Марказий Осиёда интеграция. Бу борада қандай ютуқларга эришилди?

Иқтисодиёт 13:38 / 08.02.2023 30951

Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган, энг йирик инсон салоҳияти ҳамда барча минтақа мамлакатлари билан умумий чегарага эга ягона давлат. Аммо 2005 йилдан кейинги даврда аввал Туркманистон, кейин Қирғизистон ва Тожикистон билан алоқалари совуқлашган Ўзбекистон ўзини ўзи ажратиб қўювчи сиёсат юритди.

Минтақада ишончсизлик кайфияти ниҳоятда кескинлашиб кетди. Ҳатто қариндошлар даражасидаги борди-келди ташрифлари ҳам чекланган эди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистон қўшни давлатлар билан муносабатларни нормаллаштиришга киришди. Бир неча йилдан буён ҳаракатсиз турган чегара постлари гавжумлашди. Тез орада Қирғизистонга ҳатто ID-карта билан ҳам кириб-чиқиш мумкин бўлади.

Ўзбекистон ҳозирда минтақа интеграциясининг фаол тарафдори бўлиб турибди. Бу йўлда бир неча йилдан бери Тожикистон ва Қирғизистон билан алоқалар совуқлашишига сабаб бўлаётган чегара муаммоси ҳам деярли ҳал этилди.

Хўш, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик ва умумий ташқи савдо йўналишида қандай ишлар амалга оширилди?

Ташқи савдо айланмаси 3 баробарга ошди

Ўзбекистон ташқи сиёсат векторининг биринчи навбатда, энг яқин қўшнилар – Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишга қараб йўналтирилгани бу соҳадаги ўзгаришларнинг энг муваффақиятли жиҳатларидан биридир. Чегарани кесиб ўтиш тартиб-таомиллари тубдан соддалаштирилди – чегарадош туманлар аҳолиси эркин мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди, Марказий Осиё давлатлари билан транспорт алоқаси даражаси сезиларли даражада оширилди, хусусан, автобус қатнови тикланди.

Шунингдек, ўзаро манфаатли иқтисодий ва савдо алоқаларини жадал оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Савдо тартиб-таомиллари анча соддалаштирилди, товарларнинг чегарадан ўтиши эркинлашди. Ўзаро инвестициялар учун йўл очилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон билан минтақа мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баравар оширишга имкон яратди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертларининг таҳлилларига кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо ҳажми охирги 6 йил ичида 3 баравар ошиб, 2016 йилдаги 2,5 млрд доллардан 2022 йилда 7,5 млрд долларга етган.

Ушбу давр мобайнида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти 2,4 баравар –1,3 млрд доллардан 3,1 млрд долларгача, импорт эса 3,6 баравар – 1,2 млрд доллардан 4,4 млрд долларгача ошган. Шунингдек, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажмида Марказий Осиё давлатларининг улуши 10,2 фоиздан 15 фоизгача кўпайган.

2022 йилнинг январь-декабрь ойлари якунида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси:

  • Қозоғистон билан – 4,6 млрд доллар. 2021 йилга нисбатан ўсиш 17,9 фоизни ташкил этиб, экспорт ҳажми – 1,4 млрд доллар, импорт ҳажми эса 3,2 млрд доллар;
  • Қирғизистон билан – 1,3 млрд доллар. Ўсиш – 32,1 фоиз. Экспорт ҳажми – 979,3 млн доллар, импорт ҳажми – 280,7 млн доллар.
  • Туркманистон билан – 926,3 млн доллар. Ўсиш 2,7 фоиз. Экспорт ҳажми – 194,8 млн доллар, импорт ҳажми – 731,5 млн доллар.
  • Тожикистон билан – 674,4 млн доллар. Ўсиш 11,4 фоиз. Экспорт ҳажми – 519,9 млн доллар, импорт ҳажми эса 154,5 млн доллар.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмасидаги энг катта улуши Қозоғистонга тўғри келган – 62 фоиз, қолган қисми: Қирғизистон – 17 фоиз, Туркманистон – 12 фоиз ва Тожикистон – 9 фоиз, билан амалга оширилган.

