Украинада шов-шувли истеъфолар тўлқини: президент офисидан мудофаа вазирлигигача. Ким нима учун ишдан кетди?

Жаҳон 19:50 / 24.01.2023 37163

Украина президенти Володимир Зеленский биринчи бўлиб президент офиси раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенкони истеъфога чиқарди.

Тимошенко «ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш» тўғрисида ариза ёзган.

«Украина президенти Володимир Зеленскийга ишонч ҳамда ҳар куни ва ҳар дақиқада хайрли ишлар қилиш имкониятини бергани учун миннатдорчилик билдираман», дея ёзган у телеграм-каналида.

Кирило Тимошенко сайловдан олдинги президентлик кампанияси давридан буён Зеленский жамоасида эди.

Фото: Кирило Тимошенко/Telegram

У 2019 йил 21 майида президент офиси (ўшанда бу тузилма президент администрацияси деб аталарди) раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаганди.

Унинг истеъфога чиқишининг аниқ сабаблари ҳозирча маълум эмас, аммо сўнгги вақтларда у қатор коррупция можаролари фигурантига айланганди.

Масалан, матбуотда унинг кўчмас мулклари ва қимматбаҳо автомобили бўйича саволлар пайдо бўлганди.

Тимошенко урушдан олдин ҳам, ҳукумат ташаббуси билан бошланган «Большая стройка» («Катта қурилиш») стратегик тараққиёт дастурини назорат қилганида бюджет маблағларини ўз манфаатлари учун сарфлаб юборгани бўйича танқидларга учраганди.

Мудофаа вазирлигидаги можаро

Куннинг иккинчи йирик истеъфоси Украина қуролли кучлари моддий-техник таъминоти учун масъул бўлган Вячеслав Шаповалов мудофаа вазири ўринбосари лавозимидан кетиши бўлди.

Унинг истеъфосини мудофаа вазири Олексий Резников қўллаб-қувватлаган.

Украина нашрлари мудофаа вазирлиги ҳарбийлар учун озиқ-овқат маҳсулотларини бозордагидан бир неча баробар юқори нархларда харид қилишганини айтишмоқда. Фото: УНІАН

Шаповалов олдинги чизиқдаги ҳарбийларнинг озиқ-овқатлари учун харидлар бўйича можаро фонида истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзди.

Ўтган шанба куни Украина матбуотида мудофаа вазирлиги ҳарбийлар учун озиқ-овқат маҳсулотларини бозор нархидан 2-3 баробар қиммат нархларда харид қилгани ҳақида журналистик суриштирув пайдо бўлганди.

Шаповалов истеъфо тўғрисидаги аризасида жамоатчиликдаги жиддий норозилик туфайли кетаётганини айтган, аммо коррупция тўғрисидаги айбловларни Украина армияси таъминоти мавзуси атрофидаги исботсиз манипуляциялар деб атаган.

Мудофаа вазирлиги вазир ўринбосарига қўйилган айбловларни асоссиз деб атади, бироқ унинг истеъфоси Европа ва демократик сиёсат анъаналарига муносиб иш бўлиб, мудофаа манфаатлари ҳар қандай кабинет ёки лавозимлардан юқори эканини намойиш этишини таъкидлади.

«Мудофаа вазирлиги коррупцияга мутлақо тоқатсизлик тамойилига амал қилади, демократик назоратни ҳурмат қилади ва ваколатли органлар томонидан ўтказиладиган ҳар қандай текширувларнинг мутлақ шаффофлигини таъминлайди», дейилган вазирлик баёнотида.

Вазирлик Вячеслав Шаповаловнинг истеъфоси каби масъулиятли қарорлар Украина ҳукуматига жамият ва халқаро ҳамкорлар ишончини сақлаб қолишда ёрдам беришига умид билдирган.

Таътилга чиққан расмий

Учинчи йирик истеъфо Украина бош прокурори ўринбосари Олексий Симоненко билан боғлиқ.

Сешанба куни мамлакат бош прокурори Андрей Костин уни ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Можарога инстаграмдаги фотосуратлар сабаб бўлган, уларда Симоненко Испаниянинг Марбелье курортида дам олаётгани тасвирланган.

«Украинская правда» нашри журналисти Михайло Ткач ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига таяниб маълумот беришича, бош прокурор ўринбосари 10 кун давомида хорижда таътилда бўлган.

Қолаверса, Симоненко рафиқаси билан Испанияга лвивлик тадбиркор ва депутат Григорий Козловскийнинг қимматбаҳо автомобилида жўнаб кетган, унга қўриқчи ҳамроҳлик қилган.

Бир кун олдин Украина президенти Володимир Зеленский ўз мурожаатида бундан буён украиналик амалдорлар давлат ишидан ташқари мақсадларда хорижга чиқа олмаслигини айтганди.

Регионлардаги истеъфолар

Шу куни бешта област маъмуриятида раҳбарлар истеъфога чиқарилди:

  • Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко
  • Запорижжя области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Старух
  • Киев области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олексий Кулеба
  • Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари Дмитро Живицкий
  • Херсон области ҳарбий маъмурияти раҳбари Ярослав Янушевич

Ишдан бўшатилган раҳбарлар орасида энг тажрибалиси - Днипропетровск области раҳбари Валентин Резниченкодир. У областни Петро Порошенко даврида ҳам бошқарарди.

Худди Кирило Тимошенко каби у ҳам бир неча бор «Большая строительство» лойиҳаси билан боғлиқ можароларга дуч келган.

2022 йил кузида ОАВ региондаги йирик қурилиш пудратларидан бирини Резниченкога яқин бўлган шахс қўлга киритган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Ўшанда аксилкоррупция органлари текширув бошлаган ва областда тинтувлар ўтказилган, аммо ҳукумат бу айбловларга жиддий эътибор қаратмаганди.

Бугунги кунга қадар Олександр Старух раҳбарлик қилиб келган Запорижжяда эса раҳбарият гуманитар ёрдамни талон-торож қилгани бўйича иш текширилмоқда.

Суми области раҳбари Дмитро Живицкий ҳам сўнгги ойларда қурилиш учун ажратилган маблағларни тақсимлаш бўйича можароларга аралашиб қолган, шунингдек ўз маслаҳатчисига хорижга чиқишга рухсат берганди.

Херсон областининг ишдан бўшатилган раҳбари Ярослав Янушевич бу лавозимни энг қисқа вақт эгаллаган раҳбар бўлди - у август ойида, Украина қуролли кучлари Херсонни қайтариб олиш учун қарши ҳужум бошлаган вақтда лавозимга тайинланганди. Унинг манзилига тўғридан тўғри коррупция бўйича айбловлар билдирилмаган, аммо маҳаллий фаоллар уни деоккупациядан кейин Херсонни тиклаш ишларига етарлича жиддий ёндашмаётганликда айблашган.

Ҳукумат Киев области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олексий Кулебани ҳам ишдан олди. Аммо экспертлар прогнозларига кўра, у президент офисида Тимошенконинг ўрнини эгаллаши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар