«Илк маошимга отамга кийим олмоқчи эдим, лекин азасига ишлатдик» – Германияда карьера қилаётган ўзбек қизи билан суҳбат

Жамият 17:13 / 15.02.2023 40814

У Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидан. Болалигидан, 5-синфдан немис тилини чуқурроқ ўрганишни бошлаган. Чунки онаси шу фандан ўқувчиларга қўшимча дарс берарди. Дарс ўтаётган пайтлари у ҳам кириб ўтирар, абитуриентларига қандай топшириқ берса, онаси унга ҳам шу топшириқларни берарди.

«Онамнинг ўқувчиларга дарс бериши, уйда ҳам дарс тайёрлашини доимий кўриб катта бўлганман. Бу менинг тилга қизиқишимга сабаб бўлган.

Бошида юридик университетда ўқишни ният қилгандим ва шу учун тарихни 9-синфдан бошлаб репетиторга бориб ўргана бошлагандим. Дадамнинг шеъриятга, адабиётга меҳри бўлакча эди. Адабиётга бўлган меҳрни дадамдан, тилга муҳаббатни эса менимча, онамдан олганман», — дейди у.

Эрк дегани…

У болалигидан жуда мустақил бўлган. Бирор нарсани сўраса отаси ҳам, онаси ҳам, «ҳа, қизим, сен эплай оласан», дейишарди. Бу ишонч унинг мустақил бўлишига ёрдам берган.

«Эрк деган сўзни кўпчилик қабул қила олмайди. Лекин бизнинг оилада «Йўқ, сен қиз боласан, ўқиш сенга эмас», деган гаплар бўлмаган, «Қизим, сен эплайсан, ҳали зўр бўласан», дейишарди, аксинча. Эрк дегани ота-онам олдида ўз истакларимни эркин айта олганим, деб ўйлайман.

Маълум сабабларга кўра, юридик университетда ўқиш имконим бўлмади. Кейин математика ва немис тилини чуқурроқ ўқий бошладим. Онам кичикроқ синфлигимдан математика ҳар доим керак бўлади, деб ундагани учун шу фанни яхши ўқишимга ҳам сабабчи бўлганди. Лекин иқтисод йўналишидан ҳам кетмадим. Охирида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига 171 балл билан 2-ўрин контрактга кирдим.

Ўқишни тугатиб немис тили фани бўйича иш ўринлари кам эканини билдим. Мен учун энг қулай жой Тошкент эди, бироқ пойтахтда менинг мутахассислигим бўйича иш топиш қийинлиги сабаб, инглиз тилига қайта ўқидим.

Бу орада оила ҳам қурдим. Лекин оиламда кўп нарсага кўзим етмаганлиги, «барчаси чидаб яшаш» деган нарсани ўзимга эп кўрмаганим сабабли ажрашдим.

Тошкентда Келесдаги бир мактабда инглиз тилидан дарс бердим. Ўша пайти ўқитувчи бўлганимдан жуда-жуда фахрланганман. Кун давомида дарс ўтардим, дарсдан сўнг репетиторлик қилардим. Тўлов қилишга имкони йўқ, бироқ ўқишга қизиққан болаларга бепул дарс ўтардим. Чунки бир пайтлар менга она тилидан дарс берган репетиторим оиламизда моддий қийинчилик сабаб тўлов қилолмай қолган пайтимиз вазиятни тушуниб, 3-4 ойлик тўлов пулидан бирданига кечиб юборган. Ўшанда «Мен ҳам бир кун репетиторлик қиладиган бўлсам, қийналган ўқувчиларни бепул ўқитаман», деб ният қилгандим.

Тошкентда ишлаган вақтим жуда чарчаганман, ажрашган шароитимда ижара пули, бошқа харажатлар ва кун бўйи давом этадиган иш толиқтирарди барибир», — дейди Нодира Назар.

Амалга ошмаган орзу

У илк маошидан отасига костюм-шим, онасига ҳам турли совға-саломлар олишни ният қилган эди. Афсуски, отаси тўсатдан вафот этиб қолди, биринчи ойлигини Нодира ўзи хоҳлагандай ота-онаси совға учун эмас, отасининг азасига ишлатган.

«Биласиз, ўзбекчилик. Ота-онанинг бирорта фарзандининг ҳаёти ўхшамай қолса, агар уларга нимадир бўлса, ҳаёти ўхшамаган фарзанд сабаб бўлди дейишади. Отамнинг азасида мен жуда кучли психологик зарбалар олганман. Одамлар «Агар мана шу қизининг ҳаёти ўхшаганда, уйига қайтиб келмаганда эди, отаси ўлмасди», деб олдимда айтишган.

Оила қургач фақат бир ой зўрға яшаб қайтиб келган ва бу қароримни тўғри деб билардим. Ҳеч ким «Оилам бузилсин», деб турмушга чиқмаса керак. Менинг ҳам оила қураётганимда умидларим жуда кўп эди. Лекин ўхшамагач, отамнинг розилиги билан уйга қайтгандим. У вазиятимни тушуниб «Майли, қизим, қайтавер, лекин тез қайтяпсан, гап-сўзлар бўлиши мумкин», деганди. Шундан 2 ой ўтиб, отам вафот этди. Аза куни таъна тошлари, қўл билан кўрсатишлар шунчалик эзганки, ўзимни нимадир қилиб қўйишдан зўрға тийганман», — дейди у.

