Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Kun.uzʼга 5 йиллик бизнес муҳити таҳлилини тақдим этди. Унда тадбиркорлик субъектлари сони кўрилган чоралар эвазига 1,8 баробарга ошгани ҳақида сўз боради. Институт иқтисодчиси Нодирбек Расуловнинг таъкидлашича, жиддий иқтисодий ислоҳотларга қарамай ҳудудларда бизнес муҳити ўртасида тафовут ҳали ҳам сақланиб қолмоқда: республикадаги тадбиркорлик субъектларининг 20 фоиздан ошиғи Тошкент шаҳрига тўғри келяпти. Президент фармони билан бу фарқни бартараф этиш ишлари бошланган.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таҳлилларига кўра, 2017-2022 йиллар давомида Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган 2000дан зиёд норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Институт норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар натижасидаги асосий ўзгаришлар таҳлилини маълум қилди.
Институт лойиҳа раҳбари Нодирбек Расуловнинг сўзларига кўра, ҳозирги кунгача тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 104 та рухсатнома ва лицензиялар бекор қилинган. 33га яқин рухсатнома ва лицензиялар ўрнига хабардор этиш тизими жорий қилинди.
“Бундан ташқари, 13га яқин солиқ турлари 9тага, 13та солиқ текширувлари 3тага туширилди. Маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга олиб келинаётган 3,5 мингга яқин маҳсулотларга божлар, 1100 товарга акциз солиғи бекор қилинди. Шунингдек, хориждан келаётган хомашё қимматга тушиб кетмаслиги учун бож ва акциз билан боғлиқ имкониятлар ҳам берилди. 300га яқин маҳсулотларнинг божлари кескин камайтирилди”, — дейди иқтисодчи.

2017 йилда Ўзбекистонда 283 мингга яқин тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, ҳозир уларнинг сони 523 мингдан зиёд. Ўтган даврда тадбиркорлик субъектлари сони 1,8 баробарга ошган. 2021-2022 йилларда президент тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди. 2021 йил августдаги мулоқотда тадбиркорлар томонидан 15 мингдан зиёд, 2022 йилда эса 8,5 минг эътироз ва таклифлар тушган.
“Агар бу мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, тадбиркорларнинг энг кўп эътирози солиқ, божхона, хусусий мулк ва текширувлар билан боғлиқ. Давлатимиз раҳбари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни энг муҳим масала сифатида эътироф этяпти. Аммо хориж мамлакатлари билан солиштирсак, ҳали кўп қилинадиган ишлар борлигини кўришимиз мумкин”, — дейди Нодирбек Расулов.
Жаҳон банки тадқиқотига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда ҳар 1000 нафар аҳолига 12та тадбиркорлик субъекти тўғри келган. Бошқа мамлакатлар билан таққосласак, бу рақам Буюк Британияда 112тани, Грузияда 117тани, Сингапурда 88тани ҳамда Қозоғистонда 37тани ташкил этган.

Иқтисодчига кўра, тадбиркорлик субъектларининг катта қисми Тошкент шаҳрида:
“Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўп ишлар қилинди, лекин ҳали ҳам муаммолар бор. Ҳудудларга яхши эътибор берилмагани ҳам асосий масалалардан. Ҳозирда 523 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари бўлса, уларнинг 20 фоиздан ортиғи Тошкент шаҳрида. Яъни республикадаги барча тадбиркорларнинг бешдан бири пойтахтда. Бу масалада ортда қолаётган вилоятлардан – Сирдарё (2,8 фоиз), Қашқадарё, Жиззах ва Қорақалпоғистонда ҳам тадбиркорлар улуши 4-4,5 фоиз. Ўз навбатида ҳудудларда инфратузилма муаммолари туфайли бизнес муҳити билан боғлиқ жуда катта тафовут келиб чиққан. Президент фармони билан ҳудудлар 5 тоифага ажратилди. Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида тоифаларга бўлинган ҳудудларни ривожлантириш масаласида гапирди. Бу ҳудудларда бизнес муҳитини яхшилаш, яъни улардаги бизнесга яратилган шароитлар тафовутини камайтиришга қаратилган”.

Институт иқтисодчисининг таъкидлашича, тадбиркорларнинг давлатга ишончи ҳам жуда муҳим масала. 30 йил ичида тадбиркорларнинг мулкини давлат томонидан тўла кафолатлаш механизмлари яхши самара бермади. Президент парламентга мурожаатномасида хусусий мулк кафолатини Конституцияда белгилаш масаласини кўтарди. Чунки мулк кафолати жуда муҳим масала ҳисобланади.
Нодирбек Расулов олдинда қандай вазифалар турганига ҳам тўхталиб ўтди. 2022-2026 йиллардаги ривожланиш стратегияси қабул қилинди. Бу стратегия 100та мақсаддан иборат бўлиб, унинг 29-мақсади тадбиркорликни ривожлантиришга оид. Унда 2026 йилгача ЯИМда тадбиркорликнинг улушини 80 фоизга олиб чиқиш масаласи қўйилган. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ҳозир ЯИМда тадбиркорларнинг улуши 52 фоиз.
Мадина Очилова суҳбатлашди
Оператор ва монтаж устаси Мирвоҳид Мирраҳимов