Осиё Чемпионлар лигаси-2022 плей-офф баҳслари 10 ойлик танаффусдан кейин старт олмоқда. Қитъанинг энг нуфузли турниридаги иштирокини давом эттираётган ягона ўзбек клуби – «Насаф» 1/8 финалда Саудия Арабистонининг «Аш-Шабоб» клубига қарши саф тортади. Бугун, 19 февралда Қатарда ўтадиган ҳал қилувчи тўқнашув олдидан Tribuna.uz Рўзиқул Бердиев мураббийлигидаги жамоадаги ўзгаришлар, Аргентина, Бразилия ва испаниялик легионерлар етакчилигидаги араб жамоаси таркиби ва ғалаба қаршиликларга қанча фойда келтириши ҳақида маълумот беради.
Жамоалар қандай ҳолатда?
ОЧЛ плей-офф ўйинларининг 10 ойга сурилиб, февраль ойига кўчирилгани ўзбек клубларидан кўра араб жамоалари учун фойдалироқ бўлди. Сабаби Суперлигада янги мавсум ҳали бошланмади ва Рўзиқул Бердиев шогирдлари 2 ой давомида расмий ўйинда майдонга тушмай, асосан Туркиядаги назорат ўйинлари орқали ОЧЛ 1/8 финалига тайёргарлик кўришди ва нейтрал майдон саналмиш Қатарга етиб келишди.
«Аш-Шабоб» эса ҳозирга келиб энг яхши спорт формасига кирди. Ар-Риёд клуби Саудия Арабистони чемпионатида 18 ўйиндан кейин 40 очко жамғариб, фақатгина тўплар нисбатига кўра, Роналду етакчилигидаги «Ан-Наср» ва «Ал-Иттиҳод»дан кейинги 3-ўринни эгаллаб турибди. Висенте Морено мураббийлигидаги жамоанинг мағлубиятсиз серияси 7 ўйинга, ғалабали серияси эса 4та учрашувга етган.
«Насаф» ва «Аш-Шабоб» 1/8 финалга қандай етиб келди?
Қарши клуби «Е» гуруҳида 6 ўйинда 2 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият қайд этиб, 9 очко эвазига 2-ўрин билан ОЧЛ 1/8 финалига йўлланма олган бўлса, «Аш-Шабоб» гуруҳ босқичида 6 ўйинда 6 ғалабани қўлга киритиб, 18:1 тўплар нисбати ва 16 очко билан 1/8 финалга чиқди. Бу борада Ар-Риёд клуби ОЧЛда энг яхши натижага эга бўлиб турибди.
ОЧЛ-2022. «Насаф»нинг E гуруҳидаги ўйинлари:
1-тур. «Насаф» - «Ас-Садд» - 1:1
2-тур. «Насаф» - «Ал-Ваҳдат» - 2:0
3-тур. «Насаф» - «Ал-Файсали» - 0:1
4-тур. «Насаф» - «Ал-Файсали» - 0:0
5-тур. «Насаф» - «Ас-Садд» - 3:1
6-тур. «Насаф» - «Ал-Ваҳдат» - 2:2
ОЧЛ-2022. «Аш-Шабоб»нинг B гуруҳидаги ўйинлари:
1-тур. «Аш-Шабоб» - «Мумбай Сити» - 3:0
2-тур. «Аш-Шабоб» - «Ал-Жазира» - 3:0
3-тур. «Аш-Шабоб» - «Ал-Қува» - 1:1
4-тур. «Аш-Шабоб» - «Ал-Қува» - 3:0
5-тур. «Аш-Шабоб» - «Мумбай Сити» - 6:0
6-тур. «Аш-Шабоб» - «Ал-Жазира» - 2:0.
«Насаф» 2023 йилда қанчалик ўзгарди?
Гуруҳ босқичидан плей-офф ўйинларигача Рўзиқул Бердиев жамоаси таркибида бир қанча ўзгаришлар кузатилди. Воҳаликлар 2022 йилги мавсум якунлангач, Дилшод Саитов (Пахтакор), Шароф Муҳитдинов (Саноати Нафт), Муродбек Раҳматов (Қизилқум) ва Иван Соловьев (Локомотив) сингари ўйинчилар билан хайрлашди.
