Спорт тинчлик элчиси ва ҳалоллик гарови дейилса ҳам анчадан буён у тинчлик элчиси ҳам, ҳалоллик гарови ҳам бўлмай қолди. Аксарият ҳолларда турли спортчилар рақиблари устидан ғалаба қозониш учун ҳар қандай ғирромликдан қайтишмаяпти.
Аммо улар орасида ғирром ғалабани ўзи учун ҳаром деб биладиган спортчилар ҳам етарлича бор ва бундайлар ҳар доим қадрланиб келинади. Мисрлик дзюдо яккакураши устаси Муҳаммад Али Рашван ана шундай спортчилардан бири бўлган.
1984 йилда ўтказилган ёзги олимпиада ўйинларида Рашван дзюдо мусобақаларида олимпиада олтин медалларини ютишга жуда яқин келганди.
Финалгача барча рақибларини енгган Рашван асосий баҳсда рақибининг жароҳат олган оёғига бир-икки марта зарба берса кифоя – олтин медал нақд эди.
Бироқ Рашван ғирромлик билан ғалаба қозонишни хоҳламайди. У ҳалоллик билан курашади ва рақибига очколар бўйича ютқазади. Ана шу иши ортидан у дунёга машҳур бўлади.

Муҳаммад Али Рашван
Муҳаммад Али Рашван 1956 йилда Мисрнинг Искандария шаҳрида туғилади. У ёшлигидан спортнинг дзюдо тури билан жиддий шуғулланади ва мусобақаларда қатнаша бошлайди.
Рашван 16 ёшида Испания ва Чехословакияда ўтказилган халқаро мусобақаларда иштирок этади. Кейинчалик у улғайиб ўта оғир вазн тоифасида мусобақаларда қатнаша бошлайди.
1980-йиллар бошида Рашван дунёнинг энг кучли дзюдочиларидан бири эди. У 1982 ҳамда 1983 йилларда ўтказилган Африка чемпионатида оғир вазн тоифасида чемпион бўлади.
1984 йилда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказилган ёзги олимпиада ўйинларида Рашван муваффақиятли иштирок этади. У финалгача барча рақибларини енгади. Бироқ ҳал қилувчи баҳсда япониялик рақибидан енгилиб, кумуш медал олади.
У 1985 ва 1987 йилларда дзюдо бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медал соҳиби бўлади.

Дзюдо бўйича ўта оғир вазн тоифаси Лос-Анжелес олимпиадасидан сўнг мусобақалардан олиб ташланади. Бу вазн тоифасидагилар оғирлигини камайтириб, оғир вазнга ўтишга мажбур бўлади.
1988 йилда Сеулда ўтказилган олимпиада ўйинларида ҳам Рашван оғир муваффақиятли қатнашади финалда япониялик бошқа бир курашчидан енгилиб, кумуш медал олади.
1992 йилда Рашван катта спорт билан хайрлашади ва ҳакамлик қила бошлайди. Бугун у Миср дзюдо федерацияси аъзоси ва дзюдо бўйича халқаро ҳакам ҳисобланади.
Рашванни машҳур қилган мусобақа
Спорт оламида энг нуфузли соврин бу – олимпиада олтин медали ҳисобланади. Рашваннинг мақсади ҳам олимпиада олтин медалларини қўлга киритиш эди.
У ўз фаолияти давомида кўплаб мусобақаларда ғолиб чиқади ёки совринли ўринларни қўлга киритади. Бироқ улар орасида олимпиада олтин медали йўқ.
Бир марта у олимпиада чемпиони бўлишга жуда яқин келади. Бироқ якунда финалда енгилиб, кумуш медал билан кифояланади. Ўшанда Рашван олтин медални ҳам қўлга киритиши мумкин эди. Аммо у буни хоҳламайди.
1984 йилда навбатдаги ёзги олимпиада ўйинлари АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтади. Бу олимпиада бир қатор социалистик лагерга кирувчи давлатлар спортчилари Москва-80 олимпиадасига қилинган бойкотга жавобан қатнашмайди.
Олимпиаданинг дзюдо бўйича мусобақаларида жами 8 комплект медаллар учун баҳслар бўлиб ўтади. Якуний ҳисобда дзюдо ватани ҳисобланадиган Япония спортчилари 4 та, Жанубий Корея ва ГФР спортчилари иккитадан олтин медалларни қўлга киритади.
Ўшанда энг оғир вазда финалгача барча рақибларини енгган Рашванда олимпиада олтин медалини қўлга киритиш учун яхши имконият юзага келади. Бу учун у финалда япониялик Ясухиро Ямасита устидан ғалаба қозонса етарли эди.

