Давлат ташкилотларининг қисқариши бюджет харажатларини қанчага камайтиради?

Иқтисодиёт 13:05 / 26.12.2022 32637

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Халқаро пресс-клуб сессиясида маъмурий ўзгаришлардан кейин қанча  миқдорда бюджет маблағлари иқтисод қилиниши ҳақида маълумот берди.

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш ҳисобига 2,8 трлн сўм маблағ тежалади. Жумладан, 2,4 трлн сўм вазирлик ва идоралар штат бирликларини 30 фоизгача қисқартириш ҳисобига, ташкилот ва идораларни мақбуллаштириш ҳисобига бўшаган 300дан ортиқ биноларни сотишдан 300 млрд сўм маблағ бюджетга тушади. Раҳбар лавозими қисқариши туфайли 55та автомашинани аукционда сотишдан 16,5 млрд сўм, ҳудудларга хизмат сафарларини камайтириш, онлайн қабул тизимини қўллаш ҳисобига эса қарийб 17 млрд сўм маблағ тежалиши кутилмоқда. Давлат бошқаруви аппаратини сақлаш билан боғлиқ харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига 22 млрд сўм иқтисод қилинади. Расмий тадбирларни ўтказиш бўйича максимал нархларни ўз ичига олувчи меъёрларни белгилаш орқали харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига 18 млрд сўм тежалиши режалаштирилган. Ушбу маблағлар ижтимоий соҳага йўналтирилади», - деди Одилбек Исоқов.

Маълумот учун, “Янги Ўзбекистоннинг маъмурий ислоҳотлари” деб аталган ўзгаришлар натижасида вазирликлар сони 25 тадан 21 тага камайди. Агентликлар, қўмиталар ва инспекцияларнинг аксарияти сақланиб қолди, лекин мустақиллигидан айрилиб, вазирликлар таркибига ўтказилди. Жами 9 та агентлик ва 3 та идора ёпилди.

Кўпроқ янгиликлар