 

Германияга йўл

Ўша пайтда бир таниши уни Германияга боришга қизиқтирган. Нодира ҳужжатларини бир агентлик орқали тайёрлаб, суҳбатдан ўтади. Унда негадир ҳаммаси тез — бир неча ҳафта ичида ўхшаган ва кетиши аниқ бўлган.

«Германияга илк бор келганимда мен жойлашган ётоқхонада бутун бир қаватга фақат мен жойлашгандим. Сабаби бошқалар шартномаси тугаб уйларига қайтиб кетишган экан. Ўша пайт ҳар хил товушлар эшитилгандай бўлиб ҳам жуда кўрқардим. Кейин ўрганиб кетдим.

Ишим касалхонада эди: у ерда ошхонада ишладим, беморларга овқат тарқатар эдик. Касалхонада ҳар хил аҳволдаги беморларни кўрардим. Ҳатто қайтиб кетиш ҳақида ҳам кўп ўйлаганман, лекин «Чида, чида», деб ўзимга далда берардим.

Ишлаб, отамнинг қарзларини узганман, онамга молиявий анча ёрдам бера олдим. Онам ҳозир ҳам кўпроқ менга суянади, молиявий қийинчилиги бўлса ҳам менга айта олади. Бу – жуда катта нарса мен учун», — деб ҳикоя қилади Нодира Назар.

 

Чет элдаги ҳаёт

Германияда ҳамма нарса тартибли, агар кимдир ишлаётган бўлса, ўқиётган бўлса, улар буни, албатта, чин дилдан қилаётган бўлади. Бошида Нодирага у ерга мослашиш осон бўлмаган. Ишларини илтимос билан битирмоқчи ҳам бўларди. Лекин немислар учун бундай ёндашув ёт.

«Кейинроқ ишлаш билан бирга ўқишни ҳам хоҳладим. Магистратурада ўқиш учун ҳисобда маълум миқдорда пул бўлиши кераклиги ва бошқа талаблари борлиги сабаб бакалавриатга Caritas Fortbildungs институтига ҳужжат топширдим.

Соҳам – шифокор ёрдамчиси. Беморларга ёзиб берилган дориларни берамиз, уларни парваришлаймиз ёки ўзимиз мустақил даво чоралари қўллаймиз. Агар яна 2 йил ўқисам, касалхона менежери бўлиб ишлашим ҳам мумкин. Ўтган йили сентябрда ўқишни тугатдим. Битирув имтиҳонлари жуда қийин бўлди. Ухламасдан ўқиган тунларим кўп бўлди. Гуруҳимиздан 6 киши (улар орасида немислар ҳам бор) имтиҳондан ўта олмади. Ҳозир шу йўналишда фаолият олиб боряпман», — дейди у.

 

Онам учун уй

Германияга келгач, Нодира ўзи туғилиб ўсган туманида онаси учун барча шароитларга эга уй қуриб беришни ният қилган эди. Дастлаб бу уйнинг пойдевори қурилди, кейин девори, ҳозир ички таъмир ишлари тугаяпти.

«Онам қийналмаслиги учун уйнинг шароитлари максимал бўлишига ҳаракат қилдим. Онамнинг хурсандчилигини кўриб ўзим ҳам хурсанд бўлдим. Ҳам ўқиб, ҳам уй қуриш осон бўлмади. Дарсдан кейин иш танламай уй тозалашми ёки шунга ўхшаш бошқа ишларми – ҳаммасини қилдим. Насиб экан, бугун онам хурсанд, мен ҳам мамнунман.

Ўзбекистонга қайтиш режамда бор, албатта. Лекин унгача ўзим учун ҳам уй сотиб олиш, яна Ўзбекистонда бир нечта лойиҳаларни амалга ошириш учун тайёр бўлишим керак. Нашриёт ёки шунга ўхшаш ижодий лойиҳа ва ҳозирги ишимга оид яна бир лойиҳани амалга оширмоқчиман. Бу айнан қариялар уйи ёки шифохона эмас, лекин беморларга доимий яшаб даволаниш имконини берадиган махсус уй очишни хоҳлайман. Бундан ташқари, яна ўқишни, ўрганишни истаган соҳаларим бор.

Оила қуриш ҳам, албатта, режаларимда бор. Бир этак фарзандларим бўлишини, хотиржам яшашни хоҳлайман. Лекин ҳозирча одамларга ишонишдан бироз чўчийман. Мен ўзимни баланд олиб айтмоқчи эмасман, лекин баъзи таклиф билдираётганлар орасида мен орқали чет элга кетишни хоҳлаётганлар ҳам бор. Мен эса чин муҳаббат билан оила қуришни хоҳлайман.

Ота-оналардан эса фарзандларини эркин ўстиришларини сўрардим. Болани эшитишсин, ўз фикрига эга бўлган қизлар ўқийди, келажакдаги ҳаёти чиройли бўлиши учун ўзлари ҳаракат қилишади», — деди Нодира Назар.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди. 

Кўпроқ янгиликлар