Хотинини фарзандлари кўз ўнгида пичоқлаб ўлдирган эркак 19 йилга қамалди 

Жамият 14:26 / 15.02.2023 38270

Олдинроқ ижтимоий тармоқларда эркак рашк сабабли хотинини хусусий уй боғчасида, болалар кўз ўнгида бўғиб ургани акс этган видеолавҳа тарқалганди. У орадан бир кун ўтиб отасиникида яшаётган аёлини фарзандлари кўз ўнгида ваҳшийларча ўлдирганди.

Эркакка суд ҳукми ўқилди. Маълум қилинишича, судланувчи қотилликка рашк сабаб бўлганини, тунда келиб гаплашиб ўтиришганда аёлнинг қўлида пичоқ бўлганини айтган. Эркак пичоқни тортиб олишга уринаётганда аёлнинг бўйнига бехосдан кириб кетиши унинг ўлимига сабаб бўлган.

Фото: Milliy TV

Жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман судининг ҳукмига кўра, эркак Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг «ж» банди ҳамда 164-модданинг 1-қисми (босқинчилик) билан айбдор деб топилган ҳамда унга нисбатан 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Марҳуманинг отаси суд ҳукмидан норозилигини таъкидлаган ва судланувчига умрбод қамоқ жазоси беришни сўраган.  

Марҳума тумандаги оилавий тиббиёт муассасасида ҳамшира бўлиб ишлаган. Ҳамкасблари унинг яхши хулқ-атвори билан эътибор қозонганини маълум қилишган эди.

Кўпроқ янгиликлар