Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) хабарига кўра, россиялик Ян Непомняшчий ва хитойлик Дин Лижэн ўртасидаги жаҳон чемпиони унвони учун ўтказиладиган ўйинларга Остона шаҳри мезбонлик қилади. Баҳслар, аввал эълон қилинганидек, 7-30 апрел кунлари бўлиб ўтади.
Соврин жамғармаси 2 миллион евро бўлиб, унинг 60 фоизи ғолибга, 40 фоизи эса мағлубга берилади.
Ўтган йилнинг июл ойида Непомняшчий номзодлар турнирида ғолиб чиқиб, жаҳон тожи учун баҳсда курашиш ҳуқуқини қўлга киритган эди. Унинг рақиби амалдаги чемпион норвегиялик Магнус Карлсен бўлиши керак эди, аммо у навбатдаги чемпионлик ҳимоясида қатнашмасликка қарор қилди. Натижада, унинг ўрнини номзодлар турнирида иккинчи бўлган Лижэн эгаллади.
Карлсен 16-жаҳон чемпиони ҳисобланади. У тожни 2013 йилда қўлда киритган. Шундан кейин у Виши Ананд (Ҳиндистон), Сергей Карякин (Россия), Фабиано Каруана (АҚШ) ва Ян Непомняшчийга (Россия) қарши баҳсларда чемпионликни ҳимоя қилишга муваффақ бўлган.