2023 йилда ижтимоий солиқ тушумлари бўйича 2022 йилги тақсимлаш меъёрлари сақлаб қолинади

Иқтисодиёт 12:06 / 16.01.2023 16269

Президентнинг “2023 йил учун давлат бюджети тўғрисида"ги қонун ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2023 йилда иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорлари;
  • 2023 йил учун Ўзбекистон республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари;
  • 2023 йил учун Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари прогнози;
  • фойда солиғи тўлиқлигича Ўзбекистон республика бюджетига йўналтириладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати;
  • Ўзбекистон давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларнинг самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси”.

Қарорга асосан қуйидаги солиқ турлари бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетида қуйидаги миқдорларда қолдириш назарда тутилган:

  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлиқ ҳажмда;
  • фойда солиғи тўлиқ ҳажмда (йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистонда доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон норезидентлари томонидан, норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғи бундан мустасно);
  • қўшилган қиймат солиғи бўйича Қорақалпоғистон Республикасида даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисмининг 100 фоизи, қолган ҳудудларда эса 60 фоизи (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган қўшилган қиймат солиғи бундан мустасно).

2023 йилда ижтимоий солиқ тушумлари бўйича 2022 йилда амал қилган тақсимлаш меъёрлари сақлаб қолинади.

Шу билан бир қаторда, 2023 йил учун қуйидаги солиқ ставкалари:

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Олмалиқ кон- металлургия комбинати” АЖ учун:

  • рентабеллик даражасидан келиб чиққан ҳолда фойда солиғи;
  • ер қаъридан фойдаланганлик учун солик, олтин бўйича - 10 фоиз, палладий, кумуш ва мис бўйича - 15 фоиз;
  • “Ўзбекнефтгаз” АЖ учун нефть, табиий газ ва газ конденсати бўйича - 15 фоиз;
  • олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим – 1 граммига 1 000 сўм миқдорида тасдиқланди.

2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар давлат мактабгача таълим ташкилотларида бола таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларига нисбатан туманларнинг тоифасидан келиб чиқиб, қуйидаги камайтирувчи коэффициентлар белгиланди: 5-тоифадаги туманларда - 50 фоиз; 4-тоифадаги туманларда - 50 фоиз; 3-тоифадаги туманларда (шаҳар аҳоли пунктларидан ташқари) - 30 фоиз.

Кўпроқ янгиликлар