Янги мавсум олдидан эса таркибга Жавоҳир Сиддиқов (Қўқон-1912), Муҳаммаджон Раҳимов (Истиқлол Душанбе), Шуҳрат Муҳаммадиев (Қизилқум) қўшилган бўлса, Шоҳмалик Комилов (Динамо), Жўрабек Маннонов (Динамо), Абубакр Ризо Турдиалиев (Олимпик) сингари ўйинчилар ижарадан қайтарилди.
Жамоалар таркиби: «Аш-Шабоб» ОЧЛда энг қиммат жамоа, «Насаф» 16 клуб орасида 10-ўринда
Қайд этиш жоиз, «Аш-Шабоб» клуби айни дамда таркиб борасида Осиё Чемпионлар лигасининг энг қимматбаҳо клуби бўлиб турибди. Transfermarkt портали Ар-Риёд клубининг ҳозирги таркибини 39,8 миллион еврога баҳолаган. Бу 1/8 финалдаги энг қиммат таркибли жамоа саналади.
«Насаф»нинг айни пайтдаги таркиби баҳоси эса 9,3 млн еврони ташкил этади ва бу нимчоракфиналдаги «Китчи», «Жоҳор Дарул Таъзим», «Патум Юнайтед» ва «Ал-Файсали»дан кейинги арзон таркибли жамоа саналади. Бу борада қаршиликлар 16 жамоа орасида ўнликдан жой олган.
«Насаф»нинг энг қимматбаҳо 5 футболчиси:
1. Ҳусайн Норчаев – 900 минг евро
2. Ҳусниддин Алиқулов – 850 минг евро
3. Ойбек Бозоров – 750 минг евро
4. Абдувоҳид Неъматов – 650 минг евро
5. Акмал Мозговой – 650 минг евро.
«Аш-Шабоб»нинг энг қимматбаҳо 5 футболчиси:
1. Аарон Бупендза (Габон, ҳужумчи) – 8 млн евро
2. Гжегож Криховяк (Польша, яримҳимоячи) – 6 млн евро
3. Карлос Жуниор (Бразилия, вингер) – 6 млн евро
4. Санти Мина (Испания, ҳужумчи) – 4 млн евро
5. Эвер Банега (Аргентина, яримҳимоячи) – 2 млн евро
Рўзиқул Бердиев: «Бу ўйинни узоқ кутдик, 1/8 финалда осон рақибнинг ўзи йўқ»
«Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Қатарда ўтадиган «Аш-Шабоб»га қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида қатнашди.
«Бу ўйинни узоқ кутдик, узоқ вақт тайёргарлик кўрдик. Асосийси, яхши кайфиятдамиз. Иштиёқимиз юқори. Бу босқичда осон рақибнинг ўзи йўқ. Ушбу баҳс биз учун жорий мавсум ОЧЛдаги саккизинчи ўйинимиз бўлади. Бирорта баҳс осон ўтмади. Рақиб қанчалик жиддий бўлмасин, эртага керакли натижага эришиш учун майдонга тушамиз», - дейди «Насаф» бош мураббийи.
Анонс: 19 февраль (якшанба)
ОЧЛ-2022. 1/8 финал.
«Аш-Шабоб» (Саудия Арабистони) - «Насаф» (Ўзбекистон)
Бош ҳакам: Адҳам Муҳаммад (Иордания)
Стадион: Қатар, «Ал-Жануб» ўйингоҳи.
Ўйин бошланиш вақти: 23:00
ТВ-трансляция: UzReportTV
«Насаф» «Аш-Шабоб»ни мағлуб этса қанча пул ишлайди?
Қарши клуби ОЧЛ жорий мавсумида гуруҳдаги 2 ғалаба ва 3 дуранг эвазига сафар харажатларидан ташқари, соф 130 минг АҚШ доллари ишлаб олган. ОФК гуруҳ босқичидаги ҳар бир ғалаба учун 50 минг, дуранг учун 10 минг АҚШ долларидан мукофот пули тўлайди. «Насаф» 1/8 финалда «Аш-Шабоб»ни мағлуб этса, ОФК томонидан яна 100 минг АҚШ доллари мукофот пулига эга бўлади.
Чоракфинал учун 150 минг, яримфиналга 250 минг, финал учун ғолибга 4 млн, финалчига эса 2 млн АҚШ доллари мукофот пули ваъда қилинган. Қайд этиш жоиз, сафар харажатлари учун ОФК финалга қадар плей-оффларда ҳар ўйин учун 45 минг АҚШ долларидан, финалда эса 90 минг АҚШ долларидан маблағ ажратади.
Усмон Ибодов