Ўзбекистон Туркманистондан етказилмаган газ учун пул компенсацияси талаб қилмаган — Энергетика вазирлиги

Ўзбекистон 00:37 / 08.02.2023 11990

Туркманистондан газ етказиб берилишида узилиш бўлгани учун Ўзбекистон катта миқдорда пул компенсацияси талаб қилгани ҳақидаги хабар асоссиз. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

«Энергетика вазирлиги ушбу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги ва мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилади… Шуни алоҳида таъкидлаймизки, Туркманистон томонидан Ўзбекистонга дўстона ва биродарлик билан қўллаб-қувватлаш мақсадида суюлтирилган газ партияси бепул тақдим этилди», дейилади хабарда.

Энергетика вазирлиги Туркманистон томонидан тақдим этилган суюлтирилган газ яқин кунларда эҳтиёжманд оилаларга бепул тарқатилишини қўшимча қилди.

Аввалроқ, Туркманистондаги энг йирик «Галқиниш» газ конида юз берган авария ва Ўзбекистонга газ етказиб беришнинг тўхтаб қолишида айбдор деб топилган мансабдор шахслар ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Turkmen.news порталининг хабар беришича, Ўзбекистон томони газ етказиб берилишида узилиш бўлгани учун Туркманистондан катта миқдорда пул компенсацияси талаб қилган. Бироқ музокаралардан сўнг, Ўзбекистон томони етказилган зарар миқдорида суюлтирилган газ олишга рози бўлган. Туркманистон расмий матбуотида суюлтирилган газнинг бепул берилиши «қўшни давлатга дўстона ва биродарлик ёрдами» сифатида тақдим этилган. Манбанинг қайд этишича, Туркманистон томони Ўзбекистондан бу ҳаракатларга изоҳ бермасликни сўраган.

Кўпроқ янгиликлар