Россия «дўстона» тўлов тизимлари орқали валютада ҳисоб-китоб қилишни йўлга қўйишни мўлжалламоқда

Иқтисодиёт 17:45 / 17.02.2023 19859

Россия молия вазирлиги валюта ҳисоб-китобларида «дўстона» давлатларнинг (улар сафида Ўзбекистон ҳам бор) тўлов тизимларидан фойдаланишга рухсат бериш имкониятини кўриб чиқмоқда.

«Ведомости» нашрининг ёзишича, Россияда тижорат мақсадларида хорижий электрон ҳамёнлардан фойдаланиш 2021 йилдан буён тақиқланган. Молия вазирлиги энди резидентларга ҳисобварақ очмасдан норезидентлар, юридик ва жисмоний шахсларга валюта ўтказиш имкониятини таклиф этмоқчи.

Вазирлик бу борада ҳаттоки Россиянинг йирик бизнес вакиллари ўртасида сўровнома ҳам ўтказган.

Газета маълумотларига кўра, таклиф Молия вазирлиги молия сиёсати департаменти директори Иван Чебесков томонидан тарқатилган. Хатга «дўстона» давлатларнинг хорижий провайдерларига тегишли электрон тўлов воситалари орқали ҳисоб-китобга жорий этилган тақиқ ечилиши тўғрисидаги президент фармони лойиҳаси ҳам қистирилган.

«Россия бизнеси фикрича, мамлакатнинг амалдаги валюта қонунчилиги резидентларни норезидентлар билан нотенг шароитга солиб қўймоқда», дейилади таклифга берилган тушунтириш хатида.

«Ведомости»га кўра, молия вазирлиги таклифига бизнесменлар 6 февралга қадар жавоб бериши керак бўлган. Вазирлик вакили бошқа изоҳ беришдан бош тортди.

Россия резидентларига 2021 йил 1 июлидан бошлаб тижорий мақсадларда хорижий (Alipay, WebMoney, PayPal ва бошқа) электрон ҳамёнлардан фойдаланиш тақиқланган. Масалан, улар орқали норезидентлар билан ҳисоб-китоб, Россияда товарлар ва хизматлар учун тўлов қилиш мумкин эмас. Россиялик солиқ тўловчилар бундай ҳамёнлар орқали бир йилда 600 минг рублдан зиёд ўтказма қилса, декларация топшириши шарт.

Энди молия вазирлиги таклифига кўра, резидентларга агар хизмат кўрсатувчи ЕОИИ ҳамда Россияга «дўстона» муносабатдаги давлатлардан бирида рўйхатдан ўтган бўлса, ҳисобварақ очиб ўтирмасдан норезидентлар, юридик ва жисмоний шахсларга хорижий валютани ўтказишга рухсат берилади. «Дўстона» давлатлар рўйхатига 50 га яқин давлатлар, жумладан Туркия (уларнинг Troy тўлов тизими бор), Арманистон (ArCa), Қирғизистон («Элкарт») ва Беларус («Белкарт») каби давлатлар назарда тутилмоқда.

Президент Путин фармони лойиҳасига кўра, резидентларга ташқи савдо шартномалари бўйича Россиядан олиб чиқилаётган товарлар ва хизматлар учун норезидентларга тўлов қилишга рухсат берилади.

Назарда тутилишича, фармоннинг кучи 2022 йилнинг 8 августидан сўнг пайдо бўлган ҳуқуқий муносабатларга тегишли бўлади. Ўша куни Владимир Путин валюта маблағлари хорижий банкларда музлатилган Россия банклари мажбуриятларни фақат рублда бажариш ёки умуман бажармаслигига рухсат берган эди.

5 миллион ишчи ўрин яратган 450 минг тадбиркорни бирлаштирувчи «Опора России» кичик ва ўрта бизнес Умумроссия жамоатчилик ташкилоти президенти Александр Калинин Россия молия вазирлигининг бу ташаббусини кичик ва ўрта бизнес учун яхши янгилик деб атаган.

«Бу тадбиркорларга буюртмачилар ва етказиб берувчиларга трансчегаравий ҳисоб-китоблар ва тўловларни яхшироқ ва осонроқ амалга ошириш имкониятини беради», — деган у.

Тақиқ олиб ташланиши онлайн савдо соҳасида ҳам асосланмаган тўсиқларни бартараф этади, деган АБ «А-ПРО» санкция амалиёти раҳбари Екатерина Макеева. Wildberries, Ozon ва «Яндекс Маркет» каби Россия маркетплейслари пандемия давридан буён логистикани ривожлантириб, савдо майдончасида яқин хориждан тадбиркорларнинг иштирокини ҳам ўстириб боришаётган эди. 

Кўпроқ янгиликлар