Иқтисодиёт вазири Абдулла бин Тук ал-Марри билан ўтказилган мулоқот чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
БАА янги хусусий компанияларининг Ўзбекистон бозорига киришга қизиқаётганлиги қайд этилди. Шу нуқтайи назардан, кимё, кон-металлургия ва тўқимачилик саноати энг истиқболли йўналишлар сифатида тилга олинди.
Сайёҳлик, кимё, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳалардаги компанияларнинг давлат улушини сотиб олишни назарда тутган ҳолда БАА компанияларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиши имкониятлари кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-БАА Ҳукуматлараро комиссиясининг 5-йиғилишини ҳамда қўшма бизнес-форумни ташкил этиш масаласи келишиб олинди.
Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруи билан учрашув чоғида Ўзбекистон энергетика соҳаси ва инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида икки томонлама инвестиция ҳамкорлигини кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
БАА томони Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги ҳамкорлик самарали ва муваффақиятли ўзаро шерикликнинг амалий намунаси эканлигини алоҳида таъкидлади.