Туркиядаги зилзила Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади?

Иқтисодиёт 21:37 / 17.02.2023 23058

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Туркиядаги зилзиланинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири борасидаги таҳлил натижаларини эълон қилди.

Табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти

Зилзилалардан энг кўп жабр кўрган ўнта вилоятнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 9,3 фоизни ташкил қилади. 2022 йилда ушбу вилоятларнинг Туркия экспортидаги умумий улуши 8,5 фоизни, импортдаги улуши 6,7 ​фоизни ташкил этди. Бу ҳудуд мамлакатнинг муҳим саноат ва савдо маркази ҳисобланади.

  • Қаҳрамонмараш йилига 359 минг тонна калава ва 138 миллион метр тўқилган мато, 122 минг тонна трикотаж мато ва 22,7 миллион дона кийим-кечак ишлаб чиқаради ва шу билан у Туркияда умумий ип ишлаб чиқаришнинг 27 фоизини ва тўқимачилик маҳсулотларининг 8 фоизини таъминлайди.
  • Газиантеп мамлакатнинг йирик савдо маркази бўлиб, 2022 йилда цемент, тўқимачилик, ёғочни қайта ишлаш, металлургия ва машинасозлик саноати маҳсулотлари ҳисобига мамлакат экспортида унинг улуши 4,5 фоизни (11,2 миллиард доллар) ташкил этган.
  • Адияманда йилига 10 миллион баррелдан ортиқ нефт қазиб олинади ва бу Туркиянинг умумий хом нефт ишлаб чиқаришида деярли 70% ни ташкил этади.

Шунингдек, зилзила марказига яқин жойлашган ҳудудлардан ташқари, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам катта иқтисодий зарар етиши кутилмоқда.

Зилзила оқибатларининг Ўзбекистонга таъсири

Биринчи таъсир йўналиши – пул ўтказмалари. 2017-2021 йилларда меҳнат муҳожирлари Туркиядан Ўзбекистонга йилига ўртача 200 млн доллар жўнатган. Зилзила сабабли давлат харажатлари ва инфляция кескин ошиши меҳнат муҳожирлари даромадига таъсир қилиши ва бу мамлакатдан пул ўтказмалари оқимини камайтириши мумкин.

Иккинчи таъсир йўналиши – ўзаро савдо. Туркия – Ўзбекистоннинг тўртинчи энг катта савдо ҳамкори ҳисобланади. 2022 йилда Туркияга 1,5 млрд долларлик маҳсулот сотиб, 1,7 млрд долларлик маҳсулот сотиб олганмиз. Таҳлилчиларга кўра, зилзила ҳудудларидаги кенг кўламли реконструкция лойиҳалари Ўзбекистоннинг мис, рух, пластмасса, алюминий, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларига талабни ошириши мумкин.

Тўқимачилик саноати марказларидан бири бўлган Қаҳрамонмараш зилзиладан катта талафот кўргани сабабли Туркияга ип-калава экспорти камайиши эҳтимоли бор.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар Туркиядан катта миқдорда ранг берувчи пигмент ва газламалар сотиб олади. Агар бу маҳсулотлар етишмай қолса, Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Маълумот учун, Туркиянинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 6,4 фоизни ташкил этади ва у Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳамкорлари орасида тўртинчи ўринни эгаллайди.

2022 йилда Ўзбекистоннинг Туркияга экспорти таркиби (ТОП-10)
2022 йилда Ўзбекистоннинг Туркиядан импорти таркиби (ТОП-10)

Учинчи таъсир йўналиши – инвестициялар. Охирги 3 йилда Туркиядан Ўзбекистонга киритилган сармоя ҳажми икки баробар ортган. 2021 йил якунига кўра, 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бугунги кунда Ўзбекистонда туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 1900 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Биргина 2021 йилда турк капитали иштирокида 407 та компания ташкил этилди.

Табиий офатдан кейин капитал оқими пасайиши ва бу Ўзбекистондаги инвестициявий лойиҳаларни кечиктириши мумкин.

Умуман олганда, The Thomson Reuters Trust Principles таклиф қилган сценарийдан келиб чиқилса, Туркия иқтисодиёти ўсиши секинлашиши Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишнинг 0,03 фоиздан 0,1 фоизгача пасайишига олиб келиши мумкин.

Мадина Очилова тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Кўпроқ янгиликлар