўллаган зарбасини дарвозабон тўхтатди, яна бир зарбасидан кейин урилган гол эса видеотакрор аралашуви билан ҳисобланди - VAR бу вазиятда офсайд хато кўрсатилганини аниқлади. Рэшфорднинг бу мавсумдаги 24-голи «тулкилар»ни амалда чўктирди ва уларнинг мудофааси ҳар иккинчи ҳужумда сочилиб кета бошлади. Шу куни манкунианликлар сафида бошланғич таркибда 150-ўйинини ўтказган Бруну Фернандеш формасини тиклаб бораётган Санчо билан «девор» услубида ўйнади ва англиялик ҳужумчи ўз голини урди. Энди «МЮ» ва «Сити» орасидаги фарқ уч очкогача қисқарди.

Тоттенҳэм — Вест Ҳэм 2:0
Голлар: Эмерсон (56), Сон (72).
Тоттенҳэм – Форстер, Эмерсон, Дайер, Лангле (Перишич, 78), Ромеро, Дэвис, Ҳёйбьерг, Кулусевски (Моура, 90), Скипп (Сарр, 90), Кейн, Ришарлисон (Сон, 68).
Вест Ҳэм – Фабиански, Цоуфал, Огбонна (Жонсон, 82), Керер, Агерд (Форналс, 82), Эмерсон, Соучек, Райс, Даунс (Бинраҳма, 72), Антонио (Ингз, 72), Боуэн.
Огоҳлантиришлар: Скипп (9), Антонио (62), Перишич (90+3).

Антонио Конте шошилинч жарроҳлик амалиётидан кейинги икки ҳафталик таътил вақтида шифокорларнинг тавсияларига зид ўлароқ, «Лестер» ва «Милан»га қарши ўйинларга ташриф буюриш орқали, ўз кучига юқори баҳо берганини тан олди. Мураббий энди қачон захира ўриндиғига қайтиши — номаълум. Ҳозирча майдон четида туриб «Тоттенҳэм» ўйинини Кристиан Стеллини бошқармоқда, лондонликлар у билан «Манчестер Сити»ни мағлуб этишганди (1:0).

Унинг Конте ўрнини эгаллаши яна иш берди. «Шпорлар» икки мағлубиятдан кейин «Вест Ҳэм»ни енгишди, ҳатто қийин даврни бошдан кечираётган Сон Хин Мин ҳам гол урди. Кореялик футболчи захирадан ўйинга қўшилганидан кейинги уч ярим дақиқа ичида Кейннинг узатмасини голга айлантирди, англиялик футболчи жорий мавсумда унга тўртинчи бор ассистентлик қилмоқда. Бу ғалаба эвазига «Тоттенҳэм» «Ньюкасл»ни қувиб ўтиб, тўртликка қайтди. «Қарғалар»да битта захира ўйини бор.

Испания: «Реал»нинг янги таланти

Осасуна — Реал 0:2
Голлар: Вальверде (78), Асенсио (90+2).
Осасуна – Эррера, Унаи Гарсия, Давид Гарсия, Санчес, Брашанац (Орос, 72), Мойсес Гомес, Торро (Кике Гарсия, 85), Рубен Гарсия (Морено, 63), Монкайола, Будимир, Эз Абде (Барха, 85).
Реал – Куртуа, Начо (Карвахаль, 76), Рюдигер, Милитао, Алаба, Модрич, Себальос (Асенсио, 66), Камавинга, Вальверде, Винисиус, Родриго (Родригес, 88).
Огоҳлантиришлар: Торро (5), Монкайола (45), Винисиус (45), Мойсес Гомес (45), Начо (84).

Чоршанба куни қолдирилган ўйинда «Эльче» дарвозасига дубл қайд этган (4:0) Бензема кичик шикастланиш туфайли Памплонага кела олмади, мураббий уни ЕЧЛда «Ливерпул»га қарши кечадиган ўйин учун асрашга қарор қилди. Бу Кроосга ҳам тааллуқли, Карло Анчелоттини эса клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок эта олмаган Куртуанинг дарвозага қайтиши хурсанд қилди. Биринчи бўлимда майдонда рўй берган воқеалар эса мураббийни хушнуд қилмагани аниқ ва бўлим охирида футболчилар ўртасида зиддият юзага келганида италиялик мутахассис майдонга чиқиб келди ва арбитрларга эътирозларини билдирди.

Кийим алмаштириш хонасида эса футболчиларга ҳам саволлар қўйилгани тайин. 45 дақиқада уч зарба — «Реал»нинг жорий мавсумдаги энг ёмон кўрсаткичидир. Винисиус Жуниор иккинчи бўлим бошида дарвозани ишғол қилганида эса гол офсайд туфайли бекор қилинди. Бразилиялик футболчи яна икки вазиятда рақиб дарвозабони Эррерани алдай олмади. Куртуани эса Гомеснинг ерлатиб берган хавфли зарбасидан дарвоза устуни қутқарди.

