Уй-жой ва автомобил ижараси бўйича минимал ставкалар ошади

Иқтисодиёт 07:45 / 25.12.2022 38367

Молия вазирлиги 2023 йилги бюджет қонуни лойиҳасини эълон қилди. Унда 2023 йил учун мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахсларга белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳам кўрсатилган.

Kun.uz тугаётган йил ва 2023 йилдаги бинолар ва автомобил ижара тўлови энг кам ставкаларининг таққослама жадвалини тузди.

 

Тошкент шаҳрида турар жой биноларини ижарага беришнинг энг кам ставкалари 1 кв/м учун ойига 17 минг сўм, нотурар жойлар учун эса 35 минг сўм этиб белгиланяпти. Ўтган йилга нисбатан ставка 10 фоизга ошяпти.

Маълумот ўрнида, 60 квадрат майдонга эга хонадонни 1 млн 20 минг сўмдан (60 х 17 000) арзон нархга расман ижарага бериб бўлмайди. Ижара шартномасидаги сумма ижарага берувчининг даромадини солиққа тортишда ҳисобга олинади (даромад солиғининг ставкаси – 12 фоиз).

Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида турар жойлар ижарасининг минимум қиймати 1 кв/м учун ойига 9 500 сўмдан 10 500 сўмга, нотурар жойлар ижараси эса 18 500 сўмдан 20 500 сўмга ошяпти.

Бошқа аҳоли пунктларида 2022 йилда турар жойлар ижарасининг энг кам ставкаси 4000 сўм бўлган бўлса, келгуси йилдан бу миқдор 4500 сўм бўлади.

 

2023 йилда енгил автомобиль ижарасининг энг кам ставкаси 630 мингдан 695 минг сўмга ошяпти.

2022 йилда микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллар ижараси ставкаси 1 250 000 сўм бўлган бўлса, янги йилдан бу миқдор 1 375 000 минг сўмгача ошириляпти.

2023 йилги бюджет параметрлари билан ушбу мақолада танишинг.

Кўпроқ янгиликлар