Тошкентда Ўзбекистон-Буюк Британия Савдо ва саноат кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилди

Ўзбекистон 18:55 / 03.12.2022 9844

30 ноябр куни Тошкентда Ўзбекистон-Буюк Британия Савдо ва саноат кенгашининг (UBTIC) 26-сессияси бўлиб ўтди.

Мазкур сессия Буюк Британия ва Ўзбекистоннинг ҳукумат вакиллари ва бизнес раҳбарларини алоқа ўрнатиш ва икки томонлама савдо муносабатларини муҳокама қилиш учун бирлаштиради.

Форум 1994 йилда Буюк Британия ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан ташкил этилган бўлиб, икки томонлама савдо ва инвестицияларни ошириш имкониятларини муҳокама қилиш учун ҳар йили ўтказилади. Бу йили ушбу тадбир пандемия билан боғлиқ узилишдан кейин Тошкент шаҳрида жонли форматда бўлиб ўтди.

 

уюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича савдо комиссари Кенан Полеонинг айтишича, икки давлат савдо алоқалари икки баробарга ошган:

Фото: Буюк Британия элчихонаси матбуот хизмати

“Муносабатларимизнинг муваффақиятини 2021 йил ноябрда Ўзбекистон билан имтиёзли савдо шартномасини имзолаганимиздан кейин, мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 128 фоизга ўсгани намоён қилади. Шу боис, мен мамлакатларимиз орасидаги иқтисодий алоқаларнинг келажакда янада ўсишига ишонаман.

Бугун мен жуда хурсандман, чунки ушбу тадбиримизда молиявий ва профессионал хизматлар, шунингдек, инфратузилма ва қурилиш, таълим соҳасида иш олиб борадиган корхоналар бор. Улар биргаликда янги лойиҳалар, хизматлар, дунё бозори учун янги маҳсулотлар ишлаб чиқиш учун қандай ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганиб чиқмоқчилар. Ўйлашимча булар жуда муҳим соҳалар”.

Шунингдек, Буюк Британия халқаро савдо департаменти бош директори Эндрю Митчел юртимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар уларни қизиқтираётганини айтди:

 ““Мамлакатларимиз орасидаги масофа узоқ, лекин муносабатлар кучли ва ўсиб бормоқда. Биз бундан жуда мамнунмиз, чунки ўзаро савдо ҳажми йил давомида икки баравар ошди. Шунинг учун бизни савдо алоқаларимизни ривожлантириш истаги бирлаштиради деб ўйлайман. Бизнинг катта режаларимиз бор. Биз бугун Ўзбекистон бошлаган ислоҳотлар дастури бу ерда фаолият юритаётган Британия корхоналари учун шароитларни яхшилашига ишонамиз. Биз савдонинг иккала йўналишда ҳам ўсиб боришини хоҳлаймиз. Бизни чиндан ҳам бирлаштирадиган нарса бу алоқаларимизни ривожлантириш истаги”.

Фото: Буюк Британия элчихонаси матбуот хизмати

Сессияда Буюк Британиянинг 100га яқин етакчи компаниялари, молия институтлари, ҳукумат вакиллари иштирок этишди. Икки давлат савдо ва саноат соҳаси вакиллари учта йўналишда алоҳида панелларда ўзаро фикр алмашишди, музокаралар олиб борилди ва шартномалар имзоланди.

Тадбир дастури молиявий ва профессионал хизматлар, инфратузилма ва қурилиш, таълим ва Буюк Британия Умумий имтиёзлар тизимининг Кенгайтирилган схемаси (GSP) бўйича тўртта йўналишдаги сессияларни ўз ичига олади. Ушбу сессияларда Ўзбекистоннинг хусусийлаштириш бўйича кенг кўламли дастури, айрим йирик корхоналарнинг ИПО режалари, йирик давлат-хусусий шериклик ва инфратузилма лойиҳалари, таълим соҳасида ҳамкорлик имкониятлари ҳамда кенгроқ маънода Ўзбекистоннинг бизнес муҳити муҳокама қилинади.

Фото: Буюк Британия элчихонаси матбуот хизмати

“Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар бугун ижобий динамикага эришмоқда. Сўнгги йилларда юртимизда Буюк Британия капитали иштирокидаги корхоналар сони 338тага етган. Шундан 215таси қўшма корхоналар ва 123таси тўлиқ Британия капиталига эга. Мамлакатимизда яратилган қулай инвестициявий муҳит туфайли бу компаниялар қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тоғ-кон саноати, фармацевтика, тўқимачилик ва кимё саноати соҳаларида ўз фаолиятини амалга оширмоқда”, - дея таъкидлади Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов.

Буюк Британия элчихонаси матбуот хизмати Ⓣ

Кўпроқ янгиликлар