Мадридларга анъанавий устунликлари — характер ва маҳорат ёрдамга келди. Винисиус эса ниҳоят тўғри қарор қабул қилиб, рақиб жарима майдонида очилган Вальвердени тўп билан таъминлади. Ва албатта меҳмонлар сафида дебют қилган 18 ёшли Альваро Родригес ҳақида гапириш мумкин. У майдонга тушиши биланоқ Винисиусга голли пас берди, аммо кичик офсайд туфайли гол бекор қилинди. Ёш футболчи тўхтаб қолмади ва кейинги ҳужумда Асенсиони дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқарди.

Реал Сосьедад – Сельта 1:1
Голлар: 1:0 – 5 Ойарсабаль, 1:1 – 90, автогол Ле Норман.
Реал Сосьедад – Ремиро, Ле Норман, Субельдия, Рико, Ильярраменди (Мерино, 63), Мендес (Наварро, 83), Субименди, Кубо (Марин, 83), Барренечеа (Сола, 89), Серлот (Фернандес, 89), Ойарсабаль.
Сельта – Вильяр, Мингеса, Нуньес, Айду, Галан, Де Ла Торре (Оскар Родригес, 68), Бельтран (Тапия, 68), Вейга, Карлес Перес (Серви, 83), Аспас, Ларсен (Сеферович, 46).
Четлатиш: Тапия (75).

«Реал Сосьедад» муваффақиятсизликлар серияси ва қаторасига голсиз уч ўйиндан кейин идеал ҳафта ўтказиши мумкин эди. Душанба куни ҳамон кадрлар муаммосидан азият чекаётган «басклар» сафарда «Эспаньол»ни мағлуб этишганди (3:2), энди эса қишда ёрқин ўйин кўрсатаётган «Сельта»га қарши ўйинни жуда кучли бошлашди. Оярсабал дарвозабонни ҳайратга солиб, яқин бурчакни аниқ нишонга олган ҳолда мавсумдаги иккинчи голини урди - ушбу футболчи товонидаги оғир жароҳат туфайли тўққиз ой давом этган тикланиш жараёнидан кейин аста-секин олдинги ҳолатига қайтмоқда.

Аммо ғалаба учун бунинг ўзи етарли бўлмади. Шу куни мезбонларнинг кўп вазиятларда омади келди, масалан, дарвозабон ва ҳимоячи бир-бирига ишониб қолган вазиятда Аспас йўллаган зарба устунга тегди. Ёки «Сельта» сардори дарвозабон олдинга чиқиб кетганини кўриб, узоқ масофадан тўпни ошириб ташлаганда гол бўлмай қолди. Лекин меҳмонлар сафида иккинчи бўлимда майдонга тушган Тапия қизил карточка олгач, бир киши кўп бўлиб ўйнаган «Сосьедад» ғалабани сақлаб қола олмади ва ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда урилган автогол жамоа «Реал»га яқинлашишига йўл қўймади. Бошқа томондан тўртинчи ўринда келаётган «Атлетико» билан орадаги фарқ ҳам қисқармоқда.

Атлетико — Атлетик 1:0
Гол: Гризманн (73). 
Атлетико – Облак, Молина, Хименес, Эрмосо, Рейнилду, Льоренте, Карраско (Депай, 72), Коке, Де Поль (Барриос, 59), Гризманн (Сауль, 90), Корреа (Мората, 59).
Атлетик – Агирресабала, Де Маркос, Йерай Альварес (Паредес, 84), Вивиан, Берчиче, Дани Гарсия (Саррага, 69), Весга, Сансет (Рауль Гарсия, 84), Муниаин (Гурусета, 68), И.Уильямс, Н.Уильямс (Беренгер, 84).
Огоҳлантиришлар: Дани Гарсия (33), Хименес (34), Де Поль (45), Йерай Альварес (55), Вивиан (66).

Агар «Вальядолид»га қарши ўйиндаги устунлик аҳмоқона тарзда бой берилгани (1:1) ҳисобга олинмаса, сўнгги вақтларда Диего Симеоне жамоаси ла лигада охиригача ўйнаб, рақибни хато қилишга мажбурлаш бўйича  асосий мутахассисга айланган. Сауль «Осасуна»га қарши ўйиннинг 74-дақиқасида ғалаба голини урганди. Аввалги турда Депай 89-дақиқада дарвозани ишғол этиб, «Сельта»ни нокаут ҳолатига туширганди. Энди эса ҳимоячилардан қочиб кетиб, дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олган Гризманнинг навбати келди. Афтидан, «Атлетик» «Валенсия» каби ушбу французнинг севимли жамоаси. У бу рақибларга қарши ўйинларда 11 тадан гол урган ва жамоанинг янги муваффақияти «Реала Сосьедад» билан орадаги фарқ 2 очкогача қисқаришини, бешинчи ўринда келаётган «Бетис» билан тўрт очколик фарқ сақланиб қолишини таъминлади, еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлар учун курашаётган басклар эса олтиликни тарк этди.