Географик жиҳатдан Ўзбекистон денгизга чиқиш учун икки мамлакат чегарасини кесиб ўтиши керак. Шу жиҳатдан, атрофдаги мамлакатларнинг савдо салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz'га тақдим қилган маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан 2017-2022 йиллардаги ташқи савдо айланмаси 30,74 млрд долларни ташкил этган. Хусусан:

  • экспорт 13,88 млрд доллар;
  • импорт 16,86 млрд доллар.

Давлатлар кесимида савдо айланмаси қуйидагича:

  • Қозоғистон билан – 19,86 млрд доллар: экспорт 7,27 млрд доллар, импорт 12,59 млрд доллар;
  • Қирғизистон билан 4,6 млрд доллар: экспорт 3,65 млрд доллар, импорт 948,16 млн доллар;
  • Туркманистон билан 3,4 млрд доллар: экспорт 784,14 млн доллар, импорт 2,62 млрд доллар;
  • Тожикистон билан 2,88 млрд доллар: экспорт 2,18 млрд доллар, импорт 703,85 млн доллар.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги таклифи амалга ошди. Ушбу ташаббус халқаро миқёсда тан олинди ва минтақа давлатларининг барча раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳатлашув учрашуви 2018 йил 15 март куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Иккинчи учрашув 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилди. Ушбу учрашувда биринчи анжумандан фарқли ўлароқ, ўша пайтдаги мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг шахсан ўзи иштирок этди.

Тошкент учрашувида кейинги йиғилишни Бишкекда ўтказишга келишиб олинган эди. Аммо пандемия сабаб 2020 йилги учрашув ўтказилмади. Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг учинчи учрашуви 2021 йилнинг 6 августида Туркманистоннинг “Аваза” миллий туризм зонасида бўлиб ўтди.

2022 йилнинг 21 июл куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви ўтказилди. Унда ХХI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди.

Умуман олганда, ҳар қандай интеграция учун, ҳудудий бир бутунлик ёки яқинлик, ўзаро боғлиқлик, умумийлик, барча учун мажбурий бўлган ва бирхиллаштирилган ҳуқуқий қоидалар ҳамда мазкур қоидаларни ижро этувчи ва ижросини назорат қилувчи институционал тизим зарур ҳисобланади.

Минтақавий интеграциянинг бир қанча ижобий жиҳатлари мавжуд:

  • интеграция давлатлар ўртасидаги зиддиятлар ва уруш хавфини камайтиради;
  • ягона ички бозор шаклланиши ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар учун катта имкониятлар яратади;
  • сармоя ва ишчи кучи эркин ҳаракатланиши учун кенг ҳудуд пайдо бўлади;
  • бой ва камбағал давлатлар орасидаги тафовут камайиб боради.

Марказий Осиёда иқтисодий интеграция амалга ошмагани минтақанинг барча мамлакатлари учун мустақилликдан кейинги даврда узоқ ўлкалардаги бозорлар устувор аҳамиятга эга бўлгани билан ифодаланади.

Нефть ва табиий газнинг йирик экспортчилари – Қозоғистон ва Туркманистон учун Европа Иттифоқи, Хитой ва Россия бозорлари устувор бўлган. Марказий Осиё бозорлари ёнилғи ресурсларини истеъмол қилиш бўйича Евросиёнинг етакчи иқтисодиётлари билан рақобат қила олмасди. Россия, Хитой ва Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг йирик савдо-сотиқ ва инвестиция шериклари бўлиб келди. Табиийки, ташқи савдодаги бундай номутаносиблик Марказий Осиё мамлакатлари кўп томонлама халқаро алоқаларига нисбатан турли стратегиялар қўллашига сабаб бўлди.

Охирги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий боғлиқлик ошиб бораётгани кейинги даврда интеграцион муҳит яхшиланишига хизмат қилиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар