Турли телеграм-каналларида Тошкентда бола ўғрилари пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Хабарларга уч нафар аёлнинг сурати ҳамда уларнинг исм-шарифи, туғилган жойига оид маълумотлар илова қилинган.
“Эҳтиёт бўлинглар, “дом”дагилар, мана бундай “шайка”лар пайдо бўлибди. Мактаб ва боғчаларга эътиборли бўлинглар. Булар уч кишимас, кўпчилик. Камида 30-40 киши. Мабодо ўлдириб сотадиган бўлишса, ёш боланинг организми қиммат туради. Эҳтиёт бўлинглар, Тошкентда юрибди булар. Айниқса, Сергели тарафда “новостройка”ларда кўп юрибди булар”, дейилади номаълум эркак томонидан тарқатилган овозли хабарда.
“Ҳурматли “домком”лар, огоҳ бўлинглар. Булар уч киши экан. Охирида каттароқ бир аёл ҳам келди, бизнинг кучимиз етмади. Биз тўрт киши эдик, аммо бизни уриб ташлашди. “Участкавой”ни чақиргунимизча қочиб кетишди. Мана юзларини кўрдинглар, ҳаммани огоҳлантириб қўйинглар.
Булар кимлигини ҳеч ким билмайди. Қайси хонадонда ёш болалар бор, уйда кундузи катталар бўладими-бўлмайдими, маълумот йиғиб юрган бўлишлари ҳам мумкин. Булар “дом”ларнинг атрофида айланиб юрганди. Шунинг учун эътиборли бўлинглар. “Дом”ларга шуларга ўхшаган бегона одам киряптими, тўхтатиб: “Кимсан, кимнинг хонадонига келяпсан?” деб сўранглар”, дейилади шахси номаълум аёл томонидан тарқатилган овозли хабарда.
Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати интернетда муҳокамаларга сабаб бўлаётган ушбу хабарларга муносабат билдирди.
“Ҳурматли фуқаролар, бу каби асоссиз хабарларга ишонмаслигингизни ва аҳоли орасида сунъий равишда шов-шув кўтармаслигингизни сўраймиз. Унутманг, ёлғон ахборот тарқатиш, шунингдек шахснинг розилигисиз шахсий маълумотларини ошкор қилиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортишга асос бўлади”, дейилади расмий баёнотда.
Қайд этилишича, бу каби ёлғон хабарларни тарқатган шахсларни аниқлаш юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда.
Аввал ҳам ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг Учтепа ва Шайхонтоҳур туманларида, шунингдек, Самарқанд вилоятида мактаб ўқувчилари ўғирлаб кетилгани ҳақида овозли хабарлар тарқалган, бироқ Тошкент шаҳрида содир бўлгани айтилган ҳолатлар ёлғон бўлиб чиққан, Самарқандда эса ўқувчи қизнинг қулоғидаги зираги ўғирлаб кетилгани аниқланганди.
2022 йилнинг апрелида ижтимоий тармоқларда тарқалган пойтахт мактаб ва боғчаларида бир кун ичида 5 нафар бола ўғирлаб кетилгани ҳақидаги хабарлар ҳам ёлғон бўлиб чиққанди.
Бундай хабарлар 2021 ва 2020 йилларда ҳам тарқалган, кейинчалик уларнинг фейк экани маълум бўлганди.