Россиянинг валюта захиралари урушни 3 йил давом эттириш имконини беради — Bloomberg 

Жаҳон 01:00 / 25.01.2023 11024

Агар Кремлнинг нефт даромадлари кескин камаймаса, Россия урушни тахминан 3 йил давом эттира олади. Bloomberg ва дунёдаги энг йирик инвестиция банкларидан бири Citibank таҳлилчилари шундай хулосага келди.

Нашрнинг қайд этишича, Россияда молиявий хавфсизликнинг сезиларли захираси бор. Бу асосан Хитой юанида ифодаланган Россия захираларининг қолдиқлари ҳисобига, бу қисм Ғарб санкциялари остида қолмаган ва ҳозир ҳам Россия расмийлари ундан фойдалана олади.

Bloomberg таҳлилчиларининг прогнозларига кўра, Россия ўз нефтини баррелига 50 доллар атрофида сотган тақдирда ҳам урушни 3 йил давом эттиришга қодир ва бюджет тақчиллигини мавжуд манбалар ҳисобидан қоплай олади. Citibank хулосаси сал кескинроқ – 2,5 йил.

Брокеркредитсервис (БКС) компанияси мутахассиси Наталя Лаврованинг қайд этишича, экспорт қилинадиган нефт нархи 50 доллардан пастга тушса, бюджет тақчиллиги 2,5 триллион рублга ошади (36 миллиард доллар). Оқибатда Россия ҳукумати юан захираларини фаолроқ сарфлашга мажбур бўлади. Шу билан бирга, Россияда унчалик кўп юан йўқ - тахминан 45 миллиард доллар, яъни захиралардан фойдаланиш имкониятлари чекланган.

Bloomberg таҳлилчиларининг фикрича, Россиянинг юан захиралари 2023 йилда тугаши мумкин, лекин бунинг учун нефт нархи баррелига 25 доллар ёки ундан пастга тушиши керак. Citibank прогнози кескинроқ - нефт нархи 35 долларга тушса, Россиянинг захиралари 2023 йилдаёқ тугайди.

Ҳар иккала ташкилот таҳлилчилари фикрига кўра, агар нефт нархи бир баррел учун 60 доллардан ошиб кетса, Москвага ҳатто валюта захираларини тўлдириш имконига эга бўлади.

Россиянинг 2023 йилги бюджети нефтнинг ўртача йиллик нархи бир баррел учун 70 доллар миқдорида бўлишидан келиб чиққан. Bloomberg нашрининг таъкидлашича, Россия бюджети тахминан 10 йил давомида нефт даромадларига бунчалик кучли боғлиқ бўлмаган. Россия нефтининг ташқи бозордаги ҳозирги нархи 47 долларни ташкил этади.

Кўпроқ янгиликлар