II МДҲ ўйинлари Беларуснинг 11 шаҳрида ўтказилади

Спорт 08:54 / 17.01.2023 19858

II МДҲ ўйинлари жорий йилнинг 4-14 август кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ўйинлар концепцияси Беларуснинг 11 шаҳрида спортнинг 21 тури бўйича тадбирлар ўтказилишини назарда тутади. Хусусан, турнир баҳслари Минск, Борисов, Брест, Витебск, Гомель, Гродно, Жлобин, Могилёв, Молодечно, Орша ва Солигорск шаҳарларида ўтказилади.

МДҲ ўйинларда 3 мингга яқин спортчи, мураббийлар, ҳакамлар, тиббиёт ходимлари ва бошқалар иштирок этиши кутилмоқда. Ўйинларда Озарбойжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон спорт делегациялари иштирок этиши режалаштирилган. Мўғулистон, Хитой, Куба, Эрон, Уммон, Саудия Арабистони делегациялари айрим спорт турларида иштирок этиш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

I МДҲ ўйинлари 2021 йилнинг 4 - 11 сентябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтган эди. Мусобақада МДҲнинг 9 давлати – Озарбойжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон терма жамоаларидан 1000 нафардан ортиқ спортчи иштирок этган. Иштирокчилар спортнинг 16 тури бўйича 181 та медаллар жамланмаси учун ўзаро мусобақалашган.

Кўпроқ янгиликлар