10 январдан бошлаб, Марказий Осиё мамлакатларида аномал совуқ об-ҳаво кузатилмоқда. Хусусан, сўнгги бир неча кун ичида ҳавонинг паст ҳарорати Ўзбекистондаги сабзавотлар нархларида ўз аксини топди. Бу борада айниқса пиёз нархлари кескин ошди.
EastFruit таҳлилчиларининг прогнозларига кўра, яқин кунларда ҳаво ҳароратининг аста-секин кўтарилиши кутилаётган бўлса-да, пиёз нархлари қимматлашишда давом этиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қиш ойларида Ўзбекистонда пиёз ўз сифатини сақлаб қолиш учун мақбул шароитларда сақланмайди. Мослаштирилган омборлар нафақат барқарор ҳаво ҳароратини сақлаб туриш учун ускуналар билан жиҳозланмаган, балки кўпинча минимал иссиқлик изоляциясига ҳам эга эмас. Айрим ҳолларда пиёзнинг бир қисми ёмғирдан ҳимоя қилиш учун фақатгина шийпон остида сақланади.
«Кузатилаётган совуқ пиёз захираларига катта зарар етказди. Кўпгина фермерлар ва савдогарлар ҳам маҳсулотининг ҳаммаси ёки катта қисми музлаб қолганини тан олади. Тошкент шаҳрида 2023 йилнинг 10 январидан 15 январигача беш кун давомида ҳаво ҳарорати кундузи минус 6-13 даража, кечаси эса минус 8-17 даражагача пастлади. Бу ҳароратда пиёз музлаб қолади. Эритилгандан кейин эса сифати жуда тез ёмонлашади. Назарий жиҳатдан, бутунлай музлаб қолган пиёзни тозалаш ва музлаган ҳолда сотиш мумкин, аммо бунинг учун катта сиғимли музлаткичлар ва экстремал шароитларда пиёзни тозалаш учун катта миқдорда ишчи кучи керак», дейилади EastFruit таҳлилида.
Пиёз нархи қанчага қимматлашди?
7 январь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳридаги марказий деҳқон бозорларида 1 кг пиёзнинг ўртача улгуржи нархи 3500-4000 минг сўмни ташкил этган бўлса, 16 январь ҳолатига бу кўрсаткич 6000-7200 сўмгача ёки қарийб 40 фоизгача қимматлашган.
Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида пойтахт марказий бозорларида 1 кг пиёзнинг ўртача улгуржи нархи 1500-1800 сўм атрофида сотилган. Ўтган давр мобайнида маҳсулот баҳоси 4 баробарга ошган.
Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистондан 199,5 минг тонна пиёз экспорт қилинган. Декабрь ойига келиб ташқи бозорларда талаб ошгани ҳисобига экспорт ҳажми ҳам ошган. Бунинг ортидан ички бозорда маҳсулот баҳоси 9,9 фоизга қимматлашган.
Ички бозорда нархлар юқорилиги учун 2023 йилнинг 1 январидан 15 январигача умуман пиёз экспорт қилинмаган. Аксинча, EastFruit таҳлилчиларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бу даврда 3000 тоннадан ортиқ пиёз импорт қилинган, уларнинг катта қисми Қозоғистондан.
Қозоғистон импортга чекловлар жорий қилди
Қозоғистоннинг Ташқи савдо сиёсати ва иқтисодий ташкилотлардаги иштироки бўйича идоралараро комиссияси 3 ой муддатга пиёз экспортини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу қарор Қозоғистондан пиёз оммавий экспорт қилинишининг олдини олиш ва унинг нархини мамлакат ички бозорида барқарорлаштириш билан изоҳланган.
«Бошқа мамлакатларнинг Қозоғистон пиёзига бўлган ажиотаж талаби Осиё ва жаҳондаги энг йирик пиёз етиштирувчилардан бири бўлмиш Покистондаги табиий офатлар билан боғлиқ. Бу мамлакатдаги сув тошқинлари жаҳон миқёсида, жумладан, республикамиз бозорида ҳам пиёз нархи ошишига олиб келди. Аномал совуқ туфайли Қозоғистоннинг жанубий вилоятларида, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ушбу маҳсулот бой берилиши мазкур вазиятда қўшимча босим ўтказмоқда. Асосий пиёз етиштирувчилар ҳозирги кунда Қозоғистон пиёзини фаол равишда импорт қилмоқда», дейилади Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёнотида.
Нарх ошиши давом этадими?
Ўзбекистон ички бозорида пиёз танқислиги жуда кам учрайдиган ва ғайритабиий ҳодиса. Аммо бир қанча омиллар жорий йилнинг биринчи чорагида пиёз нархининг юқори бўлишига таъсир ўтказиши мумкин.
Биринчидан, пиёз захираларининг қисқариши, бозорда ушбу маҳсулот чекланган шароитда мамлакатда баҳорги пиёзнинг янги ҳосили пайдо бўлиши учун ҳали анча вақт бор – тахминан 2–2,5 ой.
Иккинчидан, аномал совуқ об-ҳаво Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларидаги баҳорги пиёзнинг янги ҳосилига қандай таъсир қилгани ҳозирча номаълум. Эҳтимол, эртачи баҳор пиёзи ҳам совуқдан жиддий зарар кўрган бўлиши мумкин.
Учинчидан, Қозоғистон томонидан пиёз экспортига қўйилган тўлиқ тақиқ. Бу ташқи бозорлардан пиёз импорт қилиш имкониятини кескин равишда чеклайди, чунки Ўзбекистон пиёз етиштирувчи ва экспорт қилувчи бошқа мамлакатларда географик жиҳатдан анча узоқда жойлашган ва импорт қилиш харажатлари анча қиммат ҳисобланади.
Тўртинчидан, ўтган йилда юз берган табиий офатлар натижасида Покистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сезиларли қисми нобуд бўлди ва дунёдаги энг йирик пиёз экспортчиларидан бири бўлган Покистон импорт қилувчи давлатга айланиб қолди. Бунинг ортидан ушбу мамлакатга Ўзбекистондан пиёз импорт қилиш кескин ортган. Бу эса ички бозорда ушбу маҳсулот юқори нархларини қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Айни пайтда Тошкентдаги савдо расталарида 1 кг пиёз 10 минг сўмдан, вилоятларда эса 8-9 минг сўм атрофида сотилмоқда.
Достон Аҳроров тайёрлади.