Финалдан олдинги вазият ҳам Рашваннинг фойдасига бўлган ва рақиби яримфиналда ўнг оёғидан жароҳат олганди. Шу сабабли кўпчилик Рашваннинг осонгина ғалаба қозонишини тахмин қилганди. Бироқ ундай бўлмайди.
Ямасита баҳсни эҳтиёткорлик билан бошлайди. Рашван эса рақибининг жароҳат олган оёғидан чалса, ғалаба нақд эди. Аммо мисрлик спортчи баҳс тугагунча рақибининг ўнг оёғига бирон марта ҳам зарба бермайди.
Рашваннинг мураббийлари, шунингдек спорт аренасида баҳсни кузатаётган мухлислари тинимсиз равишда «Ўнг оёғига теп, ўнг оёғига теп», деб бақиришади. Аммо Рашван барчани ажаблантириб, бу ишни қилмайди.
Оқибатда, ўртага олимпиада олтин медали тикилган муҳим беллашувда япониялик спортчи очколар ҳисобига ғалаба қозонади. Рашван енгилади ва кумуш медал билан кифояланади.

Баҳс тугагандан сўнг журналистлар Рашванни ўраб олиб, ундан нега имкониятдан фойдаланмагани ва олтин медални қўлдан чиқаргани ҳақида сўрашади. У шундай деб жавоб беради:
«Менинг диним ярадор бўлганларни уришни, жароҳатланган ва оғриб турган жойга зарба беришни тақиқлайди. Агар мен унинг жароҳат олган оёғига тепганимда ногирон бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Мен ўртага орзум бўлган олимпиада олтин медали тикилганда ҳам зинҳор бундай ишни қилмайман. Бундан ташқари, агар мураббийларим ва мухлисларим айтганидай мен рақибимнинг жароҳат олган оёғига зарба бериб ғалаба қозонганимда бир умр виждоним олдида қийналиб ўтардим».
Муҳаммад Рашваннинг ушбу гаплари дунёнинг кўплаб мамлакатларига кўрсатилади ва у машҳур бўлиб кетади.
Курашчининг бу мардона иши ва ҳалоллиги дунё бўйлаб овоза бўлар экан, дунёдаги кўплаб инсонлар Ислом динини қабул қилишади.
Ўша йили халқаро Fairplay соврини қўмитаси Рашванни йил спортчиси деб эълон қилади.
Кейинчалик, Муҳаммад Рашван Японияга борганида уни юксак даражали меҳмон сифатида кутиб олишади. Ҳалолликни ниҳоятда қадрлайдиган японлар унинг мардлигига тан беришади.

2013 йилда Рашван халқаро дзюдо федерациясининг Шуҳрат залига киритилади. Шуҳрат зали рўйхатига Рашвандан бошқа яна 29 нафар курашчи киритилган.
2019 йилда Япония ҳукумати Муҳаммад Рашванни кунчиқар юртининг юксак даражадаги ордени билан тақдирлайди. Орденни Япониянинг Мисрдаги элчихонасида тантанали тарзда топширишади.

Рашваннинг Япония олий мукофотини олганини эшитган эски рақиби Яхусиро Ямасита қўнғироқ қилиб уни табриклайди ва шундай дейди:
«Рашван – сен дзюдо оламидаги энг ҳурматга сазовор инсонсан».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.