Барселона — Кадис 2:0
Голлар: Роберто (43), Левандовски (45+1).
Барселона – тер Стеген, Кунде, Кристенсен, Гарсия, Бальде, Роберто, де Йонг (Кессиэ, 69), Гави, Левандовски (Рафинья, 74), Торрес, Фати (Аларкон, 86).
Кадис – Ледесма, Карселен, Эрнандес, Фали Хименес, Арсамендия, Алекс Фернандес, Алькарас (Сан-Эметерио, 69), Эскаланте (Алехо, 62), Рохер Марти (Рамос, 74), Бонгонда (Собрино, 62), Окампо (Лосано, 62).
Огоҳлантиришлар: Рохер Марти (24), Алькарас (53), де Йонг (66), Кессиэ (78), Сан-Эметерио (82).

Хави бу ўйин арафасида бир ярим ой муддатга сафдан чиққан Педри ўрнига Сержи Робертони тушириб, кутилмаган қарор қабул қилди. Сўнгги йилларда майдонга сардорлик боғичи билан тушаётган бу футболчи латерал ролида ўйнарди, аммо у янги амплуада ҳам йўқолиб қолмади. Шу жумладан бўлим охирида ўнг қанотда Ферран Торрес соло амалга ошириб, майдон марказидаги Левандовскини тўп билан таъминлаганида ҳам - бу вазиятда полшалик ҳужумчининг зарбасини дарвозабон қайтарди, қайтган тўпга бўш қолган Сержи зарба бериб ҳисобни очди.

Яна бир жиҳати - Сержи Хави мураббийлигида 13 ўйинда 3 гол урган, Хавига қадар эса 221 ўйинда унда фақат 5 та зарба бор эди. Бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Левандовскини голли пас билан таъминлади, поляк футболчи ла лигадаги биринчи мавсумида 15-голини уриб улгурди, турнирда бундай самарадорликка ундан тезроқ фақат Криштиану Роналду гол урган (17 га қарши 19 ўйин). Якшанба кунги ғалаба «Барса»нинг йил бошидан буён эришган қаторасига олтинчи ғалабасига айланди. Кўк-анорранглилар «Реал»дан саккиз очколик фарқ билан олдинда бормоқда.

Кун статистикаси

  • «Эвертон» ҳимоячиси Коулман АПЛда сўнгги 97 ўйинида 2 гол урган. Иккисини ҳам — «Лидс» дарвозасига.
  • Жон Ҳейтинга бошқарувига ўтганидан кейин «Аякс» тўрт ўйинда камида учтадан гол урди. Амстердамда мураббийлик фаолиятини бундай ёрқин бошлаган мутахассис 1997 йилда жамоа бошқарувига келган Мортен Ольсен бўлганди.
  • Ла лиганинг энг тўпурар ҳимоячиси мавсумдаги тўртинчи голини урди — бу «Райо Вальекано» ҳимоячиси Лежен.
  • «Арсенал» 14 йилдан буён АПЛ доирасидаги сафар ўйинларида биринчи бўлимни мағлубият билан якунлаб, ўйинда ғалабани ўз томонига оғдира олмаганди.
  • 19 йилу 235 кунлик — бу «Боруссия» яримҳимоячиси Беллингемнинг ёши. У бундеслигада 50 ғалабага эришган энг ёш футболчи бўлди.
  • «МЮ» барча турнирлар ҳисобга олинганда 27 ғалабага эришди. Бу топ-5 чемпионатлардаги энг яхши натижа, «қизил иблислар» ўтган мавсум давомида бундан 7 та кам ғалабага эришганди.
  • «Реймс» 2018/19 йиллар мавсумида олий лигага қайтганидан буён 28 ўйинда голсиз дуранг қайд этган. Бундан ташқари, «Ньюкасл»нинг мағлубиятсиз серияси бузилгач, «Реймс» топ-5 лигада энг узоқ вақтдан бери ютқазмаётган жамоага айланди — 16 ўйин.
  • «Штутгарт» 31 ўйиндан бери (2021 йил апрелидан буён) ўз майдонида дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаётганди. «Кёлн» 3:0 ҳисобида мағлуб  этилгач, Бундеслига тарихидаги рекорд серия тўхтади.
  • «МЮ» ва «Лестер» ўйинида дарвозаларга 45 (26-19) бор зарба берилди — бу АПЛда 2016 йил октябридан буён қайд этилган рекорд кўрсаткич.
  • «Сампдория» А Серияда ўз майдонидаги ўйинларда 731 дақиқадан буён гол ура олмаяпти.
Кўпроқ янгиликлар