Истиқболли лойиҳалар агентлиги Нурмуродовнинг крипто-активлар ҳақидаги фикрларига раддия берди

Иқтисодиёт 12:44 / 30.01.2023 18127

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 26 январда бўлиб ўтган матбуот анжуманида регуляторнинг крипто-активларга инвестиция ва тўлов воситаси сифатидаги позицияси ҳақидаги саволига жавоб берди

У Марказий банк крипто-активлар масаласига бутун дунё каби жуда консерватив ёндашишини айтди.

«Биз криптовалютани қиммат актив деб ҳисобламаймиз ва унга муносабатимиз салбий», деди у. 

Марказий банк раиси крипто-биржанинг мавжудлиги ва унинг фаолияти белгиланганлиги Ўзбекистон резидентларига тўғридан тўғри крипто-активлар олди-сотдисида иштирок этишни тақиқлашини қўшимча қилди. 

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Марказий банк раисининг сўзларига раддия билан чиқди. Агентлик Нурмуродов томонидан тақдим этилган маълумотлар эскирган ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.

«Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Яъни Марказий банк крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланмайди, шу сабабли унинг вакиллари Марказий банк томонидан тартибга солинмаган соҳага оид баёнотлар беришга ҳақли эмас», дейилади раддияда. 

Агентлик Марказий банк раисининг нутқида маҳаллий аҳолининг крипто-активларни сотиб олишда бевосита иштирок эта олмаслиги ҳақида гапирганида эскирган ва ишончсиз маълумотларни келтирганини айтмоқда. 

«Хусусан, 2019 йилда  крипто-биржаларни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, крипто-биржаларда савдони амалга ошириш қоидалари тасдиқланди. Мазкур қоидаларда Ўзбекистон Республикаси резидентлари крипто-биржаларда фақат крипто-активлар ва токенларни сотиш бўйича операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилган.

2021 йилда крипто-биржаларда савдони амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилиб, унда Ўзбекистон Республикаси резидентларига крипто-биржаларда крипто-активлар ва миллий валютадаги токенлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини амалга ошириш ҳуқуқи, ҳамда Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлмаган шахслар билан фақат крипто-активлар ва чет эл валютасига токенларни сотиш бўйича операциялар ҳуқуқи тақдим этилди», дейилади хабарда. 

Кейинчалик юқоридаги қоидалар ўз кучини йўқотган деб топилди ва унинг ўрнига крипто-биржада крипто-активлар савдосини амалга ошириш қоидалари қабул қилинди.

Ушбу қоидаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси резидентлари крипто-биржалар электрон платформаларда миллий валютада крипто-активлар савдосининг барча турларини, шу жумладан тўғридан тўғри савдо қилиш майдончасида крипто-активларни сотиш ва сотиб олиш бўйича операцияларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлмаган шахслар билан фақат крипто-активларни чет эл валютасига сотиш бўйича операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эга. 

Агентлик оммавий ахборот воситалари ва давлат органлари вакилларига ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмасликни тавсия қилган. Баёнотда Ўзбекистондаги крипто-активлар айланмасига оид маълумотлар юзасидан агентлик билан боғланиш сўралган. 

Аввалроқ, Ўзбекистонда иккита крипто-дўкон очилиши маълум қилинганди. 2022 йилнинг ноябрь ойида Crypto Trade Net ва Crypto Market компаниялари ўз фаолияти учун лицензия олди. 

2022 йилнинг 31 октябридан кучга кирган қоидаларга кўра, крипто-дўкон мижозларга электрон платформа ёки савдо объектига (офлайн) киришни таъминлаш орқали крипто-активларни сотиб олиш/сотиш бўйича операцияларни амалга оширади.

Электрон платформада Ўзбекистон фуқаролари крипто-активларни сўмга, чет элликлар эса хорижий валютага сотиб олиши ёки сотиши мумкин. Тўловлар банк ўтказмалари орқали амалга оширилади.

Кўпроқ янгиликлар